РАМАЗОН ФАЗИЛАТЛИ ОЙ

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин. Бу ибодат Қуръони карим оятлари, Пай¬ғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари ва Ислом умматининг ижмоъ ила собит бўлгандир. Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин.
Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).
Ушбу рўза ҳақидаги оятнинг охирида: «Шоядки, тақво қилсангиз», деган.Табибларнинг таъкидлашларича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, У зотни доимо ҳис этиб туриш, хуллас, тақво ҳисси пайдо бўлади.
Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Рамазон ойи қадрлаш ойи, ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш халқимизнинг қон қонига сингиб қадриятга айланиб қолган. Рамазон ойи эзгулик ойи, инсонлар бу ойда маънавий покланиб ўзларида гўзал хулқларни намоён қиладилар. Жумладан халқимиз, ушбу ойда ифторликлар, хайр-эхсонлар қилиш, фитр ва закотларини адо қилиш орқали бир бировни ҳолидан хабар олиш каби эзгу аммалларни амалга ошириб ушбу ойни хар бир кунини байрам кайфиятида кўтаринки рухда ўтказадилар. Айниқса, қариялар, кўнгли синиқ касалманд, мусибатдор кишиларни холидан хабар олиш, уларни кўнглига хурсандчилик киргизиш нихоятда савобли амал эканлигини эътиборга олиб, уларга саховатпешалик ишларини амалга ошириб бормоқдалар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган.(Бақара. 185)
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббул Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур¬қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир». Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар. (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар)
Рўзанинг фазилати ҳақида Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Пайғамбар (а.с) Аллоҳдан ривоят қилиб:«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.
Демак, инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган рўзаси Аллоҳ учундир.
Хозирда жаннатмакон юртимизда Рамазони шариф жудаям кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Муборак Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси Хоразм вилоят вакиллиги тасарруфидаги расмий масжидлар ва уларга туташ бўлган қабристонлар ҳамда қадамжоларда тозалик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шунинг билан бир қаторда, масжидларда таровиҳ намозига тайёргарлик ишлари юқори даражада ташкил қилинди. Рамазон ойи муносабати билан Хоразм вилоятидаги 97 та масжидларимизда таровеҳ намозлари кўтаринки руҳда адо қилинмоқда.
Хозирда Вилоятимиздаги 50 та масжидларда хатми Қуръонлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, шундан биринчи ўн беш кунлигида 31 та масжидларда ва қолган иккинчи ўн беш кунлигида 19 та масжидларимизда адо қилинади.
Эмин эркин ибодатларини адо қилаётган фуқароларимиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик неъматининг бардавом бўлишлигини сўраб дуолар қилишмоқда.
Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўззахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин!

Х.Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *