РАМАЗОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин. Бу ибодат Қуръони карим оятлари, Пай¬ғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадислари ва Ислом умматининг ижмоси ила собит бўлган. Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин.
Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб адоғига ета олмаймиз. Рамазон ойида қилинган дуолар қабул бўлишлиги тўғрисида шундай айтилади. Аллоҳ таоло: «Менга бандаларим дуо қилсалар, дуоларини ижобат этаман, ихлос билан сўраганларини бераман», – деб ваъда берган. Шунинг учун ҳам бу муборак ойда қалбдан, ич-ичдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуо қилишимиз керак. Иншоаллоҳ, дуоларимиз ижобат бўлади.
«Аллоҳ таоло рамазон ойида кундузлари рўза тутишни фарз қилди. Кечалари туриб намоз ўқишни татаввуъ қилди». Татаввуъ – фарз бўлмаган ҳолда бажариладиган ихтиёрий гўзал нафл амаллардир. Биз кундузлари рўза тутамиз, аммо кечаси ўқиладиган татаввуъ намозни ўқияпмизми? Хуфтон намозидан кейин таровиҳ намозини адо этдик. Бу – ўша кечанинг татаввуъ қилинган намози. У бошқа вақтларда ўқилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати бўлганлиги учун ҳам ишқ билан ўқиймиз.
Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Рамазон ойи қадрлаш ойи, ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш халқимизнинг қон-қонига сингиб, қадриятга айланиб қолган. Рамазон ойи эзгулик ойи, инсонлар бу ойда маънавий покланиб, ўзларида гўзал хулқларни намоён қиладилар. Жумладан халқимиз, ушбу ойда ифторликлар, хайр-эхсонлар қилиш, фитр ва закотларини адо қилиш орқали бир-бировни ҳолидан хабар олиш каби эзгу аммалларни амалга ошириб, ушбу ойни хар бир кунини байрам кайфиятида, кўтаринки рухда ўтказадилар. Айниқса, қариялар, кўнгли синиқ касалманд, мусибатдор кишиларни холидан хабар олиш, уларни кўнглига хурсандчилик киргизиш нихоятда савобли амал эканлигини эътиборга олиб, уларга саховатпешалик ишларини амалга ошириб бормоқдалар.
Рамазон ойида Аллоҳ таоло жаннатни, осмонни, ерни ва маънавий оламни яхшилаб тайёрлаб қўяди. Мўъминларга жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Само безатилади. Бу ойда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга амр қилади: «Бориб, шайтонларнинг бошлиқларини занжирбанд қилиб денгизга улоқтир!» Ҳадиси шарифда маълумот берилишича, бу ойда шайтонларнинг оёқ-қўллари боғланади, куч-қуввати таъсирсизлантирилади, инсонларни йўлдан оздириш фаолиятлари камайтирилади. Бу – биз инсонлар учун Аллоҳ тарафидан берилган жуда ҳам яхши бир фурсатдир.
Осмоннинг безатилиши, жаннатнинг зийнатланиши, унинг эшиклари очилиши каби хушхабарлар рамазоннинг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Қаранг, агар бу ойда бирор яхшилик қилинса, бир фарз бажарилса, бошқа ойда қилингандан етмиш баробар ортиқ савобга эришилар экан. Муҳтарам биродарлар! Бу дегани қўлингдан келгунча, имкон қадар хайрли иш қилишга ҳаракат қил, дегани… Хайрли иш қилиш билан инсоннинг ғайрати ортади, маънавий камолоти ошади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган.(Бақара. 185)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг фазилатлари тўғрисида шундай марҳамат қиладиларки: «Бу шундай ойки, унинг боши раҳматдир». Яъни, инсон бу ойда Худонинг раҳматига дохил бўлади. Иншоаллоҳ, биз ушбу ойда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб турибмиз, алҳамдулиллаҳ.
(Ва авсатуҳу мағфиратун). Рамазоннинг «ўртасида эса, қулнинг гуноҳлари мағфират этилади». Гуноҳкормиз, айбдормиз, юзимиз қора, кечмишимиз қоронғу… Қусуримиз кўп бўлса-да, рамазоннинг ярмига етганимизда тутган рўзаларимиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради.
(Ва ахируҳу итқун минан-нар). «Рамазоннинг охири эса бу ойни рўза тутиб ўтказган қуллари учун жаҳаннамдан озод бўлишдир». «Эй қулим, сен рўза тутдинг, мен эса сени афв қилдим, мағфират айладим, жаҳаннам азобидан озодсан!» – дея марҳамат қилади. Аллоҳ бизни ҳам жаҳаннамдан озод бўлган ўша бахтиёр қулларидан қилсин!
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббул Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур¬қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир». Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар. (Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар)
Аллоҳ таолодан ёлбориб сўраймизки, бу муборак ойни, раҳмат ва мағфират ойини, дўззахдан нажот бериладиган, дуолар ижобат қилинадиган Рамазон ойини барчамизга хайрли ва баракотли қилсин! Уни тақво неъматига эришишимиз учун васила қилсин!
А.Рахимов
Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *