МАЪСИЯТДАН САҚЛАНГАНИНГ ТАВБАДИР

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бир киши сўради: Яхши амали ҳам гуноҳ амали ҳам кўп бўлган яхшими ёки ибодати оз гуноҳи ҳам оз бўлган киши яхшими? Абдуллоҳ ибн Аббос шундай жавоб бердилар: мен саломатликка ҳеч нарсани тенг қилмайман.
Яни: маъсияти ҳам ибодати ҳам кўп бўлгандан кўра ибодати оз бўлса ҳам маъсиядан сақланмоқ яхшидир демоқчилар.
Чунки гуноҳлар инсоннинг ҳаётида, оиласида, ишида, ризқида ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шундай экан гуноҳ ишларни қилиб афсуслангандан кўра маъсиятга яқинлашмаган маъқул.
Тавба сўзи аслида қайтмоқ маъносидадир. Гуноҳ ва маъсият қилишдан Аллоҳ таъолога қайтишни тавба дейилади. Одатда шариъат қайтарган ишни билиб билмай қилиб қўйган ишни гуноҳ дейилса, қилган ишидан пушаймон бўлиб, афсус чекиб шу ишни бошқа қилмасликка ахд қилиб, гуноҳини кечиришини сўраб Аллоҳга ёлвориш тавбадир.
Аллоҳ таъло шундай зотки гуноҳларни кечиргувчи Ғофур ва тавбаларни қабул қилгувчи Таввабдир. Албатта ҳоҳлаган бандасидан кечиради ҳоҳламаса кечмайди.
Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четлаган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишни, сўнг уни жаннатга дохил этишини хабар қилади: “Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангиз, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз” (Нисо сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Модомики, банда катта гуноҳлардан четланар экан, беш вақт намози жумадан кейинги жумагача ва рамазондан кейинги рамазонгача бўлган кичик гуноҳларига каффоратдир” (Муслим ва Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам яна айтдилар: “Ҳалокат қилувчи етти гуноҳдан сақланинглар. Улар: Аллоҳга ширк келтириш; сеҳр-жоду қилиш; Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш; етимнинг молини ейиш; судхўрлик; душмандан қочиш; бузуқ хаёл билан покдомон, мўъмина аёлларга туҳмат қилиш” (Бухорий ва Муслим
Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 286-оятида марҳамат қилади :
«…Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».
Мўъмин банда бор имконини ишга солиб, Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқаради. Аллоҳ таоло фазли карами билан бизнинг охиратимиз обод бўлиши учун нималарни сўрашимизни ҳам Қуръони Каримда таълимини берди. Аллоҳ таолонинг Ўзидан мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни сўрашни билдирди ва Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул ҳам этди.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда :Набий алайҳиссалом:
«Умматимдан уч нарса – хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», – деганлар.
Осийлар икки хил бўлади:
1. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмони ҳисобланади.
2. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатларни ҳам адо этади. Бундай банда маъсиятига яраша жазо олади.
Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. Аллоҳ таоло Ўзига ва Расули (с.а.в.)га осийликнинг азоби оғирлиги ҳақида Қуръони каримда огоҳлантиради (Нисо, 14).
Расулуллоҳ (с.а.в.) маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка уринганларнинг гўзал оқибатга эришиши хабарини берганлар.
Маъсиятлар банда қалбини моғор ва ғафлат босишига, муҳрланишига сабаб бўлади.
Гуноҳлардан сақланиш қалбнинг поклигини сақлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун, гуноҳларни озайтириш керак. Бу иш икки дунё учун ҳам фойдалидир.
Вакийъ ибн Жарроҳ келтирган ривоятда Ойша (р.а.) айтади: “Гуноҳларни озайтиринглар! Албатта, сизлар Аллоҳ таолога гуноҳ озлигидан афзал нарса ила йўлиқа олмайсизлар”.
Билиб олганимиздек маъсиятни қилиб унинг ёмон оқибатларига гирифтор бўлгандан кўра гуноҳдан сақланиб ундан саломат бўлган яхшидир.Доно халқимизда ҳам касал бўлиб уни даволагандан,унинг олдини олган яхшидир деган нақл бор.

Р.Эрназаров
Боғот тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *