ҚИШЛОҚ ОБОДЛИГИ ВАТАНИМИЗ ФАРОВОНЛИГИ

Мамлакатимиз аҳолининг қарийб ярми (49 фоизи) қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бугунги олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мақсади ҳам ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг турмуш тарзини юксалтириш ва барчага бирдек яхши шароит яратишга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги Фармони ва унда белгиланган вазифалар айни шу мақсадларни ўзида мужассам этган.
Ободлик кўнгилдан бошланади. Шу боис ҳам халқимиз азал-азалдан ўзи яшаб турган ерини обод қилишга, сарамжон-саришта қилишга уринади. Ана шундай хайрли ва савобли ишлар вилоятимизда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳаллада теплицалар ташкил қилиш, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимиз раҳбарининг ташаббуси билан Боғот тумани, Урганч туманида истиқомат қилиб келаётган қишлоқ аҳолиси томонидан йўлга қўйилган ишларни, бошқа туманларга ибрат тариқасида кўрсатилгани кўпчиликни ғафлат уйқусидан уйғонишга ундади. Ҳақиқатан, ҳали орамизда «Ишсизман, иш топилса ишлар эдим» деб, томорқасини бўш қўйиб ўз еридан унумли фойдаланмай иқтисодий аҳволини ўнглай олмаётган одамлар талайгина. Бу ҳолат нафақат давр талабига, балки динимизга ҳам тўғри келмайди.
Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.
Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситасидир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.
Аллома Мовардий р.а. айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.
Чунки деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:
“Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон, 6 оят).
Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.
Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.
Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.
Ҳар бир уммат қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан умид қилади. Уммат борки, бу унинг орзусидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан қиёмат кунида умматларини шафоат қилишликни сўраганлар ва Аллоҳ таоло у зотга шафоат изнини қиёматда беради. Кимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат қилсалар, у албатта жаннатга киради.
Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тарафидан изн берилган шафоатнинг адади ер юзидаги дарахтлар ададича экан, умматман деган кимса, албатта, бирор кўчат, дарахт экмаслиги мумкин эмас.
Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг”, дедилар. Шунда отам: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди”, дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.
Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.

Х.Адамбоев
Янгибозор тумани бош имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *