ОГОҲЛИК ВА ҲУШЁРЛИК ДАВР ТАЛАБИДИР

Барчамизга маълумки, ҳозирги даврда диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм дунё аҳлининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани кўпчиликка сир эмас. Ёвуз ниятли кимсаларнинг тарафдорларига айланиб қолаётган айрим ёшларимизнинг нафақат ўз юрти балки, дунё тинчлигига ҳам рахна солаётгани бизни ташвишга солади. Бу ёвуз ниятларнинг фаровон ҳаётимизни кўра олмаслик кайфияти, тузумимизга қарши тажовуздан иборат уринишлари барча тараққийпарвар кишиларни ғазаблантирмоқда.
Ҳозирги кунда дунёда содир бўлаётган мудҳиш жараёнлар, хусусан Сурия ва Ироқда бўлаётган қонли урушлар унинг оқибатида минглаб бегуноҳ аҳоли вафот этмоқда, энг ачинарлиси шундаки, улар орасида ёш болалар ҳам бор. Шундай воқеалар бизнинг ҳам юртимизда содир бўлмаслиги учун сиз – у биздан доим огоҳлик ва сергаклик талаб этилади. Бундан ташқари бу борада тарғибот – ташвиқот ишлари муҳим ўрин тутмоқда. Ислом динини инқилоб қилиб, ўзларини мусулмонман дея қўпорувчилик, террорчилик харакатларини олиб бориш жараёнида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.  Бу борадаги курашлар эса турлича:
Психологик кураш. Бунда террорчилар интернетдан аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима келтириб чиқариш, ўз ғояларига эргашмаганларни ёки уларга қарши чиққанларни таъқиб этиш, руҳий таъсир этиш ва ҳаракатсизликка чақириш мақсадида фойдаланадилар. Масалан, террорчилик ташкилотлари расмийлари ўзларига тегишли интернет сайтлари орқали чиқишлари чоғида муайян мамлакат ёки халқаро ташкилотларнинг қарорларини тўхтатишни талаб этадилар. Акс ҳолда, янги террорчилик ҳаракатлари содир этиш билан таҳдид қиладилар.
Тарғибот-ташвиқот. Интернетнинг оммалашуви террорчилар учун ўз фаолиятлари ва ғоявий ташвиқотларини аҳоли орасида кенг тарғиб этишга катта қулайликлар яратади. Телевидение, радио ва босма нашрларда маълумотларни таҳририй саралаш ҳисобига бу каби имкониятлар айтарлик даражада йўқ.
Хайрия жамғариш. Кўплаб террорчилик ташкилотлари ўз фаолиятининг моддий асосини интернет орқали таъминлашга ҳаракат қилади. Бунда веб-саҳифалар, чатлар ва форумларга ушбу ташкилотларга алоқадор банк ҳисоб рақамлари жойлаштирилади ва жиҳодий фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаттиқ тарғиб этилади. Масалан, “Ҳизб ут-таҳрир” экстремистик ташкилоти Европадан то Африкадаги мамлакатларгача “эҳсон” қилиш ниятидаги шахсларга немис тилидаги веб-саҳифа орқали молиявий кўмак беришни сўрайди. Яна бир ҳолат, 2004 йилда АҚШнинг Айдахо штати суди талаба Сами Умар Ҳусайнни интернет орқали террорчилик ташкилотларига моддий кўмак уюштиргани учун жиноий жавобгарликка тортган.
Янги аъзоларни жалб қилиш. Аввал айтиб ўтганимиздек, бугунги кунда террорчилик ташкилотлари янги аъзоларни ўз сафларига жалб этиш мақсадида интернетга алоҳида эътибор қаратмоқда. Овоз, тасвир ва матн уйғунлиги мутаассиблар учун айни муддаодир. Улар бундай имкониятдан ўз “сўзлари”ни кенг жамоатчиликка баралла айтиб қолишда фойдаланади. Янги аъзони жалб қилишда қўлланиладиган услуб бу – экстремистик ташкилотларга тааллуқли веб-саҳифаларга кўп кирадиган интернет фойдаланувчини кузатиш, ўрганиш ва охир-оқибат у билан алоқага киришиш. Шунингдек, мутаассиблар чатлар ва форумларда “ўткир” мунозарали масалаларни он-лайн муҳокама этадилар ва ўзларига ўхшаш фикрлайдиганларни саралаб, улар билан алоқа ўрнатадилар. Қайд этиш керакки, бундай жараёнларнинг қурбонлари кўп ҳолларда ёшлар бўлиб қолмоқда.
Ўзаро алоқани таъминлаш. Экстремистик ташкилотлар интернетдан нафақат ўз сафдошлари, балки бошқа шу каби ташкилотларнинг аъзолари билан ҳам хабарлар алмашиш ва маълумотларни етказишда фаол фойдаланадилар.
Ўқув-малака ошириш. Террорчилар дунёнинг турли нуқталарида таъқиб остига олингани боис, бирор мамлакатда ўз аъзоларига қўпорувчилик, бузғунчилик амалиётларини ошкора ўргатолмайди. Таъқиб тобора кучайиб бораётган бугунги кунда интернет уларга айни қўл келмоқда. Улар глобал тармоқ орқали қўлбола бомбани ясаш, ўзини-ўзи ўлдириш, кўпроқ қурбонлар келтириш услубларини муттасил ўргатиб борадилар. Қўлланмалар видео, аудио ва китоб шаклида интернетга жойлаштирилади. Мисол учун, “Ал-Қоида” ташкилоти ўз сафдошларига мўлжалланган 1000 бетдан ошиқ “Жиҳод энциклопедияси”ни интернет орқали тарқатган.
Бундай мисоллар жамият барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг онги ва тафаккурини ёт таъсирлардан ҳимоялаш учун хавфсиз ахборот тизимлари яратиш зарурати ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Шубҳасиз, биз интернетни демократиянинг энг муҳим тамойили бўлган сўз эркинлигини таъминловчи замонавий восита эканини эътироф этамиз ва унга бирор бир қаршилик кўрсатмаймиз. Айни дамда хушёр бўлмоғимиз керакки, турли баландпарвоз чақириқ ва шиорлар, ўзини яқин ва холис деб кўрсатувчи яширин “дўст”лар ортида пухта ўйланган жирканч манфаатлар ётгани, бундай чорловларга эргашиш оқибатида ўзимизни, оиламизни, ёйинки, бутун мамлакатни оғир аҳволга солиб қўйиш ҳеч гап эмас. XXI асрда асосий кураш инсон қалби ва онгини эгаллашга қаратилганини инобатга олсак, ушбу курашда энг илғор воситалар — интернетдан фойдаланилишининг сабабини янада теранроқ англаб етамиз.

А.Хайтбоев
Янгибозор тумани “ Саид Кўчак бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *