МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ САОДАТГА ЭРИШТИРАДИ

Маълумки, муқаддас динимизда хоҳ ақидавий, хоҳ фиқҳий масалаларда бўлсин ўзаро ихтилофга тушиб, турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниш қораланади. Чунончи, Қуръон оятлари ва ҳадиси-шарифлар мўмин-мусулмонларни ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатга тарғиб қилиб, унинг акси бўлган ихтилоф, парокандалик, тартибсизлик каби иттифоқни парчаловчи омилларни қоралаган.
Шубҳасиз, ҳар бир мусулмон Қуръон ва Суннани тушуниш, ундан мустақил ҳукм олиш учун етарли билим ва салоҳиятга эга эмас. Бундай ҳолда у фақатгина шахс камолоти, халқ фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигини кўзлаб ҳукм чиқарувчи мужтаҳидларга эҳтиёж сезади. Шу маънода мужтаҳид уламолар томонидан Қуръон ва Сунна кўрсатмалари асосида фиқҳий мазҳабларга асос солиниши бу – мусулмонлар бирлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлашда муҳим омил вазифасини бажарди. Мазкур услуб шариат кўрсатмаларига риоя қилишда мусулмонлар учун қулайликлар туғдириш билан бирга Қуръон ва Суннага амал қилишда Аҳли суннага зид бўлган адашишликдан ҳам сақлайди.
Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга бўлинади. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишдаги турли-туманлилик бўлиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, ҳар хил тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўътазилий, қадарий, жабарий ва муржиъий каби кўплаб тоифалар вужудга келган.
Фиқҳий ихтилофлар эса ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга мазҳаблар томонидан турлича ёндашувни англатади. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилмайди. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги унга эътиқод қилувчилар учун кенг имкониятлар туғдиради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, нисбатан энг яқин ва қулай йўл танланади. Мусулмон кишининг бирор-бир мазҳабга эргашишини ҳам айнан шунга қиёслаш ўринлидир.
Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш асло мумкин эмас. Бунинг акси ўлароқ фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим деб қаралган. Зеро, мазҳаб – оддий инсонлар учун чигал ва тушунарсиз бўлган фиқҳий масалаларни осонлик билан ҳал этиб унга амал қилиш имконини яратади.
Усулул-фиқҳ уламолари: “Тақлид – шариатга амал қилишда далилни билмаган шахснинг уни билган ва ечимини берган шахс фикрини қабул қилиб, амал қилишидир”, – дея таърифлаганлар. Демак, муқаллид, яъни тақлид қилувчи ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс бўлиб мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Ҳатто мусулмон шахс баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади: “Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Саҳоба ва тобеинлар даврида мужтаҳид бўлмаган мусулмон ўзи билмаган масалаларни мужтаҳид бўлганлардан сўраган. Агар динга тақлид мумкин бўлмаганда сўровчилар савол бермаган ва сўралган шахслар ҳам уларга: “ўзингиз ижтиҳод қилинглар”, – деб айтган бўларди. Зеро, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларда бунақа ҳолат учрамаганлиги тарихий ҳақиқатдир. Шу сабабли мужтаҳидга тақлид қилиш лозимлиги саҳоба ва тобеинлар ижмоъси билан ўз исботини топган. Қолаверса, забардаст ислом уламолари томонидан ҳам кўплаб фатволар чиқарилиб, шахсни ўзига маъқул бўлган мазҳабга тақлид қилишга чақирганлар. Уларнинг орасида аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан” номли китобида келтирган фикрлар эътиборга молик. Зеро, алломанинг фикрича, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятда бўлиб, уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади.
Демак, мазҳабга эргашиб саодат йўлини топамиз. Лекин мазҳабни инкор қилиб, биз “асл”ни ушлаймиз, деб юрган баъзи бир салафийлик оқимидан илҳомланиб юрганлар залолатга қараб тубанлашаётганини ўзлари англаб етмаяптилар. Шу сабабдан 1200 йилдан буён миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган Ҳанафийлик мазҳабини маҳкам ушлаб, ислом дини арконларини ушбу Имом Аъзам мазҳаби асосида бажариш ва уни асраш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.

А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *