Аждодлар хотираси қалбимизда

Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимиз савобидан ўтганлар руҳига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканини таълим беради. Зеро, дунёдан кўз юмган мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳаққига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир. Қуръони Каримда: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”(Ҳашр, 10), деб марҳамат қилинади.
Ушбу оят оламдан ўтган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканига далолатдир. Инсон бу дунёда яшар экан, ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Яхши номга эса албатта савобли ишларга қўл урмоқлик билан эришилади. Ана шундай эзгу ишларнинг ажралмас қисми ўтганларни яхши амаллар билан хотирламоқдир. Бу халқимизнинг азалий одатидир. Қабристонлар гул-майсаларга, яшилликка бурканса, ҳар бир қабр усти тозаланиб, саришта этиб қўйилса, марҳумлар руҳи шод бўлади. Шу боис марҳумларнинг руҳи-поки қўним топган масканлар — қабристонларни обод қилиш, қабрларни зиёрат этиш одобига тўла амал қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло инсонни бу дунёнинг азизу мукаррам хилқати, ҳаёт гултожи, жонзотлар ичида сарвари этиб яратган. Одамзот шундай мўътабар шарафга муяссарлиги учун ҳам ҳамиша эъзозу эҳтиром этиб келинган. Бу эъзоз ва ҳурмат у вафот этгач ҳам давом этади. Инсонни ҳамма вақт тириклигида ҳам, вафотидан кейин ҳам эъзоз этиш ибратли фазилатдир. Марҳумларнинг қабрларини зиёрат этиб, уларнинг руҳларини шод этиш учун Қуръон карим оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлаб туриш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Зотан дини ислом қуввати, миллат шаъни, Ватан озодлиги йўлида курашган инсонлар ҳар қанча таҳсину эъзозга муносиб. Аввалам бор ёшларимизни огоҳликка, ота-боболаримиз анъаналарига содиқ бўлишга, бебаҳо неъмат саналган тинчликни, мустақилликни кўз қорачиғидек асрамоқликка, ўтганларимизнинг руҳониятларини шод қилишимиз учун биринчи ўринда юриш-туришимизни тўғрилашимиз, яъни Ислом дини таълимотига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз зарур. Шу билан бирга, хотира тушунчасини келажак авлодга ҳам англатишимиз керак. Ҳар бир инсон эртами-кечми бу дунёни ташлаб кетади. Оқибатда ортида қолганлар уни хотирлаб, савоб бахш этишларига умид боғлаб туради. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:
“Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмонсифатларини айтишдан сақланинглар” (ИмомТермизийривояти).
Халқимизда «Юртнинг ободлигини кўрмоқчи бўлсанг, бозорини, халқининг маънавиятини, диёнатини ҳақида билмоқчи бўлсанг, мозорини кўр” деган гап бор.
Аждодлари хотирасини ардоқлаб, уларнинг хоки қўйилган тупроқни азиз билган ва обод сақлаган эл — маънавияти юксак элдир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз мозорларни ораста сақлашни ўтганларга ҳурмат ва виждон бурчи деб ҳисоблашган. Нафақат ўз яқинлари қўйилган қабристонларга, балки бошқа қабристонларга ҳам алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратишган.
Амур Темур ҳақидаги А.Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат»ида айтилишича, Соҳибқирон бирон-бир юртга юриш қилишдан аввал ўша манзилдаги қабристонлар, шайху авлиёларнинг мозорларини аниқлаб, лашкарга бу жойларни оёқ ости қилдирмаган. Фатҳ қилинган юртларда азиз-авлиёларга ҳурмати ва эътиқоди рамзи сифатида уларнинг қабрларига қайтадан муҳташам мақбаралар қурдириб, вақфлар ажратган.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан, қолаверса, бу бугун том маънода миллий қадриятга айланди.
Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.

Боғот тумани “Исмоил шайх бобо” масжиди имом-хатиби
К.Илясов.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *