Фарзанд Аллоҳ таолонинг буюк инъоми, улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнатидир. Фарзанд одобли, тарбияли, солиҳ бўлса, ота-онанинг кўз қувончи, дил сурурига айланади. Агар у тарбиясиз, бадхулқ ва эътиқодсиз бўлса, жамиятнинг шўри, ота-онасига лаънат келтирувчи бўлади, шу сабаб динимизда фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратишга тарғиб қилинади. Кечга суриш фалокат бўладиган нарсалардан бириси бу фарзанд тарбиясидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…”. Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етишлари, бунга шукурлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари зарур. Токи ўша фарзанд охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларни чин иҳлос ва садоқат билан адо этадиган фаол инсон бўлиб камолга етсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам мўмин-мусулмонлар бола тарбиясига жиддий эътибор қаратишлари лозимлиги ҳақида сўз юритилган. У зот (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. “Ота болага гўзал одобдан ҳам кўра каттароқ мерос қолдиролмайди”. “Фарзандларингизга одоб берингизлар ва уларнинг одобларини чиройли қилингизлар”.дейилган.
Донишмандлар болани ёш ниҳолга қиёслашади. Ниҳол эгри ўса бошласа, дарахтга айланганида уни тўғирлаш ниҳоятда қийин бўлади. Худди шу каби болага ҳам ёшлигидан тўғри тарбия берилмаса, улғайгач уни тўғри йўлга солиш амри маҳол ишга айланади. Унга яхши тарбия бериш дегани айтганини ўша заҳоти муҳайё қилиш ёки яхши едириб, яхши кийинтиришдангина иборат эмас. Энг аввало, боланинг халқумини пок тутиш, яъни унга бериладиган озуқанинг ҳалол бўлишига эришиш лозим. Агар озуқа пок, ҳалолдан топилмаган бўлса, бундай боладан яхши одам етишиб чиқиши гумон иш. Фарзандларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Инсонга болаликдан сингдирилган одоб-аҳлоқлар ёш дарахт танасига ўйиб ёзилган ҳарфларга ўхшайдики, улар дарахт билан бирга ўсади, вояга етади, дарахтнинг таркибий қисмига айланиб қолади. Аллоҳ таоло инсонни барча махлуқотлари ичида энг улуғи, мукаррами қилди ва инсонга коинот ичидаги барча маҳлуқотларини бўйсундириб, уни азиз қилиб яратди. Инсоннинг азиз ва мукаррамлиги унинг ахлоқи ва тарбияси биландир. Шунинг учун халқимизда “Фарзанд азиз–одоби ундан азиз” мақоли мавжуд. Чунки, инсонни улуғлайдиган, уни умри давомида порлоқ келажак сари одимлаб камол топишида одоб-ахлоқ энг муҳим воситадир.
Ота-она ҳеч қачон унутмасинки, унга берилган фарзанд доим болаликда қолмайди. Шунинг учун фурсатни ғанимат билиб бугуннинг боласи эртанинг улуғ инсони бўлишини ҳаракатини қилмоқ керак.
Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси Ислом динида, сабр-тоқат, молу давлат ва узлуксизлик жараёни билан вақт талаб этиладиган жуда масъулиятли вазифа ҳамда узоқ вақт давом этувчи ибодат деб қаралади. Мана шу воситалар орқали унинг руҳи камол топиб ақли ва жасади қувватли бўлади. Бола тарбияси ота-она ва муҳитдан соғлом фикр, соғлом эътиқод, илм-маърифат ва амал ҳамда намунани талаб этади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарбияда ота-онанинг аҳамиятини ва масъулиятини таъкидлаб: “Ҳар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради ёки мажусий қилиб қўяди”[4] – деганлар. Ушбу ҳадисдан Ислом фитратида қалби покиза бўлиб дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли турли нотўғри йўлга кириб кетиши мумкинлигини анлашилади. Демак, ёшлардаги ёмон аҳлоқ ва уларни нохуш оқибатлари учун аввало ота-она ва қолаверса барчамиз масъулдирмиз. Аллоҳ таоло ота-оналарга шундай хитоб қилади:
“Эй, иймон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўззахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиқ қўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (турурлар)”[5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп бора ушбу оятдаги амрни таъкидлаб, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор бериш лозимлигини уқтирганлар. Жумладан:
“Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобини чиройли қилинг”.
“Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг”. “Фарзандларингизни (Аллоҳ томонидан бўлган) амрларга бўйсунишга ва қайтариқлардан сақланишга буюринглар. Чунки мана шу нарса уларни дўззахдан сақловчидир”. Ўтган асрнинг бошида яшаган маърифатпарвар адибимиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот масаласидир” деган фикрларини ҳозирги кунда ҳам нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўришимиз мумкин.
Хазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин”
масжиди имом—хатиби М.Мадиримов