МАҒФИРАТ ОЙИ

Азиз биродарлар, юртимизга муборак ой ташриф буюрди. Дуолар ижобат бўладиган, гуноҳлар кечириладиган ой, мақому дарожотлар кўтариладиган, чексиз савоблар ёзиладиган ой, файзу бараканинг чеки йўқ бўлган, мўминни хурсанд мунофиқни хафа қиладиган ой, Парвардигори оламнинг меҳри жўш урадиган, осмон эшиклари очилиб илоҳий раҳматлар ёғиладиган ой, кечаю-кундуз фаришталар ва Жаброил а.с. ер юзига тушиб сайр қиладиган ой, ҳақиқий тақводор мўмин бандалар учун ғанимат бўлган ойдир. Бу моҳи шарифи Рамазондир.
Салмон Форсий р.а. ривоят қиладилар: Шаъбоннинг охирги кунида Расулуллоҳ с.а.в. бизга шундай хутба ўқидилар:
“Эй инсонлар! Улуғ ва муборак бир ойнинг сояси устингизга тушди. Шундай бир ойки, унда минг ойдан афзал бир кеча бор. Аллоҳ таоло Рамазон ойида кундузлари рўза тутишни фарз қилди. Кечалари туриб намоз ўқишни суннат қилди. Агар бир киши Рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазондан бошқа ойда 70та фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади. Рамазон – сабр ойи. Бир бирига ёрдамлашиш ойи. Бу ойда Аллоҳ таоло мўминнинг ризқини кўпайтиради. Агар киши бу ойда бирор рўзадорга ифторлик берса, бу гуноҳларининг мағфират қилинишига сабаб бўлади. ва у кишининг бўйни жаҳаннамдан озод қилинган бўлади ва ифторлик берган кишига рўзадорнинг савобидан ҳеч бир нарса камайтирилмасдан, худди ўшанча миқдорда савоб берилади.
Сизларга Рамазон ойи келди, барокот ойи келди. унда кўп яхшиликлар бор. Сизларни Аллоҳ таоло Ўз раҳматига ғарқ қилади. Хатоларингизни кечириб, дуоларингизни ижобат қилади. Бу Рамазон ойида ибодат борасида қиладиган мусобақаларингизга Парвардигорларингиз рози ҳолда қараб туради. Бу ишларингиз билан Аллоҳ таоло фаришталарга мақтанади. Шунинг учун бу ойда Парвардигорларингизга ўзларингизни яхши томонларингизни кўрсатинглар. Чунки фақат бадбахт инсонгина бу Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади”
Дарҳақиқат, азизлар, бизларга Аллоҳ таоло баракот ойини насиб қилди. унинг қанчалик даражада баракалик эканлигини, иймонимиз ва ишончимиз даражаси ила ҳис қиламиз. Аммо бу раҳмат ойида кўп яхшилик борлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. чунки бу ойда тутаётган рўзаларимиз билан кўп ўзимиздаги ёмонликлардан тийиламиз. “Мен рўзадорман” деб анча мунча ножоиз ишларимиздан тўхтаймиз. Кўпчилигимиз шу баракотли ой туфайли ўша ёқимсиз амалларимизни шу билан тарк қиламиз.
Оддий бир рўзадор киши рўзанинг фазилати ҳақида эътирофига эътибор беринг: «Рўзанинг фойдаси жуда ҳам кўп экан. Буни мен ўз тажрибамда ҳис қилдим. Ибодат, тақво, соғлик масаласида ҳеч гап йўқ. ҳаммаси маълум. ҳатто одамлар билан бўладиган муомалада ҳам фойдаси кўп экан. Илгарилари иш битириш учун, деб ёлғон-яшиқни гапираверар эдик. Рўза тутган одам ҳеч ёлғон гапира олмай қолар экан. ҳатто, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмай қўйдим. Роса ёлғон гапириб, иш битириб кетиш пайти келганда ҳам рўза оғзим билан ёлғон гапираманми, деб ўзимни тўхтатиб қолмоқдаман. Менимча, Рамазондан ке¬йин ҳам вақти-вақти билан рўза тутиб турилса, бу ҳолатни ушлаб қолишга ёрдам берса керак».
Абу Ҳурайра Р.а. дан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳларива қолганлари ҳам мағфират қилинур», дедилар». Бешовлари ва Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга, рўзани иймон, ихлос билан, фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг ўтгану қолган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса, банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.
Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир ”.
Муҳтарам Азизлар, бундай имтиёзлар, бундай имкониятлар Рамазондан бошқа қайси ойда бор. Рамазон ойининг фазилатларидан аввалги ўн кунликда рўзадорлар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишса, иккинчи ўн кунлигида рўзадорлар гуноҳларининг кечирилишликларига эришадилар ва охирги ўн кунликда барча рўзадорлар Худонинг инояти ила дўзахдан халос бўлиб жаннат томон юзланадилар.
Инсон хатокордир, у инсонлигига бориб ҳамиша, ҳар доим билиб-билмай хатога, гуноҳга йўл қўяди. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, хато ва чалғишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлигига бориб, ҳавои нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда киши дарҳол ўзига келиб, шошилинч Аллоҳни эслайди, истиғфор айтади. Бу хато ва гуноҳларидан эса Парвардигори буюрганидай, У зот таълим берганидай гуноҳларига тавба қилиш, истиғфор айтиш, тазарру ила ёлбориш орқалигина халос бўлиши мумкин. “Истиғфор”, яъни гуноҳнинг кечирилишини сўраш – барча мавжудот ва махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таологагина қилинади. Дуо, тавба ва бошқа тоатлар ила, «Астағфируллоҳ» ва шу каби маънодаги калималарни айтиб, кўнгилдан тасдиқлаш истиғфордир.Истиғфор луғатда “беркитиш”, “устини ёпиш”, деган маъноларни билдиради. “Аллоҳ мағфират қилди”, дегани “гуноҳни беркитди”, “
Шунда даврадаги суҳбатдошларидан Робийеъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга: “Эй Имом, сизнинг ҳузурингизга ҳар хил инсонлар келиб, турли хил шикоятлар қилдилар, аммо сиз эса уларнинг барчасига бир хил маслаҳат бердингиз, бунинг сабаби нима?” Ҳасан Басрий р.а. бу берилган саволга юқоридаги оятни ўқиб берибдилар: “Ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир. У Зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир”
Банда кечирим сўрамасдан гуноҳкор ҳолда юришининг касофати, қалби доғларда тўлиб моғорлаб қолишидир. Инсоннинг қалби бузилдики, барча яхшиликлар маҳрум бўлиб, журму исёнга қадам босади. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар:“Инсонда бир гўшт парча бор агар у соғлом бўлса, бутун аъзои бадан соғлом бўлади. Агар у бузилса, бутун аъзои бадан бузилади. У ҳам бўлса, қалбдир”.
Пайғамбаримиз с.а.в.: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”- деб марҳамат қилдилар.
Азиз биродарлар, бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат, бу ойда бўлишликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатда ухлайдими ибодат, ҳаттоинки гапирмасдан дам турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади. Расулуллоҳ с.а.в. “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.
Ҳадиси шарифда ушбу мазмундаги ҳадис зикр қилинадики “Рамазондан рамазонгача бўлган орада мўмин кишининг кичик гуноҳларига кафоратдир”.
Ушбу ҳадиси шарифлардан билиниб турибдики, бу ойнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб кўпроқ тақвога берилайлик, шайтонлар кишанланган вақтда гуноҳли-хунук одатларимиздан қутулайлик, истиғфору тасбеҳларни айтиб номаъи аъмолларимизни ажру ҳасанотларга тўлдирайлик, кўпроқ хайру эҳсонлар қилиб савоблар шодасига эга бўлайлик.
Мана шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Чунки нафсининг ҳар хил хоҳишларидан сабр қилади, ён-атрофдаги содир бўладиган ҳар қандай вазиятларга сабр қилади. Шунинг учун бу ойни сабр ойи ҳам деб атайдилар.
Бир ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар:
“Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади. Жасаднинг закоти рўзадир”
Овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Овқатсиз яшаб бўлмаганидек, руҳ ҳам рўзасиз яшолмайди, маънан чарчайди, ўлади, ибодатга ярамайдиган мажруҳ бўлиб қолади. Рўза нимадан иборат? Албатта, очликдан иборат, очликнинг эса фойдалари кўп. Инсонда очлик ҳолати қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади. Аллоҳнинг балоси ва азоби қаттиқ бўлишини эсга туширади, гуноҳ амалларга мойил бўлишнинг олдини олади, уйқуни камайтириб, бедор бўлишга чорлайди, доимий ибодат ва шукр қилишга ўргатади. Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам бехосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доимо маишатда юрган тўқ одам ҳаётда озгина қийинчиликка йўлиқса, қаттиқ талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва уни енгиб ўтишга иродаси етмайди. Бир сўз билан айтганда, рўза инсонни бандачиликка ўргатади. Узрсиз рўза тутмайдиган кишиларнинг қалби ўлик, руҳи мажруҳ ва улар ҳайвондан фарқи қолмайди.
Азизлар, ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири, яъни пўсти бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Энди ихтиёр ҳар биримизнинг қўлимизда, Қиёматда Парвардигорнинг олдига борганда пўстлоқ билан борамиз-ми ёки пўстлоқнинг мағзи билан бирга олиб борамиз-ми?
Бу муборак Рамазон ойида, дуолар ижобатли ойда, Роҳманнинг меҳри жўш уриб турган даҳада Парвардигордан ўтиниб ўзимизга тавфиқу ҳидоят сўрайлик. Келтирган иймонимизга ва исломимизга қоим бўлишимизни илтижо қилиб сўрайлик.

Шовот тумани “Ваянган бобо”
масжиди имом-хатиби
А.Бобоев

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *