Иймон кушандаси бўлган сехр ва фолдан сақланинг

Бугунги кунда фолбин, сеҳргар ва мунажжимларнинг жамиятимизга келтираётган зарари фақат одамларнинг вақти, соғлиги, моли ва ҳаракати бекорга кетаётганлиги билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар ундан ҳам катта, айтиш мумкинки, улкан зарарларга олиб боради. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик тарқатишдир. Зарарлар силсиласи охири бориб энг катта нуқтага – бидъат, хурофотлар, турли хил бузуқ ақидаларнинг натижаси ўлароқ, куфрга, ширкка бориб етади.
Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда коҳин ва арроф деб ном берилган. Коҳин баъзи сир нарсаларни, тўғрироғи, ғойибни билишни даъво қилади. Унинг баъзи айтганлари тасодифан тўғри чиқиши ҳам мумкин, аммо аксарият фоллари нотўғри чиқади. Тасодифан тўғри чиққан гапини ўзи ҳам, одамлар ҳам такрор-такрор айтиб юрадилар. Нотўғри чиққан фоллари ҳақида эса, сўз юритмайдилар. Натижада коҳин кишилар ғайб нарсаларни биладиган бўлиб кўринади. Коҳинлар ўзларининг жинлар билан алоқаси борлигини ва уларга хабарларни жинларнинг айтишини даъво қиладилар.
Арроф ҳам худди коҳинга ўхшайди. Уламолардан Имом Бағавий: “Арроф-турли ишларнинг сабабларини билишни, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирлаган нарсани ким ўғирлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни билишни даъво қилувчидир”, дейдилар. Албатта, фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Шунингдек, фолбинликнинг бошқа турлари ҳам бор. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилгувчилар ҳам сеҳргар эканлиги айтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав): “Кимки тугун тугиб унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”, деб айтганлар. Қуръон Каримда сеҳргарларнинг иши куфр эканлиги айтилган.
Фолбинлик, сеҳргарлик ва мунажжимлик бир-бирларига яқин нарсалар бўлгани учун ҳадиси шарифларда ҳам улар биргаликда зикр этилади. Деярли ҳар бир ҳадисда бундай инсонлар ва жамиятга нисбатан ўта зарарли бу маънавий жиноятлар каттадан катта гуноҳ, куфр ва ширк эканлиги қайта-қайта таъкидланади. Имом Баззор Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз (сав): «Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади», деганлар.
Маълумки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “биздан эмас” дейишлари жуда ҳам оғир ҳукмдир. У зотнинг “биздан эмас” деганлари “мусулмонлардан эмас”, деганларидир. Демак, ҳадиси шарифда зикр этилган тоифадаги кишилар мусулмонлар сафидан чиқадилар. Фолбинга ишонган одам эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Қуръонга куфр келтирувчидир. Шунинг учун ҳам фолбин ва сеҳргарликни касб қилиб олганларнинг гуноҳи жуда ҳам катта бўлади.
Хулоса қиладиган бўлсак, фолбинлик ва сеҳргарлик инсонлар ичида адоват ва душманчилик тарқатишидан ташқари мусулмонни иймонидан айиради ва ширк куфрга олиб боради. Эр хотиннинг ўртаси бузилиб кетишига сабаб бўлаётган, инсонни дунёсини ва охиратини хароб қиладиган бу маънавий жиноятлардан яқинларимизни огоҳ этайлик.

Янгиариқ туман бош имом-хатиби
Р.Отажонов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *