ФИТНА ЧИКАРУВЧИЛАРГА МУНОСАБАТ

 “Фитна” арабча “фатана-яфтину” феълидан олинган бўлиб, мафтун қилмок, ақлини ўғирламок, бошини айлантирмок, тўғри йўлдан оздирмоқ маъноларига эга. Демак фитна луғавий жихатдан олиб қаралганда хам фақат салбий маънога далолат қилади. Сўнгра бу сўз гунох, куфр, бузғунчилик, уруш, ёндириш ва чалғитиш маъносида қўлланилади”. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 191-оятида шундай марҳамат қилади: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”. Маънавий сохада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари руёбга чиқишига туғаноқ бўладиган барча нарсалар хам фитна хисобланади.

 Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз, динимиз томонидан фитнанинг асл мохиятини очиб бериш учун ёзилган асосларнинг нақадар хақлигига тан берамиз. Чиндан хам фитналар келганда кўпчилик учун унинг асл мохияти ноаниқ бўлади. “жиход”, “Исломий давлат қуриш” каби ялтироқ шиорлар ва баландпарвоз мақсадлар қиёфасидаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ҳокимиятни босиб олиш ёки конститутциявий тузумни ағдариб ташлашга қаратилган жиноий ҳаракат содир этиш учун ўз кучларини бирлаштирган шахсларни ислом дини нуқтаи назарида боғийлар деб аташ мумкин. Яъни, мусулмонлар ҳақли равишда ҳукумдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида тинч ва осойишта яшаб турганларида, ўзлари ичидан унга қарши бош кўтарган кишилар тоифаси боғийлардир.

 Чунки бундай тоифани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаб: «Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деганлар. Айрим ақидапараст тузилмалар томонидан аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган мамлакатларда гарчи исломнинг бешта аркони амалда бажарилиб келинаётган бўлса-да, шу каби юртларни «дорул-ҳарб» яъни «уруш диёри» дея эълон қилиб, уларга қарши жиҳод эълон қилиш лозимлигини даъво қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даъволари шаръан асоссиздир. Бундай бирёқлама, ассосиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган асосий мақсад, одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, улар орасига нифоқ ва фитна солишдан бошқа нарса эмас. Натижа нима бўлди?! Кўплаб мусулмон давлатларининг шон-шавкати кетди. Тинчлик ўрнини хавф, ободлик ўрнини харобалик, тўкинлик ўрнини қашшоклик эгаллади. Ўша ишларни амалга оширган жохиллар жиход эмас, фитна ишини амалга ошириб беришди, холос.

Бугунги кунда мустамлакачиликнинг янги-янги моделлари ихтиро қилинаётгани, мустақил давлатларни босиб олишнинг борган сари янги-янги кўриниш ва услубларига мурожаат қилинаётганлиги хам хеч кимга сир бўлмай колди. Мисол учун, керакли жойда аввал ўша жой халқининг менталитети ва динига мос бўлган бир бахона сунъий равишда ясаб берилади, қузғолон чиқарилади, сўнг қўзғолончиларга қурол бериб, айримлар томонидан бу ишлар жиход деб бахолатилади. Хозирги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган террор балоси хам аслида мана шу фитналарнинг аччиқ меваси, муқаррар натижаси ўлароқ майдонга келди. Уларнинг даъволари хар қанча баланд бўлмасин, барибир фитна, катта ўйиндаги кичик бир пиёда, холос. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоху алайхи васаллам хаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги хамда осоишталигига тахдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар хақида огохлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чикса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо килмаса, у менинг умматим эмас!” деганлар. (Муслим ривояти).

 Кўплаб хадиси шарифларда фитнага тушиб қолишдан огохлантирилади, унга аралашмаслик, фитнадан узоқ бўлишга чақирилади. Жумладан Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Хурайра розияллоху анхудан ривоят қилган хадиси шарифда шундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган (унга қараб) югургандан яхшидир. Ким унга қизиқиб интилса, уни ўзига тортиб олиб халок қилади. Ким ундан қочиб кутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан панох топсин. (фитнага аралашмасин)”.

Бу хадиси шариф орқали Набий алайхиссалом фитна нихоятда хатарлилигини баён қилар эканлар, у ўзига талпинган, қизиқиб қараган хар қандай инсонни ўз домига тортиб, ҳалок этишидан огохлантирадилар. Аллох таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан ўз хифзу химоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон хаётига кўз тегмасин!

 

  О.Машарипов

Янгирарик туман “Шайх Мухтор Валий”масжиди

имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *