ЯХШИЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Инсонга манфаат етказиш фазилатли амаллардан эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳи салом ҳадисларида шундай баён қилинади:Набий алайҳиссаломга “Қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши дўст бўлади ҳамда дўст тутилади. Ўзи (биров билан) дўст бўлмайдиган ва (биров томонидан) дўст қилинмайдиган инсонда яхшилик йўқдир. Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби, энг яхшиси эса одамларга энг кўп манфаат етказадиганидир”, дедилар[1].

Яхшиликдан бирорта нарсани арзимас санамаслик керак. Ҳатто, бировга табассум билан боқишни ҳам оддий иш деб ўйламаслигимиз керак. Зеро, бир биродарингизга табассум билан қарашингиз ҳам садақа ва савобли амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бизларга ўгит бериб айтадилар: “Яшиликдан бўлган бирор ишни ҳақир санамагин, агарчи, ўша иш ўз биродарингни очиқ юз билан қаршилашдан иборат бўлса ҳам” (Имом Муслим ривояти). Яна бир хадиси шарифда: «Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга: «Бирор яхшилик амали қилганмисан?» дедилар. «Йўқ», деди у. «Эсла», дедилар. «Одамларга қарз берар эдим. Йигитларимга камбағалга муҳлат беришни, бойдан осонлаштиришни амр қилар эдим», деди. Аллоҳ таоло: «Унинг ҳам (ишини) осонлаштириб юборинглар», деди.

Бошқа ривоятда: «Магар, мен молдор одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас, Аллоҳ таоло: «Бандамни кечиб юборинглар», деди» дейилган[2]».

Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик яхши ва савобли иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади. Охиратда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳақни талаб қилишда, ноилож ҳолда қолган одамни кечиб юбориш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.

Бой-бадавлат одамнинг имкони яхши бўлади. Қарздор эса, доимо ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан. Бойлар бу ҳолни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар ҳам кечиктирмай, яхшилик билан ўз қарзларини адо этишлари кераклиги ўз жойида зикр этилган.

Хўжаназар Ҳувайдо яхшилик хакида шундай деган эди:

Яхшини оёғини остида ўлсанг ор эмас,

Тўтиёу тожисар қилсин ёмон даркор эмас.

Ўлгунча яхши билан ўлтиргину бўл ҳамнафас,

Яхшидан, эй дўстлар, ҳаргиз кўнгил озор эмас.

Яхши бўлмайдир, ёмон ҳар чанд насиҳат айласанг,

Яхшига панду насиҳат айламак даркор эмас.

Ҳазрат Алишер Навоий эса яхшиликка чакириб шундай деган:

«Қил яхшилиг-у, демакни дохил қилма,

Миннат била яхшилиғни ботил қилма«.

 Яъни, қилган яхшилигингни гапириб юрма, миннат қилиш билан у яхшиликни йўқ қилиб юборма, дейди. Агар ҳеч нарса беролмаса, уларни хафа қилмасдан, чиройли муомалада бўлиши керак, бу Парвардигорнинг амри: “Агар уларга Парвардигорингдан марҳамат хоҳлаб, ҳеч нарса беролмайдиган бўлсанг, уларга (қўполлик қилмасдан) мулойим гапир[3]”.

Бир аъробий Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в) унга: “Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани шерик келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан”, дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбар (а.с) айтдилар: “Атрофидагиларга раҳмли бўлганга Роҳман раҳм қилади. Сизлар ердагиларга раҳм кўрсатинглар ва осмондагилар сизларга раҳм кўрсатади. Раҳм Роҳманнинг исмидан олинган. Ким уни боғласа, Аллоҳ ҳам уни боғлайди. Ким уни кесса, Аллоҳ ҳам уни кесади”. Мўмин киши ҳеч қачон “қариндошларни ҳадеб кўришга бораверсам ёки уларга доим хайру эҳсон қилсам, камбағал бўлиб қоламан” деб хавотирланмасин. Чунки, Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Кимки ризқи кенг ва фаровон бўлишини ва ҳаёти узун бўлишини истаса, қариндошларига силаи раҳм қилсин”.

Парвардигори олам бизларга Қуръони каримда Луқмони Ҳакимнинг ўғлига тарбия бериб айтган насиҳатини келтириб,  шундай марҳамат қилади:

Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта бу ишлар азму қарор билан адо этиладиган ишлардандир. Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир[4].

Албатта, ушбу оятда келган насиҳатлар ҳар бир ўсиб келаётган ёшлар учун дастуруламал бўлмоғи лозим. Ана шунда биз илоҳий ҳикматни англаб етган бўламиз. Чунки, Жарир ибн Абдуллоҳдан р.а. ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ  (с.а.в): «Кимки мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди», деганлар.  (Имом Муслим ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Ислом шариатининг гўзаллигини кўринг! Бу ҳадисда у қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани аниқ баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб асосан банданинг ихлосига қараб бўлар экан! Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса савоб берилса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлар экан! Чунки яхшиликни қасд қилишнинг ўзи яхши нарса. Яхшиликни қасд қилган банда тезда уни қилиши ҳам аниқ. Шунинг учун унга тарғиб бўлсин деб, доимо яхшилик ниятида юриши учун қилган ниятига ҳам, гарчи у амалга ошмаса-да, бир яхшилик савоби ёзилади.

Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб ўн биттадан бошлаб, етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан.

Банда ичини пок қилиши, қалбини мусаффо тутиши ва бунинг самараси ўлароқ пайдо бўлган ихлоси туфайли бировлар бир ишни қилиб олган савобдан, худди ўша ишни қилиб туриб сонсиз-саноқсиз марта кўп савоб олиши мумкин.

Қайси бир дин, тузум бировга фақат яхшиликни ният қилгани учун, унга амал қилмаса ҳам, мукофот беради? Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум бир яхшиликка етти юз ва ундан кўп баробар мукофот беради? Бу ишларнинг ҳаммасида инсондан ортиқча ҳаракат ёхуд азият талаб қилинмайди. Фақат бир нарса – ўша ихлос талаб қилинади.

Ихлос эса қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, худди Аллоҳни кўриб тургандек У зотга суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади. Ислом – ана шундоқ яхшилик тарафдори бўлган дин.

Ислом бизга берган имтиёзлардан фойдаланиб, ўзимиз учун кўпроқ ажр-савоб жамлашга уриняпмизми? Қиладиган яхши амалимизни чин ихлос билан, фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилаяпмизми? Бандалик билан адашиб қилган ёмон ниятларимиздан Аллоҳ таолодан қўрқиб қайтмоқдамизми?

Фақат яхшиликни қасд қилишга ўтайлик. Қасд қилган яхшиликларимизни чин ихлос билан амалга оширишга ўтайлик. Адашиб баъзи бир ёмонликни қасд қиладиган бўлсак, дарҳол ундан қайтайлик. Ана шунда чин мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

Х.Абдуллаев

УМИ Хоразм вилояти вакили

[1] (ҳадисни Табароний “ал-муъжам ал-авсат”да Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган).

[2] Имом Бухорий, Муслим  ва Термизий ривоят қилишган.

[3] (исро сураси, 28-оят)

[4] (Луқмон сураси, 17-18 оятлар)

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *