ТЕРРОРИЗМ ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

   Терроризм бу кишилар, жамоалар ёки давлатларнинг инсон дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкини тортиб олиш, йўлларда қўрқитиш, йўлтўсарлик қилиш, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка, ёки жамоавий тарзда жиноятчилик режасини амалга ошириш киради.

Бугунги кунда экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига кўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

яъни: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бугунки кунда бу бузғунчи кучлар ёшлар ичида интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали тарғибот ишларини олиб бориб, улар ичидан ғўр ёшларни ёки мутаассибликка берилган шахсларни топиб дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларга жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Дарҳақиқат, бундай террорчиларни мусулмон деб бўлмайди. Чунки агар мусулмон бўлганларида мусулмонларга қурол кўтаришмасди. Яна Худодан қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг байтига кириб, намоз ўқиб турган намозхонларни қириб, қанча-қанча оилалар боқувчисиз қолдириб, қанча-қанча аёлларни бева қолдиришмасди, қанча-қанча етим болалар дунёда кўпаймас эди. Юқорида айтиб ўтилган барча ёмон иллатарни Ислом дини қоралайди. Ислом дини инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто бошқа дин вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Динимиз асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар.

Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиб мутаассибликка берилмаслик, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор. Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг вазифамиздир.

 

   Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *