ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИНИ КИМГА ҚОЛДИРАЯПМИЗ

Фарзанд тарбияси жуда улуғ ва шу билан бирга жуда масъулиятли иш. Бу юмушга минг йиллардан буён жуда катта эътибор билан ёндашишади. Бу миллат ва элат танламас маънавий ҳислатлардан биридир. Фарзанд тарбиясида ҳар бир лаҳза, ҳар бир ҳаракат эътиборга олиниши, таҳлил этилиши лозим.
Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг бутун ҳатти — ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш — туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.
Менимча, фақат ота — онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола хам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ҳаракат қилиш лозим.
Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота – онасидир”. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту — саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота — оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур.
Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота — оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади.
Фарзандларимиз тарбиясига эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун ҳамжамиятимиз учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Ўз-ўзидан маълум бўладики, бола тарбиясида соғлом насл масаласи ҳам муҳим рол ўйнашини ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Ақлли инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебеҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Бугунги кунда бизнинг қилаётган илм-маърифатимиз фарзандларимизнинг бахту-саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилади.
Фарзандларимизни нотўғри йўлга кириб кетмаслигини олдини олиш учун фарзандларимизни ёшлигидан исломий маърифатни тушунтириб, уларнинг онгида бўшлиқ қўймасдан одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар иймон-эътиқодли фарзанд қилиб тарбиялашимиз керак.
Албатта, ҳар бир инсоннинг фарзанди қалб райхонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида эса ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Инсоннинг ота-онаси оламдан ўтгандан кейин ҳам фарзандларнинг саъй ҳаракатлари туфайли номаи аъмолидаги савоблари зиёда бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: “Инсон вафот этганида унинг амали тухтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. (Муслим ривояти)
Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-оналар ўз фарзандларига таълим тарбияни билдириб, маърифатли қилиб ўзидан каттани кўрганда ҳурмат қилиб, кичикка иззат ҳурмат, икромда бўлишни тушунтирса, шундай фарзандлар ота-онасига раҳмат олиб келади. Албатта ана шундай фарзандлар Аллоҳнинг мукофотига сазовор бўладилар.

М.Мансуров
Қўшкўпир тумани “Нур азиз бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *