ҲУШЁРЛИК ХАР БИР КИШИГА ЗАРУР

Бугунги кунда ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони карим бундай таълим беради: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир» «Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир».
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Албатта, бу бежиз эмас, зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жиҳати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом  дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай хатти-ҳаракатлар хақ дин-Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Халифалик давлатини тузиш  даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегунох инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига рахна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонларнинг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар.
Ҳозирги кунда баъзи юртдошларимиз хорижга ишлаш мақсадида кетмоқдалар.Бу юртдошларимиз масаланинг фақат моддий тарафини ўйлаяптилар, ваҳоланки маънавий тарафдан кўрган зарарлари жуда бисёрдир.
Яна ҳам ачинарли томони шундаки, бегона мамлакатда ёшларни маънавий таҳдид кутиб турганини билмаяптилар. Бундан ғаразли мақсадда фойдаланиб қолишни кўзлаётган бузғунчи оқимлар, бизнинг ёшларнинг онгини бемани ва пуч ғоялар билан тўлдириб ўз ватанларига хоинлик қилиб, ватандошлари ва бутун халқнинг юзига оёқ қўядиган манқурт қилиб тайёрлаётирлар. Халқимизда “бир марта туз еган жойинга қирқ кун салом бер” деган ажойиб мақол бор. Ахир бу адашиб экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетаётганлар бир умр мана шу юртда униб-ўсиб, беминнат таълим тарбиясидан фойдаланиб катта бўлишмадими? Шу ўринда катта бойлик ҳавасида ўзга юртларга кетаётганларга мурожат қиламизки сиз бораётган ерда сизни оғир меҳнат, жуда катта маънавий таҳдид, вақтни бехудага ўтказиш ва фарзандларингизни айни тарбиялаш вақти келганда бетарбия қолдириш кутиб турганлигини унутманг. Юртдошларимизни бундай бузғунчи оқимларнинг қилмишларидан Аллоҳ ўзи асрасин, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини бардавом қилсин.

У.Мадаминов
Боғот тумани “Назар ота” масжиди имом хатиби
.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *