Бузғунчи кучлардан огоҳ бўлайлик

Ҳар бир даврда адашган, бузғунчи тоифалар чиқиб туриши тарихдан маълум. Уларнинг умумий белгилари ва ўзаро ўхшашликлари бор. Тарихий манбаларда бундай адашган тоифалар кўп учрайди. Уларнинг касофатидан Ислом оламида ҳам зиддиятлар пайдо бўлган. Бундай инсонлар кўринишидан адолат ҳақида куюнчаклик қиладилар, Ислом ҳимоясига, мусулмонларга меҳрибон бўлишга чақиради, аммо ўзлари тоифаси билан зулмкор ва фисқу–фасод ишларни қилишади.
“Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун
(Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордур” (Раъд сураси 25-оят)
Дин душманларининг Ислом равнақи ва юрт ободлигини ғаразли талқин этиб, ўзларининг ботил ақидаларини, пуч ғояларини турли сайтлар орқали жозибали қилиб кўрсатиш бўлаётганини чуқур англаш керак. Бу ишлари билан инсонларни гумроҳ қилиш пайида бўладилар. Улар ўзлари танлаган залолат йўллари ва мақсадлари, нимаси билан эътиқод учун хавфли эканини ёки бугунги тинчликка раҳна солишини инсонлар билиб олиши даркор. Инсонлар орасида қасддан зиддият ва низо чиқишига сабабчи бўлиш одам ўлдиришдан–да ёмон, катта гуноҳ эканини англаш лозим.
Бу ҳақда Қуръони каримда:
“Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир” (Бақара сураси 191–оят)
Аллоҳ ўз ваҳийсини инсон қалбига маънавий озуқа ўлароқ этгани каби, танаси учун ҳам фароғат манбаи қилди. Башарий тафаккур ва онг инсонларни мудом Аллоҳ оятларига имон келтиришга ва Унинг буйруқларини бажаришга ундайди. Зеро, бандалар учун шу ҳаётда ҳам, ўлимдан кейин ҳам бахт ва саодатнинг кафолати фақат шундадир.
Худди шунингдек, бугунги кунда ҳам мусулмон киши ўзига фарз этилмаган нарсалар кетидан югуриб, дунё ҳаётидаги барча лаззат ва яхшиликлардан ўзини маҳрум қилиши яхши эмас. Афсуски, ҳозирда баъзи биродарлар на ўзларининг, на яқинларининг бахту саодати ҳақида ўйламай қўйганлар. Холбуки, уларнинг ўзлари ҳам, ағли-оилалари, фарзандлари ва ота-оналари ҳам, авваламбор Одам фарзанди эканлари боис, қолаверса, мусулмонликлари эътибори билан бахтли ва хотиржам ҳаёт кечиришга ҳақлилар. Балки ишонч ва ғурур билан айтиш мумкунки, Аллоҳ уларнинг барчаларини бахтли ҳаёт кечиришлари учун яратган, дунёга келтирган. Демак, бугунги кунда ҳар хил тартибсизликлар, қўпорувчиликлар ва тўс–тўполонларни келтириб чиқариш учун урушаётганларнинг йўллари нотўғри, даъволари пуч экан. Бундай ҳолатларнинг ортида фақатгина ўз ғаразли қора мақсадларини кўзлаган кимсалар турибди. Расулуллоҳ
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар:
“Илми бўлмай туриб одамларни залолатга бошлаган одам Қиёмат куни энг қаттиқ жазога йўлиқади” (Имом Аҳмад ва Табароний)
Бу бузғунчи кучлар ўзларининг, нафақат ўзларининг балки, ўзлари ортида турган энг яқин ва азиз инсонларни ҳам дарбадарликка, сарсон–саргардонликка маҳкум этмоқдалар. Шоирнинг улар ҳақидаги сўзлари ростдур:
Нажот истарсан, аммо
Нажот йўли эмас бу.
Суза олгаймисан айт,
Кема билан саҳрода?
Шоядки, бу айтганларимизда ҳар бир инсоф эгаси учун уни қониқтирадиган ва ҳар бир ноинсоф учун уни хатосидан тиядиган нарса топилур. Аллоҳдан ёрдам сўраб қоламиз.

Гурлан тумани “Ҳидоят”
масжиди имом-хатиби
Ф.Сийтимметов

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *