ОММАВИЙ МАДАНИЯТ –МАДАНИЯТСИЗЛИККА ТАРҒИБ

Оммавий маданият нима ўзи? Бу энг катта авратлар (уят жой)дан бошқа жойини очиб юришми, ёки ўзбек аёлларининг тор шим, калта юбка, енги йўқ кўйлаклар кийиб, сочларини сап-сариққа бўяб, ёйиб юришими? Ёки бўлмасам ўзига бек, ўзбек йигитларининг қулоқларига сирға осиб сочини кўзигача ўстириб аёллар қаторидан жой олишими? Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай деб марҳамат қиладилар: “Кимки ўзини бир қавмга ўхшатса у ўшалардандир”. Қаранг-а, биз ўзимизни ўшаларга ўхшатиш билан қандоқ оғир гуноҳга ботяпмиз. Одамлар “Замон ўзгардида” деган нотўғри фикрни айтишади. Замон ўзгаргани йўқ, замон Аллоҳники. Лекин оммавий маданият туфайли одамлар ўзгарди. Бундаги энг катта айбдорлик, албатта ота-онага, яъни оилага юкланади. Қиз ўз отаси, ака-укалари олдида бемалол, хоҳлаганча кийиниб юради. Отасидан, ака-укаларидан ҳаё қилмаган қиз, кўчада бегона эркаклар олдида қандай қилиб ҳаё қилсин? Ахир биз ота – оналар қиёматда фарзандларимиз тарбиясидан сўраламизку.
Тарбияда лоқайдлик ва эътиборсизлик сабаб, баъзи ёшлар бугунги кунда лаззатни турли нарсалардан ахтара бошлашди. Айниқса, гиёҳвандликдан, ундай бўлмаса интернетдан. Интернетдаги турли хил фаҳш ва бузуқ сайтларнинг ёки диний экстремизм ғояларининг нотўғри тарғиб, ташвиқотларига қизиқиб, шу йўлга кириб қолаётганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Юқоридаги кўнгилсиз касалликларни (буларни касаллик деб атасак ҳам бўлади. Чунки “Оммавий Маданият” турли-хил касалликарни юқтирмоқда) олдини олиш учун аввало ўзимизга қарайлик, кейин оиламизда ўсиб улғайиб келаётган қизларимизни одобли, ахлоқли қилиб тарбиялайлик. Усома ибн Шурайж айтдилар: “Аъробийлар Расулуллоҳдан (с.а.в) сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ! Инсонларга берилган фазилатларнинг энг яхшиси нима?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: ,,Аллоҳ таоло инсонларга инъом қилган фазилатларнинг энг яхшиси ахлоқдир”.
Кечаларнинг бирида Абу Дардо (р.а) намоз ўқиш учун ўринларидан турдиларда, тонг отгунча: “Эй Аллоҳ! Мени чиройли қилиб яратганингдек ахлоқимни ҳам чиройли қил!” деб йиғлаб чиқдилар. Шунда аёллари ундан: “Эй Абу Дардо! Нима учун тун бўйи қилган дуоингиз фақат аҳлоқингизни чиройли ва яхши қилиш ҳақида бўлди”, деб сўраганларида, У киши: “бир мусулмон банда ўз аҳлоқини яхшилашга ҳаракат қилавериб, охири шу яхши ахлоқи уни жаннатга киритди. Агар у аҳлоқини ёмон қилаверса, шу ёмон ахлоқи уни дўззахга киритади”, дедилар.
Аллоҳ таоло бизларни гўзал бир ўлкада, улуғ бир неъмат ичида дунёга келтирган. Бу неъматнинг қадр-қийматини билишни, мукаммал ва гўзал ахлоқли бўлишни, инсониятга энг гўзал хизматлар қилишни барчаларимизга насиб этсин.

С.Сапаев
Хива тумани “Хасан Басрий” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *