Мўминнинг мўминдаги хақлари

 Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар. «Улар, қайсилар, Эй Аллоҳнинг Расули,?» дейилди. «Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.Термизийнинг ривоятида: Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар: Қачон учратсанг, унга салом бер.Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, ўшаниси савобнинг кўпини олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади.  Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро фақат уришиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса ҳаммалари бир-бирлари билан саломлашишни ўзларига бошқаларнинг ҳақи деб англайдилар. Қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер. Мусулмон ўз биродарини яхшиликга даъват қилса, давати хак йўлга бўлса албатта кабул килиши ва амал килиши лозим ва лобутддир. Колаверса Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида хайри эҳсон бўлсин, дея дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди Чунки, шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди. Қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил. Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши ҳам турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахасиси бор. Улар ўз мутахасислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мақеъга эгадир. Бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳақдир. Шунингдек, мусулмон киши илмли, таржибали килишалрнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўралган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади. Қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила.  Ҳар бир мусулмон акса урганида «Алҳамду лиллаҳ» дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса унга «Ярҳамукаллоҳу»-Аллоҳ сенга раҳм қилсин, деб яхшилик тиламоғи бурчдир. Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап. Қачон бемор бўлса, уни бориб кўр.  Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса улар келиб беморни зиёрат қилиб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан. Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан. Қачон вафот этса, ҳозир бўл. Ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Ўзига яхши кўрган нарсани, унга ҳам яхши кўради.  Мусулмон шахс учун ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ унинг уларнинг олдидаги бурчидир.  Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ эса жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир. Ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўради.Бу ҳақ аввалги гапдан келиб чиққан. Мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам яхши кўриши лозим бўлганидек, ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўриши лозим бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. Термизий ва Насаийлар:  «Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса мусулмонлик фазлини йўқотади. Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир», деган таърифга тўхталадиган бўлсак Иймон-мўмин, сўзлари «амн» — омонлик, ишончли маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош — хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу-мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар». Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозуъли бўлиш, улардан бирортасига ёмонлик қилмаслик.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ авф ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган. Мусулмон киши бировнинг ғийбатига қулоқ солмаслиги ва ўзи бировни ғайбат қилмаслиги керак. Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир», деган (12- оят). Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг асҳобларимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолимда чиқишни истайман», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил тегизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.  Ўзининг аччиғини чиқарган танишларидан уч кундан ортиқ аразламайди. Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик.
Уч марта изн сўрайди. Рухсат берса киради. Рухсат бермаса қайтиб кетади.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз», деган (27 — оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин», деганлар.
Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахсни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин. Изн деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетмоғи лозим. Барчага ҳусни хулқ ила муомалада бўлиш. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар». Термизий ривоят қилган. Мўмин-мусулмон банда ўз муомаласини барча одамлар ила ҳусни хулқ асосида олиб бормоғи керак. Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳимли бўлиш.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида: «Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳм қилмаса, ва уламоларимизни эътироф қилмаса биздан эмасдир», деганлар. Барча одамларга очиқ чеҳрали, меҳрибон ва мулойим бўлиш.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир», дедилар». Термизий ривоят қилган.Берган ваъдасига вафо қилиш.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ваъда қарздир», деганлар.Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамсаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зот пайғамбар этиб юборилишларидан олдин бир савдо иши килдим. Менда у зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мени уни турган жойларига келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унитиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у зот жойларида турибдилар. Мени кўриб:«Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу ерда интизор бўлиб турибман», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўриш.Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради. Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир авратни кўриб уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундоқ улуғ иш. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал. Шунинг учун ҳам ўз биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади. Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб обрўсини тўкаётган бўлса уни эштиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Сизни қачон қилсангиз ўзаро муҳаббат қиладиган бўладиганингиз амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг таратинг», дедилар». Абу Довуд,Термизий ва Муслим ривоят қилган.
Қўшничилик ҳақига риоя қилиш. Аллоҳ таоло: «Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар», деган. (Нисо: 36)
Нисо сурасидаги бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда; Биринчиси–ота-оналардир. Иккинчиси–қариндошлар.  Учинчиси–етимлар.
Тўртинчиси–мискинлар.  Бешинчиси–яқин қўшни. Олтинчиси–ён қўшни. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни, яқинлиги бор қўшни, деб; «ён қўшни» эса, оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.
Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир.

 Хонка туман бош имом-хатиби

Х.Матякубов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.