Террор – бузғунчилик йўлдир!

Террор сўзига кўплаб таърифлар берилган бўлса-да, унинг асл мазмун-моҳияти нотинчлик ва беқарорликни келтириб чиқариш, инсонлар қалбига қўрқув ва ваҳима  солиш, уларни жисмонан йўқ қилиш, зўравонлик йўли билан ҳокимиятга интилиш каби салбий унсурлардан иборатдир.

Террорчилик ҳеч қачон эзгуликка қаратилган эмас, аксинча ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва аҳлоқий фазилатларга қарши ишлатилганлиги учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Унинг тарихи қон билан ёзилган.

Террорчилик дин, миллат, элат ва чегара билмайди. Энг ваҳший, маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар, бу қабиҳ ишга қўл урадилар. Террор диний ва дунёвий ғоялар асосида ташкил қилиниб, унинг асл мақсади дунёга ҳукумронлик қилишдан иборат. Диний ғоялар асосида олиб борилувчи терроризм деярли барча динлар доирасида кузатилса-да, бугунги кунда Ислом динини ниқоб қилиб олган ваҳший тоифалар орасида авж олаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу аслида мазкур террорчи гуруҳлар даъволаридаги Ислом ривожига хизмат қилиш эмас, балки уни йўқ қилиш мақсадида 3-қўллар томонидан ташкил қилиниб, мусулмонлар яшайдиган диёрларга экспорт қилинаётган мудҳиш режа ва дастурлардир.

Ваҳоланки, террор тамомила Муқаддас Ислом динининг барча тамойилига қарши чиқиб, унинг соф ақидаларига зарба беришга уринади. Буни ушбу тоифаларнинг фаолияти фақатгина бузғунчилик эканлигини оладиган бўлсак, бу ҳақда Қуръони каримда: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205) ёки террорчиларнинг асосий иши бўлмиш қон тўкиш тўғрисида: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида, 32), деган ояти каримлардан ҳам англаб етишимиз мумкин.

Бугунчи террорчи гурухлар орасидаги энг авж олган фаолият услубларидан бири, мусулмонларни такфирда айблаш ва улар орасида тафриқани келтириб чиқариш бўлмоқда. Динимиз эса, мусулмонни кофирга чиқариш оғир гуноҳ эканлигини таъкидлаб, Қуръони каримда “…Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, – деманг!.. (Нисо, 94), дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларида: “Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири ўшандай (яъни, кофир) бўлади” дея марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Турли хил фирқага бўлиниш ва жамоатдан ажралиб чиқиш Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъсига бинаон ҳаромдир. Бунга далил оят ва ҳадисларда жуда ҳам кўп бўлиб, жумладан: “Барчангиз биргаликда Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлангиз ва фирқаланиб кетмангиз” (Оли Имрон 103), дея марҳамат қилинган.

Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ сизлар учун уч нарсага рози бўлди… Ўзигагина ибодат қилиб Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, Унинг арқонини (Қуръонни) маҳкам ушлашингиз ва фирқаланиб кетмаслигингиз…” деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида фирқаланиб кетмасликни фарз эканлигида шак-шубҳа йўқ нарсалар бўлган тавҳид ва Қуръонни маҳкам ушлаш билан бир қаторда зикр қилмоқдалар ва Аллоҳнинг розилигини шу нарсаларга боғлиқ эканлигини таъкидламоқдалар.

 Ўзларидан бошқани ҳақиқий мусулмон ҳисобламайдиган террорчи гурухларнинг аъзолари Ислом дини тарғиб қилиб келаётган ҳамда минг йиллардан бери ота-боболаримиз амал қилиб келган инсонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлиш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ота-онага яхшилик, Ватанга садоқат, ўзга дин вакилларига нисбатан бағрикенгликка каби юксак фазилатларни оёқ ости қилиб, уларнинг зидди бўлган манфурликлар билан шуғулланиб келаётганлиги бутун дунё кўз ўнггида турган аччиқ ҳақиқатлардандир.

Ислом дини доирасида вужудга келган илк экстремистик оқим — Хорижийларнинг дастлабки вакиллари саҳровий араблар бўлиб, илм-маърифатдан йироқ, лекин ўзларини диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар эди. Уларнинг илми бўлмаганлиги сабабли, ўзларига ёққан нарсага ёпишиб олиб, бошқа нарсаларни рад этар ва бошқаларни нуқсонда айблар эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, аҳли зиммалар билан Ислом қайтарган муносабатда бўлиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эдилар.

Мазкур Ҳаворижларнинг бугунги кундаги “авлодлари” ҳам оталари йўлидан бориб, муқаддас Ислом динининг соф ақидалари ва ғояларига, унинг бағрикенглигига, саломатлик дини эканлигига қарши хатти-ҳаракатларни қилиб, бу билан Ислом динини ёмон отлиқ қилишга ва бутун дунёни шу ёлғонларга ишонтиришга, ҳаракат қилаётган дин ва инсоният душманларидир.

Ҳеч бир замон ва маконда эшитилмаганки, мазкур жамоалар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоат, мактаб, масжид ёҳуд бошқа нарса бунёд қилинганлиги ҳақида. Бунинг аксига улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоатлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлишган. Улар томонидан қачондир жамиятда яхши амал деб билинган иш амалга оширилган бўлса, бу ҳам фақатгина ўзларига тарафдор тўплаш ва вақтинчалик ўзларини пок ниятли қилиб кўрсатишдек, аслида ғаразли ниятларига эришиш йўлидаги бир босқич бўлган, холос.

Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули (с.а.в.) кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам.

Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Ислом билан террорни бир-биридан ажратиш фурсати етди. Бугунги кунга келиб, юртдошларимиз ҳам уларнинг асл мақсадларини билиб олдилар. Дин нима-ю, дин номидан иш олиб бориш нима эканлигини жуда фарқига бориб етишди. Ҳукумат ислом, мусулмонлар ва диний қадриятларга эмас, экстремизм, террорчилик ва ақидапарастликка қарши мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда кураш олиб бораётганини кенг афкор омма тушуниб етди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бутун дунё аҳлига БМТнинг юқори минбаридан туриб таъкидлаганларидек: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, биз бундай тоифаларнинг ишларини қаттиқ қоралаймиз ва уларга қарши бор имкониятимиз билан қарши курашамиз.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мудир муовини О.Адилов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *