Оталик улкан масъулият.

 Қуръони каримда бундай дейилади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир (Шўро, 49–50). Демак, фарзанд Яратганнинг неъмати экан, уни қадрлаш уларнинг ҳуқуқларига риоя этиш ва чиройли таълим-тарбия бериш орқали амалга оширилади.

Фарзанд ота-онага Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат ва шу билан биргаликда улуғ масълият ҳамдир. Фарзандни гўдаклик вақтидан ахлоқ-одобга ўргатиш ота-онанинг вазифасидир. Қуръони карим оятларида бу борада бундай дейилади: “Эй, иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўзахдан сақланг…” ( Таҳрим сураси, 6-оят).

   Фарзанд Аллоҳнинг омонати, бу ҳақида қиёмат кунида ота-оналар омонат Эгасига жавоб беради. Бу борада бир қатор шаръий бурчлар борки, уларни адо этиб, болаларини ёшликдан салоҳиятли килиб ўстирган ота-онанинг дунё-ю, охиратда юзи ёруғ бўлади. Расулуллоҳ
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат киладилар: “Фарзандларингизга илтифот кўрсатинг, ота-онангизнинг сизда ҳақлари бўлгани каби фарзандларингизнинг ҳам сизда ҳақлари бор” (Табароний ривояти).

Бу ҳақларнинг энг асосийси насабдир, яъни туғиладиган фарзанд никоҳ асосида туғилиши, вояга етганида ўз насаби билан фахрланиши, кимнинг зурриёди эканини билиши зарур. Шунинг учун динимизда никоҳга катта эътибор қаратилади. Баъзи мамлакатларда никоҳга беэътибор қараш натижасида отаси номаълум фарзандлар туғилиши кўпайиб бораётганлиги, фарзандлар ўз насабларини билмасликлари ачинарли ҳолдир. Бундай ёшлар тарбия кўрмай вояга етади ва  жиноятчилик авж олади.

    Ҳақларнинг бири гўдакка исм қўйишдир. Фарзандга чиройли, шариатга мос исм қўйилмаса вояга етганида кўнгли оғриши мумкин. Шунингдек, исм инсоннинг тақдирига таъсир қилиши мумкинлигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Илм ва касб-ҳунар ўргатиш боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири ҳисобланади.

 Аллоҳ таоло лутф марҳамати ила берган фарзанларни мурғаклик давридан бошлаб руҳий ва маънавий тарбия қилиш, уларни озиқ-овқат, кийим- кечак билан таъминлаш ҳам ота-онанинг вазифаси.

        Фарзанд ҳуқуқларидан яна бири ота-онанинг унга ҳаётнинг ҳар соҳасида таълим беришларидир. Ҳар бир фарзандини ўз салоҳиятига кўра касб-ҳунарга йўллаш билан ота-оналар болаларининг тез камолга етишига ёрдам қилган бўладилар, чунки илм-фан соҳасида орқада қолиш ота-онани ҳам, фарзандларни ҳам ҳаётларининг мазмунсиз ўтишига олиб келади.

       Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: Сўнгра ўша куни (қиёматда) албатта, неъматлардан сўралурсиз. (“Такосур” сураси 8 оят). Демак, фарзанд ҳам бир неъмат экан, ота ушбу неъматнинг шукрини адо қилганлиги ҳақида яратган олдиа жавоб беради. Фарзандига одоб, аҳлоқ, диний ва дунёвий билим, тарбия бермаган отанинг савол жавоби оғир кечади. Аслида фарзандга бериладиган тарбиянинг асосини  ибрат ва ҳалол таом ташкил қилади. Чунки, отанинг қилган амалларини кўзи билан кўрган фарзанд шу амалга рағбати ортиб боради. Яхши амал қилса яхши амалга, ёмон амал содир қилса, ёмон амалга кўникиб боради. Ҳалол покиза таом эса фарзандни комил инсон бўлиб етишишида катта аҳамиятга эга. Агар фарзанднинг ейдиган таоми ҳалолдан бўлса, ўз ўзидан хайрли, савоб  ишларга ихлоси кучли бўлади.  Агар ҳаромдан озиқланса, албатта гуноҳ маъсиятга, жиноятга ўч бўлади.

    Фарзанд тарбиясида отанинг ўз ўрни бор. Ота фарзандлари билан кўпроқ вақт бирга бўлиши лозим. Айниқса, ўғил болалар билан. Агар ўғил бола кўпроқ онасининг тарбиясини олса, жуда кўплаб кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкин. Тарихдан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

    Оталик улкан масъулият, юксак шарафдир. Инсоннинг  дунёу охиратда азиз қиладиган ҳам, хор қиладиган ҳам фарзанддир. Икки ҳолатдан  қай бирига муносиб бўлишда ота томонидан бериладиган тарбиянинг аҳамияти тенгсиздир.

 Янгибозор тумани бош имом-хатиби

Х.Адамбоев

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *