Фарзанд Аллоҳ таолонинг буюк неъматидир. Шу боис муқаддас динимиз кўрсатмаларида тарбияга алоҳида эътибор берилган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ хадя бероломас” — деганлар. (Имом Термизий ривояти). Яъни инсон ўз зурриётига бериши мумкин бўлган нарсаларнинг энг яхшиси моддий эмас, балки маънавий неъмат, тарбиядир.Тарбияли фарзанд, ота-онасини дунёда раҳмат ва ташаккурларга, охиратда эса, Аллоҳнинг розилигига мушарраф этиши баробарида, жамият ривожига ҳисса қўшадиган бўлади. Тарбия моҳиятини чуқур англаб етган аждодларимиз бунга катта эътибор берганлар. Хусусан, китобларимизда фарзанд тарбияси ҳақида шундай дейилади. “Фарзанд ота-она қўлидаги омонатдир, унинг дили эса нафис гавҳарга ўхшайди. Гавҳар ҳар хил нақшлар каби безалгани каби бола дилига ҳам эзгу фикрлар нақшини солиши мумкин. Бола қалби тоза тупроқ кабидир, унга қандай уруғ сепсанг, ўша уруғ унади.Шунинг учун ота-она ва муаллим бу ишда ўзаро ҳамкор бўлиб, унинг дилига яхшилик уруғларини қадамоқлари лозим». Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобларга амал қилган кишиларга ажр-савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.
Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. У одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлганда ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Фарзандларини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиб, ўқиб ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумид-дин” китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшилликка ундалса ва ўргатилса унинг устида ўтаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота – онаси ҳамда одоб, таълим – тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”
Шу ўринда савол туғилиши мумкин — Фарзанд тарбияси инсон ҳаётида шунчалар аҳамиятли экан, уни қачондан бошлаш керак. Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Кимдир туғилгандан сўнг деса, яна кимдир, бола оқу қорани ажрата бошлагач, деб фикр билдиради. Лекин фарзанд тарбиясига ҳали у туғилмасдан илгари, аниқроғи янги оила қурилаётган чоғидаёқ киришмоқ керак. Яъни аввало, оталарнинг ўзлари намунали хулқ эгалари бўлишга ҳаракат қилишлари, шунингдек, фарзандига яхши касб ўргатиб, илмли, одобли, ҳалол бўлишга чорлашлари лозим. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсон дунёдан ўтгач унинг амал дафтари ёпилади, фақат унинг уч амалидан савоб етиб туради. Булар, қолдирган илми, қурдирган масжид ёки кўприги, солиҳ фарзандининг қилган хайрли дуоси” – деганлар. (Имом Термизий ривояти) Инсон бу синов дунёсидан ўтганидан сўнг ҳам савоб етиб туришини хоҳласа, фарзандини солиҳ кишилар қилиб тарбиялаши керак.
Фарзанд вужудга келгандан кейинги ота-онанинг бурчларидан: фарзандларга чиройли тарбия бериш. Бу хакда пайгамбар саллаллоху алайхи ва саллам шундай деганлар: «Кимки мана шу кизларнинг бир нечтаси билан синалса, у уларга чиройли тарбия ва гўзал одоб берса. Албатта бу кизлар унинг учун дўзахдан калкон ва тўсик бўладилар.» (Термизий ривояти) Уламолар: бу ўринда хоссатан кизларнинг зикр килинишига сабаб улар эртанги кун авлодларининг мураббияларидир — дедилар. Фарзанд вужудга келгандан кейинги ота-онанинг бурчларидан: Фарзандларни иймоний тарбия килиш. Фарзанднинг ёшлигиданок унга Аллохнинг борлиги, бирлиги, у барча нарсаларни шу каторда уни хам яратганлигини ундан кўркиш ва унга ибодат килиш кераклигини уктириб боради. Аслида ислом инсоннинг табиатига сингиб кетган диндир. Пайгамбар саллаллоху алайхи ва саллам айтадилар: «Хар бир чакалок Фитрат (ислом дини)да тугилади, унинг ота-онаси яхудий, насроний ва мажусий килиб тарбиялайди» Демак боланинг табиати аслида исломда бўлар экан, энди уни шакллантириш керак, холос. Халкимиз айтганидек «Куш уясида кўрганини килади». Фарзандларнинг хукукларидан: Ота она уларни гўзал ахлокларга одатлантиришларидир. Бу ўринда Лукмон Хакимнинг фарзандига килган васиятини келтиришимиз ўринлидир: «Эй ўгилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан кайтар хамда ўзингга етган балоларга сабр кил. Албатта мана шу ишларинг максадга мувофикдир. Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирма ва ерда кибру хаво билан юрма. Чунки Аллох таоло барча кибр-хаволи, мактанчок кимсаларни суймас. Юрганингда ўртача юр ва овозингни паст кил. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакларнинг овозидир.» (Лукмон: 17-19). Фарзандига бирор нарсани ваъда килса албатта уни бажарсин. Чунки бола ота-онасининг ёлгон гапиргани ва ваъдасига хилоф килганини кўрса «унсиз» таълим олади. У хам шунга одатланади. Фарзандига фойдали бўлса гапириш бўлмаса жим туриш, ўзидан катталарни хурмат кичикларни эса иззат килиш ва хаёли бўлишни таълим бериши керак. Фарзандларига хадялар такдим этса улар ўртасида адолат килсин, бу ўринда ўгил кизларга бир хил микдорда берилгани яхши. Луқмони Ҳакимдан: Насиҳатларингизнинг кўпи ёшларга оид, аммо ёши каттароқларга камроқ бўлади, бунинг сабаби нима? – деб сўрадилар. Луқмони Ҳаким шундай жавоб бердилар: Боғбон ерни юмшатиб кўчат ўтқазиб, унинг атрофини хас – хашакдан, зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув билан ўғит бериб турса, тез вақтда дарахт етилади, унумли, серҳосил бўлади.Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола нафақат ўзига, ота – онасига бахт – саодат келтиради, жамият учун фойдали, керакли инсон бўлиб етишади.Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб, чиройли хулқ фарзандлар камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб – ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар.
Хонқа туман “Халифаи Худайкули эшон бобо”
масжиди ходими Қ.Ниязов