Бузуқлик ўчоғи

Ҳар қандай жамият, дин, замон ҳамда макон бегона эркак ва аёлнинг ўзаро, кишилардан пинҳона-хуфёна алоқаларига қаттиқ қаршилик қилади ва бундай жирканч муносабатни аёвсиз қоралайди. Бундай нопоклик жамики динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуссизлик, уят, ифлослик ва разолат ҳисобланган. Чунки инсоннинг соф қалби ўз-ўзидан бу қабиҳ ишни табиатан қоралайди, ёқтирмайди.
Инсоният зинони разолатнинг каттаси деб ҳисоблайди. Бу фикрга инсонийлик доирасидан чиққан, ҳавои нафсини ақлидан устун қўядиганларгина қарши чиқади. Жумладан зинокорларнинг қилмишларини оқлайдиганлар ва ундайларнинг ҳавойи-ҳайвоний ҳирсга асирлигини тирикчиликка йўйиб оқлайдиганлар ҳам одамийлик фазилатларидан айро кимсалардир! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, мўминлар ичида фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунё-ю охиратда аламли азоблар бордир…” (“Нур” сураси 19- оят)
Зино нафақат баракани кўтариб, кишини инсоний фазилатлардан узоқлаштиради, балки бу тахлит разилликлар туфайли кишининг саломатлигига ҳам путур етиши бор гап. “Қайси бир жамиятда зино тарқалса, ўша жамиятни Аллоҳ таоло ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади”, деб марҳамат қилганлар Пайғамбар (сав) ҳадисларида. Фахш ишларни қилиб юрадиган кимсалар турли хил юқумли, лаънатланган хасталикларга дучор бўладилар. Аксарият бузуқлик ортидан юқадиган хасталикларнинг даъвоси йўқ. Катталаримизнинг “ота-боболаримиз номини эшитмаган касалликлар чиқиб кетибди. Ҳозир одамлар оғриётган касалликларнинг номига тил келишмайди” деган гапларига баъзан эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Булар мана шу гуноҳ ишларнинг тарқалишидан, одамлар шу нарсаларга мойил бўлиб колганлигининг оқибатидан эмасмикан?.. Зино билан топилаган пул энг ёмон бойликдир. Кечани ярмида осмон эшиклари очилиб дуо қилувчининг дуоси қабул бўладиган вақт бор, лекин зинокорнинг дуоси мана шу вақтда ҳам ижобатдан маҳрумдир. Баъзилар камбағаллигини, муҳтожлигини сабаб қилиб, зинокорлигига узр баён қилади. Ҳеч қандай муҳтожлик ёки камбағаллик Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишга шаръий узр бўла олмайди
Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймиз: “Эй Роббимиз! Бизларни Ўз раҳматинг ва лутфинг ила фоҳишалик ва зинокорликдан сақлагин. Қалбларимизни ва аъзоларимизни поклагин, ҳамда биз билан ҳаромнинг ўртасида ўтиб бўлмайдиган тўсиқ барпо қилгин”.

Янгиариқ туман бош имом-хатиби
Р.Отажонов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *