ДУНЁДА БИЛИМДАН КУЧЛИ НАРСА ЙЎҚ

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди.
Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: “… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11). Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган.
Имом Бухорий ва Муслимларнинг “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён (р.а.)дан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, — деганларини эшитдим”.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.з.) шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.
Пайғамбар (а.с.) илм ҳақида яна бундай деб, мажозий ўхшатма ясаганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, — деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, бу диёр аҳолиси илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган.
Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашиб-сийқаланса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Бунга тарихда мисол кўп. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка ва маҳдудликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой бўлади.
Милодий 9-12 асрларда мусулмон ўлкалардан Имом Бухорий, Ғаззолий, Мотуридий, Форобий, Ибн Сино, Термизий, Беруний, Ибн Рушд каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Худди шу даврда Хоразмда дунёга машҳур «Маъмун академияси», Бухоро мадрасаси, Бағдодда «Низомийя», Қоҳирада «Ал-Азҳар» каби ўнлаб илм даргоҳлари ишлаб турган. Ўрта асрларда Ислом етиб бормаган ўлкаларда саноқли бир неча олим бўлгани ҳолда 16-17 асрлардагина мусулмон оламида илмнинг турли соҳаларида 86 минг йирик уламо фаолият кўрсатган.
«Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий
Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча чорлов бор, шароит бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар очиб қўйилган. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўндан зиёд олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этилиб турибди. Жаҳондаги жамики илмларни жамлаган бепоён Интернет тизимига кириш имкони бор.
Биз дунёга донғи кетган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом илми пешқадамларининг ворисларимиз. Мана, Ислом олимларининг жаҳон илм-фани ва ҳазорасига қўшган улуғ ҳиссаларидан бир шингили:
Машҳур ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр ал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи ХII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган.
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёки 17 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу эса улар тарбияси билан шуғулланувчи ота-она, устоз-мураббийлар, диний cоҳа ходимлари, қолаверса, кенг жамоатчилик зиммасига катта масъулият юклайди. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак бўлади. Бир сўз билан айтганда ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилиш ишидан ҳеч ким четда турмаслиги керак.
Бугунги кунда ёшларни дунёвий илмлар эгаси ва касб-ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалардандир. Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бор, уларни пухта билиш шу даврда яшаб турган ёшларнинг бурчидир. Ҳазрати Али (р.а.) таълим берганларки: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, — деганлар.
Баъзи хонадонларда болаларни ўқитиш, уларни илму ҳунар ўрганишга чақиришда эътиборсизлик қилиняпти. Баъзиларнинг фарзандлари эртадан-кечгача бозорда изғийди, ёки умрини компютер ўйинлари ўйнаб совуради. Болаларни бозор-ўчарга, савдо-сотиққа ўргатиш керакдир, балки. Аммо бу болаларимизни илм олишдан, маънавий камолга етишдан, жисмоний чиниқишдан узиб қўймаслиги керак. Бунинг ўрнига улар фойдали илм ўрганишса, бирор ҳунарнинг бошини тутишса, ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, қолаверса, бутун жамиятга ҳам фойда бўлади.
Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганган, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган. Биз ҳам фарзандларимиз, аржумандларимизни илмга муҳаббатли, замонасининг тенгсиз, беназр инсонлари этиб тарбиялашимиз керак.
Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».
Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш, эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз сабот билан давом эттиришяпти. Биз бу ҳаракатни навқирон ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган олимларимиз тимсолида ҳам кўришимиз мумкин.
Оилаларни мустаҳкам бўлиши, фарзандлар камоли ва саодати илмга, маърифатга чамбарчас боғлиқ эканлигини асло унитмаслигимиз керак.

Ш.Болтаев
Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *