ТУРЛИ ЙЎЛЛАР БИЛАН ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ

Аллоҳ таъоло инсонни яратиб уни дунёга имтихон учун юборган. Имтихон эса турли синов ва машаққатларсиз бўлмайди.
Динимизда Аллоҳга иймон келтириш билан бирга унинг бизга белгилаб қўйган тақдирига ва яхши ва ёмон ишлар Аллоҳ таъолодан эканига иймон келтиришга ҳам буюрилган.
Мўъминман деган киши Албатта бу нарсаларга ишониб ҳаётдаги қийинчилик, машаққат ва мусибатларга сабр қилиши ва берган неъматларига шукр қилиши лозим.
Лекин кейинги пайтда жамиятимиз кишилари орасида машаққат ва мусибат ёки хар хил муммоларни деб ўз жонига қасд қилаётганлар ҳам бор.
Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади, ушбу ишни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади. Аллоҳ таоло
айтади:
“…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195 оят).
Бу мудҳиш ҳолатлар Аллоҳ таолонинг қазои қадарига туғён қилишдан иборат. Ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ таоло ҳузурида энг оғир гуноҳлардан бўлиб, шу йўл билан ўлганлар, охиратда ҳам оғир азобга қолишади ҳамда хешу-ақраболарини ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишади. Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган. Шулар жумласидан фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқослар билан ўлдирган одамни олиб келинди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Мишқос» – кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса.
Ўзини ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўқри келмайдиган иш.
Ўзини ўзи ўлдириш Аллоҳнинг қазои қадарига норози бўлиш, Аллоҳ берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш, осийлик ва иродасизликдир. Ўзини-ўзи ўлдириш мусулмонларга хос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазо ҳамдир. Охиратда эса, алоҳида жазолар бўлади.
Имом Бухорий Собит ибн аз-Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади», деганлар.
Имом Бухорий Жундаб розияллоҳу анҳудан қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқолоқлик қилди. Мен унга жаннатни ҳаром қилдим», деди», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини ўзи бўққан, дўзахда ҳам бўғиб туради. Ўзига ўзи пичоқ урган, дўзахда ҳам пичоқ ўриб туради», деганлар.
Демак ўзини-ўзи ўлдирган одам дўзахга тушишида шубҳа йўқ.
Одамларга ўрнак бўлиш учун бу дунёда ҳам унга ўзгача муносабатда бўлинади.
Умар ибн Абдул Азиз, Авзоий ва Имом Аҳмаднинг мазҳаблари бўйича ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташинда абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташинда абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар». Тўртовлари ривоят қилдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан на фақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.
Шу сабабдан, инсон ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Чунки, инсон бировга жон ато қила олмаганидек, ўзига ўзи ҳам жон ато қила олмайди. Унга жонни фақат Аллоҳ таологина беради. Шунинг учун ундан жонни фақат Аллоҳ таологина олади. Бу табиий ҳолда ёки Аллоҳнинг шариатида кўрсатилган ҳукмга биноангина бўлиши мумкин.
Мусулмон инсон бошидан ҳар қанча қийинчилик ўтса ҳам, худди бировни ўлдириши мумкин бўлмаганидек, ўзини ўзи ўлдириши ҳам мумкин эмас. Бу ношукурлик ва Аллоҳга нисбатан одобсизлик бўлади. Шунинг учун ҳам бу дунёда ўзини ўзи ўлдирган одам у дунёда алоҳида қаттиқ азобларга дучор бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифда ўша вақтдаги ўзини ўзи ўлдиришнинг уч тури ва уларнинг қиёматдаги азоби васф қилинган.
1. Ўзини ўзи тоғдан ташлаб ўлдириш.Ўзини баланд жойдан ташлаб ўлдириш доимо содир бўлиб келган. Ушбу номаъқул ишни қилган одам, у дунёда қилганига яраша алоҳида азобга дучор қилинар экан. Аввало, ўзини ўзи ўлдиргани учун дўзахга тушар экан. Қолаверса, бу дунёда ўзини тоғдан ташлаб ўлдиргани сабабидан у дунёда, дўзах қаърида ҳам ўзини доимий равишда тоғдан ташлаб қийналиб турар экан. Ҳар сафар ташлаганда қийналиб ўлиш азобини янгитдан чекиб турар экан. Бу ғоятда оғир азобдир.
2. Ўзини заҳар ичиб ўлдириш.
Бу ҳам ўзини ўзи ўлдиришнинг турларидан бири. Бу ишни қилган одам ҳам охиратда жаҳаннамда доимий равишда заҳар ичиб ўлиб, яна қайта тирилиб, яна қайта қийналиб турар экан. Бу ҳам ўзига хос азобдир.
3. Ўзини темир нарса билан ўлдириш.Бунга ўзини ўзи пичоқлаш, бошқа темир асбоблар билан ўлдиришлар киради. Ушбу ишни қилган одам ҳам қиёматда икки хил азоб; дўзах азоби ва дўзахда доимий равишда ўзини ўзи, худди бу дунёдаги каби қайта-қайта ўлдириб туриши билан азобланади.
“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир” (Нисо, 29-30).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзини бўғ(иб ўлдирган)ган дўзахда ҳам бўғади. Ўзига санчган дўзаҳда ҳам санчади”, дедилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўлимни талаб қилмасин! Агар яхши бўлса ўлими орқага сўрилиб яхшилиги зиёда бўлади. Агар ёмон бўлса эҳтимол тавба қилади”, дедилар”.
Аллоҳ Ўзи сақласин.Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аѐл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундайин тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат устувор бир жамиятда яшаѐтгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаѐт неъматини ва умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар қилишга, савобли ишларни бажариш билан ўтказишга, кундалик ҳаѐтий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.
Хуллас мўминга бир мусибат етса сабр қилади бунинг учун савоб олади.Унга бир неъмат етса шукр қилади яна савоб олади ва Аллоҳ таъоло унга неъматини зиёда қилиб беради.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам мўмин учун яхшилик бор.бундан ибрат олиб ақил ва иймон ила иш тутиш ўз қолимиздадир.

Қ.Искандаров
Боғот тумани «Абдол бобо» масжиди имом хатиби.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *