ФИТНА – БИРДАМЛИГИМИЗНИ ПАРЧАЛАЙДИ

Ислом динида инсонларнинг осойишталиги, бирдамлигига рахна соладиган  барча ишлар бузғунчилик, фитна-фасод ишлардан саналади. Бу ишлар муқаддас динимизда қораланиб, жумладан, Қуръони каримнинг Бақара сураси 205- оятида «Аллоҳ бузғунчилик-фасодни севмайди», 217-оятида “Фитна ўлдиришдан каттароқдур”  дейилган.

Бугунги ахборот технологиялари ривожланган бир даврда, бу имкониятлардан инсон манфаатлари ривожи йўлида фойдаланиш ўрнига, бунинг зидди ўлароқ, уруш ва нотинчликларнинг асосий сабаби бўлмиш, турли хил фитна-фасод ишларни амалга ошириб, инсонлар, миллатлар, халқлар ва жамиятларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигига рахна солишга ҳаракат қилиш кундан-кунга авж олмоқда.

Айниқса, бу фитна-фасодлар бу ишларни қораловчи дин номидан амалга оширилаётганлиги жуда ҳам афсусланарли ҳол ҳисобланади. Бугунги кунда дунёдаги асосий нотинчликлар дин масаласи доирасида ташкил қилиниб, турли хил бузғунчи тоифалар томонидан мусулмонлар яшайдиган тинч аҳоли орасида ташқи кўринишдан ҳаққа  ўхшайдиган жимжимадор ёлғонлар билан мусулмонларнинг орасига фитна-фасод уруғини ёйиш орқали ўзларининг асл мақсадларига осонлик билан эришаётганликларини Сурия, Яман, Ливия, Афғонистон, Ироқ ва яна бир қанча давлатлар мисолида кўриш мумкин.

Бундай бузғунчи тоифалар аслида барча динлар доирасида кузатилса-да, ўтган асрнинг 70-йилларидан Ислом дини ниқоби остида Яқин Шарқ худудида жуда ҳам авж ола бошлади. Бу тоифалар ўтган ярим аср мобайнида ўз ташкилотчилари бўлмиш 3-қўллар бошқарувида жуда катта имкониятларга эга бўлиб, бутун мусулмонлар яшайдиган диёрларни қамраб олишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг асл мақсадлари ўзлари айтаётганларидек, жабрдийда мусулмонларга ёрдам бериш, “Ислом халифалиги”ни ташкил қилиш, Ислом динини барқарор қилиш эмас, балки, Ислом динини батамом йўқ қилиш эканлигини билиш қийин эмас. Чунки, ушбу  тоифаларнинг ташкил топганидан то бугунги кунгача бўлган тарихини ўрганар эканмиз, улар фақатгина мусулмонлар яшайдиган юртларни вайронага айлантириб, уларнинг молига тажовуз қилиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкаётганлигини кўришимиз мумкин.  Улар ўзларини Аллоҳнинг китобига ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифаларига риоя қилишларини даъво қилсалар-да, бу қилаётган ишлари Қуръон ва ҳадисга зид эканлигини кундек равшандир. Аллоҳ таоло Қуръонда «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир», (Моида, 32) дея, бундай ишларни қатъий қоралаган. Бошқа оятда «Кимда ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир..» (Нисо сураси, 93) дейилган.

Бу тоифаларнинг бугунги кундаги фаолиятини тадқиқ қилиб ўрганадиган бўлсак, уларнинг асосий ишлари бутун дунёда қулай алоқа воситаси бўлмиш интернет тизими орқали фитна-фасод уруғини бутун дунёга ёйиш эканлигини кўришимиз мумкин. Уларнинг жимжимадор даъволари ташқи кўринишдан ҳаққа ўхшаса ҳам, аслида ёлғон эканлигини мустаҳкам ақида ва чуқур билим эгалари дарров англаб етадилар. Улар худди Ҳазрати Али каррамоллоҳу важҳаҳу даврида чиққан “Хаворижлар” номли оталари йўлидан бориб, ҳақ гап билан ботилни ирода қилаётганликлари чуқур тафаккур эгаси бўлган маърифатли инсонларга сир бўлмай қолди.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, хали ёш, чуқур билимга эга бўлмаган ёшларимиз ушбу бузғунчи тоифалар таъсирига берилиб, нотўғри йўлларга кириб кетаётганликлари барчамиз учун ачинарли ҳолатдир. Бу ёшларнинг онгини захарлаб, уларни ўз юртларига қарши қилиб қўяётганлар, бу ерда юрт ривожи, дин барқарорлигини мақсад қилмаганликларини уларга тушунтиришимиз, етказишимиз бугунги куннинг долазрб вазифаси эканлигини унутмаслигимиз керак.

Албатта, бундай бузғунчи, фитначиларнинг оқибати азобли бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Буруж сураси, 10- оятида қуйидагича марҳамат қилган: «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга, жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор». Шундай экан бундай фитначиларнинг фитналаридан огоҳ бўлмоғимиз, уларнинг фитналарига қўшилиб қолишдан ўзимизни сақламоғимиз зарур. Бунинг учун эса, улуғларимизнинг қимматли насиҳатларига амал қилиб, уларга эргашишимиз лозим. Чунки Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Барака улуғларингиз билан биргадир», дея марҳамат қилганлар.

Биз ўзимиз ва келажак авлод онги-шуурини захарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар бирдамлигимизга рахна сола олмайди. Бу, жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий ва муқаддас вазифадир.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мудир мувиниО.Адилов

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *