ИСЛОМДА МУТААССИБЛИК ЙЎҚ

Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни  кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир.Динда ҳаддан ошиш шайтоннинг уловидир:
Шайтони лаин мусулмон бандани йўлдан уриш ва уни залолатга бошлаш учун икки йўлдан фойдаланади ва мусулмон банда ана шу икки йўлдан қайси бирига юрса ҳам шайтон учун фойдалидир: Агар мусулмон банда ғайрат-шижоатли ва олий ҳиммат кишилардан бўлса, шайтон у қилаётган амалларни унга камдек қилиб кўрсатади, дин олиб келган ишлардан кўра кўпроғини қилишни зийнатлаб кўрсатади. Натижада бу иши билан уни динда ҳаддан ошишга ва бидъат ишларга қўл уришга олиб бориб қўяди. Ана шу йўлни баркамолликка етиш учун энг қулай йўлдир, деган васвасага солиб қўяди ва унинг динини бузади. Шунинг учун ҳам динимиз бир қанча оят ва ҳадислар орқали динда ҳаддан ошишдан огоҳлантириб келган. Жумладан:
шариат чегараларини лозим тутишга буюради ва ундан ошиб ўтишдан қайтаради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир”.
шунингдек, динда ҳаддан ошиш ва унда ўзига оғир қилиб олишдан ҳам қайтарган:
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг”.Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, деганлар.
Яна: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”.Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳ ал-Борий” асарида юқоридаги ҳадисни шарҳлай туриб, шундай деган: “Киши диний амаллар борасида ҳаддан ошиб, енгилликни тарк қилар экан, ожизлик қилиб, амал қилишдан тўхтаб қолади учун ҳам дин ундан ғолиб келади”. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а): “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг”, деган.
шунингдек, оят ва ҳадисларда динда ҳаддан ошганларнинг оқибати ҳалокат экани баён қилиб ўтилган:Имом Нававий “Шарҳу Муслим”да: “Динда чуқур кетганлар”– ҳаддан ошганлар, сўзлари ва амаллари билан чегаралардан тажовуз қилганлардир, деган. Шариат белгилаб берган чегаралардан тажовуз қилган ҳар қандай ақида, сўз ёки амал динда ҳаддан ошишлик ҳисобланади. Агар бу ишлар шариат чегаралари доирасида бўладиган бўлса, одамлар шундай деб атасалар-да, динда ҳаддан ошиш деб айтилмайди. Мисол учун, ҳақиқатни маҳкам тутиш, эътиқод ва амал қилишда ҳақ йўлга қайтиш ёки каттаю кичик маъсиятлардан сақланиш каби амаллар динда ҳаддан ошиш дейилмайди.
“Бир киши Пайғамбар (с.а.в)нинг олдиларига келиб, ислом ҳақида сўраганида у зот унга беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, закотни бериш ва ҳаж қилиш ҳақида гапирдилар. Сўрагувчи шахс эса: “Зиммамда шундан бошқаси ҳам борми?”, дея такрорлаб турарди. Расулуллоҳ (с.а.в) унга жавобан: “Йўқ. Аммо нафл қиладиган бўлсанг майли”, дедилар. Бояги киши: “Аллоҳга қасамки, ана шунга қўшимча қилмайман, ундан камайтирмайман ҳам”, деб ортига қайтиб кетди. Шунда Пайғамбар (с.а.в): “Агар рост гапираётган бўлса, нажот топди”, дедилар”.
Бинобарин ўзни ёки ўзгаларни зиммаларига фарз қилинмаган ишларга мажбур қилиш Пайғамбар (с.а.в)нинг суннатларидан эмасдир.
Ибодатларни адо этишда Аллоҳ таоло амр қилмаган ишларни қўшиш ёки уларни бажариш билан ҳаддан ошишлик. Масалан, таҳорат қилишда, намоздаги ҳаракатларни бажаришда, Қуръонни ўқиётиб нутқ қилиш кайфиятида чуқур кетиш кабилар ҳам ҳаддан ошишлик ҳисобланади.
Ҳузайфа ибн ал-Ямони (р.а) шундай дедилар: “Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобалари қилмаган ҳар қандай ибодатни сизлар ҳам қилмангиз”.
Аслида мусулмон киши Аллоҳ ва Расулининг сўзига итоат қилиши, ўз ақли ва ҳавосини унга бўйсундириши лозим. Аллоҳ таоло шундай деган: “Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди”.
Динда ҳаддан ошишнинг сабабларидан бири динни яхши билмасликдир. Шаръий далиллардан узоқлашган ҳолда ёки ижтиҳод қилишга иқтидори етмайдиган кишилар тарафидан ижтиҳод олиб борилишидир.
Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Сен: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг”, деб айт”.
Ҳавои нафсга эргашганларни ҳаддан ошишга тушириб қўядиган ишлардан бири–ўзи улуғлайдиган бирор бир шахсга мутаассиблик қилиш, унга мухолиф бўлган кишини ҳасад ёки зулм юзасидан ёмон кўришдир. ўзини билимдон қилиб кўрсатиш, мағрурланиш, одамлар устидан кеккайиш ва уларни менсимаслик:
Пайғамбар (с.а.в) хаворижлар ҳақида шундай деганлар: “Сизларнинг орангизда ибодатли ва (ибодатда) ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Ҳатто одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар ва улар ўзларига бино қўядилар. Улар диндан ўқнинг камондан чиқишидек тез чиқадилар”.
Мағрурланиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради.
“Мен сизларга шундай нарсани ташлаб кетмоқдаманки, уни маҳкам тутар экансиз, ҳаргиз адашиб кетмайсиз. У нарса– Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидир”, дедилар.
мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмаслик. Аллоҳ таоло шундай деган: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” диний илмларни кенг тарқатиш, динда ҳаддан ошишга олиб борадиган масалаларни ёритиб бериш, уларни далилларга ҳамда уламоларнинг сўзларига асосланган йўллар орқали одамларга осон ва яқин қилиб кўрсатиш лозимки, улардан илмсизлик ва ихтилофлар чикмаслиги керак.
Хорижийлар  ҳақида Али ибн Абу Толиб (р.а)дан сўрадилар: “Эй мўминлар амири, манави кишилар кимлар? Улар кофирларми?”. Али (р.а): “Улар  куфрдан қочганлар”, жавоб бердилар. “Ундай бўлса, улар мунофиқларми?”, деб сўрадилар. Али (р.а) жавоб бердилар: “Ахир, мунофиқлар Аллоҳни кам зикр қиладилар. Мана булар эса Аллоҳни кўп-кўп зикр қиладиларку”. Сўрашди: “Унда ким булар?”. “Улар фитнага учраганлари туфайли  кўзлари кўр ва қулоқлари кар бўлиб қолганлар”, дедилар Али (р.а).Ўзининг лутфу карами билан бизларни нажот топадиганларнинг йўлига бошлашини, ошкора ҳолатда ҳам, махфий ҳолатда ҳам бирдек суннатга эргашишни насиб этишини, бидъат ва хурофот ишлардан бизларни сақлашини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Э.Қутлиев
Хонқа туман “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *