Ахборот хуружи – парчалаш қуроли

Сўнгги вақтларда Ахборот хуружи ёки уруши атамалари жуда кўп айтилаётган ва дуч келинаётган атама ҳисобланади. Ахборот хуружи – рақиб саналган мамлакат раҳбариятига, унинг жамоат ёки диний ташкилотларига ва улар қабул қиладиган қарорларга таъсир кўрсатиш, ижтимоий фикр ва жамоатчилик онгини ўзига керакли йўналишда шакллантиришга уринишдир. Бунинг учун энг асосий воситалар – китоблар, кинофильмлар, телевидение, интернет, ОАВ нашрлари ҳисобланади. Ахборот хуружининг муҳим жиҳати – рақиб томоннинг ёлғон мақсадлар сари йўналишга мажбур қилувчи хатти-ҳаракатлар ва ваҳима уйғотувчи услублар қўлланилади. Ахборот таъсири – фактларни бузиб кўрсатиш ёки рақибнинг нормал идрок қилиш қобилиятини сўндириш, унинг фикрини эмоциялар, кучли ҳиссиётлар таъсирида ушлаб туриш, яъни «жаҳл чиқса, ақл кетади»ган ҳолатга олиб келиш. Бунинг мисолини “Араб бахори” операциясида ёққол кўришимиз мумкин. Чунки мазкур операция интернет ва ОАВ воситаларининг ёлғон ахборотлари босима таъсири остида вужудга келиб, Араб давлатларининг кўпчилигида ҳеч қандай ташқи қўшинсиз, давлатда парокандалик бошланиб кетди ва оқибатимиз ҳаммамизга маълум.
Бу ерда мақсад, ушбу мудҳиш воқеаларни қайта эслаш эмас, балки ушбу воқеа ходисаларнинг келтириб чиқарувчи омиллар ва улардан сақланиш йўллари ҳақида эслатма беришдир.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятда: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, дея марҳамат қилади. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло «бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.
Рaсулуллoҳ сoллaллoҳу aлaйҳи вa сaллaм: «Эшитгaн ҳaр бир нaрсaсини сўзлaш кишининг ёлғoнчилигига кифoя қилaди», дeдилaр.
Имoм Мoлик рaҳимaҳуллoҳ: «Эшитгaн бaрчa нaрсaни сўзлaш кaттa фaсoд экaнини бил!»- дeганлар. Яъни, бугунги глобаллашиб бораётган дунёда ғаразли мақсаддаги тоифалар, ўз манфаатлари йўлида тинч ва осойишта худудларда ҳар хил фитнага сабаб бўлувчи ёлғон ва тухматлар орқали ахборот хуружини амалга ошириб, шу ерлардаги фаравон ҳаётни издан чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Мазкур ҳолатда энг ачинарли ҳолат шуки, мусулмон кишиларнинг бу фитнакорларнинг таъсирига тушиб, уларнинг манфур мақсадларига хизмат қилаётганлигидир. Бугун аксар аҳолиси мусулмон бўлган худудларда сунъий тарзда вужудга келтирилган экстремистик ва террористик тоифалар томонидан ўзларидан бошқаларни такфирда айблаш, бутун юрт аҳлини, уламоларни куфрга ҳукм қилиб, унга қарши бош кўтаришга чақириш, Ислом динидаги муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, мустаҳкам ақида ва билимга эга бўлмаган ёшларни ўз домига тортиш кундан-кунга авж олиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Натижа мазкур худудларда инсонлар орасидаги бирдамлик йўқолиб, мусулмонлар бир-бирлари билан адоватлашаётганлиги, уришиб бир-бирининг қонини тўкаётганлиги ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган ҳолатдир.
Эслайдиган бўлсак, машҳур Ифк ҳодисасида ҳам биз учун, айниқса бугунги кунимиз учун жуда кўп ҳикматлар ва ибратлар бор. Ушбу ҳодисада Убай ибн Салул бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақида «ифк»— бўҳтон тарқатдилар. араб тилида «ифк» деб, гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилишга айтилади.
Мунофиқлар Оиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Оиша онамизга нисбатан ифк-иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳам аслида Дин душманлари томонидан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга азият етказиш ва бу билан Ислом дини ривожига болта уриш учун қилган хужумларидан бири эди. Бу азиятнинг зарбаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун аввалгилардан кўра қаттиқроқ бўлди. Мунофиқлар ва дин душманлари томонидан келадиган ёмонликларнинг табиати ўзи шундай — бири иккинчисидан қаттиқроқ, оғриқлироқ бўлади. Ушбу ҳолат юзасидан, яъни Оиша разияллоҳу анҳо онамизнинг покдомон аёл эканликлари ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг китобида Нур сурасида 11-20 –оятларини айнан ходиса юзасидан нозил қилди. Лекин шунгача бўлган даврда айрим содда мусулмонлар, худди бугунги кунимиздаги каби, фитначиларнинг ёлғонларига ишониб, уларга қўшилиб кетишди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам сийраларидаги ҳар бир нуқта биз учун катта ибрат мактабидир. Шунинг учун ҳам у кишининг муборак сийратларини ва суннатларини ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилар эканмиз, албатта икки дунё саодатига эришамиз.
Бугунги кунда бизнинг устимизга ахборот хуружини амалга оширишга ҳаракат қилаётган тоифалар ҳам, жамиятдаги мавжуд ижтимоий муммоларни бўрттириб, уларнинг асл сабаби, ўзлари даъво қилаётган ёлғонларнинг амалга ошмаётганлигида қилиб кўрсатишга, бу йўлда халқ ва ҳукумат орасини ажратиб қўйишга, жамиятни бир-бирсига қарама-қарши қилиб қўйишга ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг даъволари ва ўзларини куйинтиришларидан гўёки, биз учун, бизнинг фаравон турмушимиз учун жон куйдираётгандек бўлиб, кўринса ҳам, юртбошимиз айтганларидек, ташқаридан ҳеч ким биз учун жон куйдирмайди, ҳеч ким шунчаки келиб, бизнинг ҳаётимизни яхшилаб бермайди, балки, ҳаммасини ўзимиз, меҳнаткаш халқимиз билан биргаликда амалга оширамиз. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ташқарида туриб, бизга тош отишга ҳаракат қилаётган манфур ниятли ғаразгўйларнинг ахборот хуружларига алданмаслигимиз даркор.
Бунинг учун авваламбор, китоб ўқишимиз, маърифатли бўлишимиз, жаҳолатга қарши курашишимиз, элу-юртга садоқат билан хизмат қиладиган, етук кадрлар бўлиб чиқишимиз лозим.

Имом Фахриддин ар-Розий УМИБЮ мудир муовини О.Адилов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *