ҚАЗОИ ҚАДАРГА ИШОНИШ

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратди. Уни эса ўзигагина ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ таоло инсонни турли йўллар  билан синайди:
“Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят) дея марҳамат қилган.
Юқоридаги ояти каримада инсон бошига турли мусибатлар, синов ва жудоликлар тушиши таъкидланмоқда. Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари шундай ҳолатларда буларнинг барчаси Яратганнинг изни билан содир бўлаётгани, бу қазои қадар экани, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Унинг хоҳиши экани, қазои қадарга имон келтириш кераклигини биладилар.
Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишидир».
«Қадар ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».
Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда, тўғри маърифат асосида, Аллоҳ таолонинг камол сифатлари билан сифатлашга асосланган.
Ана ўша сифатларнинг бири, Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳнинг иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир. Қазо ва қадар ақийдаси, Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
— Одамлар орасида бузуқ эътиқод юради. Яъни, Аллоҳ таоло инсоннинг қадарини битиб қўяди-да, сўнг у гуноҳ қилгани учун жазолар эмиш. Қазо ва қадар истилоҳларини қандай тушунишимиз керак деган савол туғилади.
— Аллоҳ таоло азалда ўз илми ва иродаси билан ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб яратган. Яратганнинг илми, муқаддас сифатлари чексиз. Уни инсон тасаввур ҳам этолмайди. Уламоларимиз қазони Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларни келажакда қандай бўлишини азалдан билиши, қадар ўша нарсаларни Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келиши деб таърифлайдилар. Эътиқодимизга кўра, балоғатга етган ҳар бир  мусулмонга Аллоҳ таолонинг бандаларининг ҳамма ишини, маҳлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло бизга яхши ва ёмон амалларни таълим бераркан, бандага уларни ажратиб олиш учун ақл неъматини ҳам берган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалоту ва салламдан сўрашди:
— Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳнинг қадари билан касал бўлдик. Шунга кўникиб юраверишимиз керакми ёки дори билан даволанишимиз лозимми? Бу қадаримизга қарши чиқиш эмасми?
Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Дори билан даволанишингиз ҳам тақдирингиздан, — деб марҳамат қилганлар.
Қазои қадарни баҳона қилиб масъулиятдан қочиш мумкин эмас. Бир ўғри ҳазрати Умарга «қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман, нега энди қўлимни кесасиз» деганида, у киши «Сенинг ўғрилик қилганинг қазои қадар бўлса, менинг бу жиноятинг учун қўлингни кесишим ҳам қазои қадардир» деганлар. Кейин ҳазрати Умар мулозимларга «Аввал уни ўттиз дарра уриб, сўнгра жазосини беринг» дейдилар. «Нима учун?» дейишганда ҳазрати Умар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон нисбат бергани учун дарра урилади ва ўғрилик қилгани учун қўли кесилади».
Тақдир масаласида чуқур кетишликка рухсат берилмаган, чунки инсоннинг ақли чегараланган. Бу масалада ғулувга берилиш, инсоннинг адашувига олиб келади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида қимирлаётган чумолининг ҳаракатинию, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.
Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У Зотнинг камоллик сифатларига нуқсон етган бўлади. Ана ўша илоҳий илм «қазои қадар» деб аталади. Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ, Балки, Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Дуо тақдирни ўзгартиради» деган ҳадис ҳам келган.
Узоқ йиллар фарзанд кўрмаган бир солиҳ оила Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилишларини илтимос қилади. Аллоҳ таоло уларга ўғил ато этади. Лекин Мусо алайҳиссаломга бу фарзанднинг никоҳ кечаси жон таслим этиши аён бўлади ва буни унинг ота-онасига маълум қиладилар. Ўғил вояга етиб, уйланиш ёшидан ўтса ҳамки ота-онаси ҳалиги сир хавотирида уни уйлаш тараддудида бўлмайдилар. Қариндош-уруғлар, атрофдаги кишиларнинг гап-сўзларидан сўнг фарзандни уйлантиришга қарор қилишади. Тўй тараддудлари билан шошиб кетаётган бўлғуси куёв кўчада ўтин кўтариб кетаётган кекса онахонни учратади. Гарчи шошаётган бўлса-да, онахоннинг юкларини кўтариб, аста-секин қадам ташлаб бораётган қариянинг ортидан унинг манзилига юкни элтади. Шунда онахон дуо қилади: «Умринг узоқ бўлсин. Аллоҳ сени ҳар хил бало-қазолардан асрасин!» Тўй кечаси ота-она ухлолмай чиқади. Эртаси куни не кўз билан кўришсинки, фарзандлари омон, хуш кайфиятда юрибди… Бу воқеани Мусо алайҳиссаломга хабар қилишганда: «Бу йигитнинг одоби, тавозуси ҳамда қари онахоннинг дуоси тақдирни ўзгартирибди» деган эканлар.
Демак, Қазо ва қадар ақидаси, тажриба асосида аниқ факт келтиришнинг имкони бўлмаган, шунинг учун фақатгина илоҳий масдарлардан – Қуръони карим ва саҳиҳ суннатдан олинган хабарларга чекланиб қоладиган соф ғайбий-ақидавий билимдир.

Ў.Юсупов
Урганч шахар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *