ЖИНОЯТЛАРНИНГ АСОСИ

Мўмин-мусулмонлар ўзаро ёру биродар бўлиб, ўзаро бир-бирларини тўғри йўлга чақириб, ёмонликдан қайтариб турадилар. Агар ҳамма “Ўзим чиққан тепа омон бўлсин”, деб ҳаракат қилса, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш бўлмаса, жамиятда фисқу-фасод кўпаяди ва тобора зарари катталашиб боради. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз:
яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборади, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам дуоингиз қабул бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
Шу ҳадисдан келиб чиқиб, барчамиз жамиятдаги ёмон иллатларни йўқотишга имкон қадар ҳиссамизни қўшишимиз керак. Буни маълум бир идораларнинг иши деб ўйламаслик керак. Шунинг учун жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган иллатлар, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган ён-атрофимиздаги кишиларни тўғри йўлга қайтариш ниҳоятда зарур. Фақат ўзимизни ўйлаб, уларни унутишимиз инсофдан эмас.
Динимизнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш ақлли, балоғатга етган кишиларга вожиб бўлади. Инсон ўз ихтиёри билан ақл-ҳушни кетказадиган, маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилиши мумкин эмас. Мастликни замонамиз олимлари “ихтиёрий жиннилик”, деб аташади.
Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликларни қатъий ҳаром қилди:
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).
Гиёҳвандлик моддалари ҳам маст қилувчи хусусиятга эга. Шундай экан, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳвандликка ҳам тегишлидир.
Бу иллатлар оиладаги тинч тотувлик, ўзаро меҳр оқибат, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатга путур етказади, оиланинг иқтисодини издан чиқаради, оила аъзоларини руҳий тушкунликка солади. Шунинг учун уни Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу: “Ёмонликларнинг онаси”, деб атаганлар. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар эса, соғлом турмуш тарзидан узоқлашади, обрўси тўкилиб, нафс бандасига айланади. Динимизда бундай моддаларни истеъмол қилиш катта гуноҳ саналади.
Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. оилаларда нотинчлик ва паркандаликлар юзага келмоқда. биз ўз уйимизда, маҳалламизда бир-бирларимизни яхшиликка даъват этиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади. Ахир, бир инсонни Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилаётганини, жаҳолатга қараб бораётганини билатуриб, уни бундан қайтармаслик мўмин инсонга ярашмайдиган ишдир.
Қуйида ичкиликбозлик ва гиёҳванд моддаларини истемол қилиш оқибатида келиб чиқадиган энг оғир жиноятларни санаб ўтамиз.
Қотиллик.
Маст киши руҳиятида рўй берган салбий ўзгаришлар натижасида ўзини бошқаролмай қолади ва ҳатто ўзгаларнинг жонига қасд қилади.
Бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг яшаш ҳуқуқига тажовуздир. Кўп қотилликлар мастлик пайтида рўй беради.
Зино.
Маст бўлиш одамдаги ҳаё сифатини йўқотади. Натижада ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайди. Ичимлик ва зино одатда доим ёнма-ён туради.
Ўғирлик.
Ўғирлик ҳам динимизда қораланган катта гуноҳлардан биридир. Маст одамда тақво сифати қолмайди. Бундай пайтда у ҳар қандай гуноҳга қўл уриши мумкин. Айниқса наркотик моддалар истеъмол қилувчи кишилар хумори тутганда ҳеч тап тортмасдан ўғирликка қўл уради.
Ўзаро душманчилик ва адоват.
Динимиз дўст, оға ини бўлиб яшашни, ўзаро иноқ бўлишни буюради. Мастлик пайтидаги ҳар хил ножўя гаплар, силаи-раҳм ва дўстликка путур етказадиган иборалар яқин кишилар ўртасига совуқчилик тушуради.
Ёлғон ва туҳмат.
Маст одам тап тортмай ёлғон гапириши ва туҳмат қилиши мумкин. Шунинг учун ўтган замонларда ичган одамга туҳматчининг жазоси берилган.
Оилаларни бузиш.
Кейинги пайтларда кўп кузатилаётган нохуш воқеалардан бири ичиб олиб талоқ қўйиш, рисоладагидек оилани барбод қилишдир. Оилавий можароларнинг аксариятига маст қилувчи ичимликлар ичиш сабаб бўлмоқда. Оқибатда болалар тирик етим бўлиб, ё отасиз, ё онасиз яшашга мажбур бўлмоқда.
7. Ногирон болаларни туғилиши.

Оилада ота-она ёки улардан бири маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келиши кўпаймоқда. Натижада, ичувчи ота ёки онанинг нотўғри иши сабабли фарзанд бир умр ногиронлик дардига мубтало бўлмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан узоқ қилсин, ҳалоли билан сероб қилсин, жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган ичкиликва гиёҳвандлик балосига мубтало бўлган азизларимизни бу офатдан тезда қутилишни насиб айласин!

Шовот туман бош имом-хатиби
Х.Аҳмедов

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *