БАҒРИКЕНГЛИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Маълумки мустакилликдан кейин Юртимизда виждон эркинлиги тўлиқ таъминланди. Бу эркинлик фуқароларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиш ёки хеч қандай динга эътиқод қилмаслик хукукини беради. Мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан ошиғи мусулмон бўлиши билан бирга бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳам бор ва уларга мусулмонлар қаторида барча эркинликлар тўлиқ кафолатланган. Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайриҳох ва тарафдорлари кўпайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг хаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва багрикенглиги, одамзотни комиллик ва эзгуликка чорлаши билан боғлик. Бағрикенглик-инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, демократия ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик– ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир. Диний бағрикенглик эса виждон эркинлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади, у бошқа шахс ёки динга ҳурматни билдиради. Турли дин ҳамда конфессия вакиллари эътиқодида ақидавий фарқлар бўлишига қарамай, уларнинг ёнма-ён ва ўзаро тинч-тотув яшашини англатади.

Ўрта Осиё, хусусан юртимиз Ўзбекистон қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар, миллатлар яшаган ва яшаб келаётган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани ерли халқнинг диний ва маданий ҳаётига таъсир кўрсатган ва ўз навбатида, бизнинг маданиятимизга акс таъсир ўтказгани ўзига хос ижтимоий турмуш тарзини шакллантиришда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган.

Мустақилликка эришган ҳар бир халқ ўз тараққиёт йўлини танлаши, янги жамият ва давлат бунёд этишда ўз андозасини ишлаб чиқиши табиий ҳол ҳисобланади. Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгач миллий хусусият ва анъаналар, халқаро майдонда тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлатни қўриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлини танлаб олди.

Мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли дин вакиллари ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устиворлигига асосланган тенг ҳуқуқлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини қарор топтириш, улар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди. Давлатнинг динга муносабати “инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, деган янгича тамойил асосида белгиланди.“Ўзбекистон турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда”. Бағрикенглик Ислом шариатининг энг улкан мақсадидир.Бағрикенгликка динимизда “мурувват” дейилиб, бу тушунча кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, демакдир. Ислом динимиз азалдан инсониятга, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Бунга мисолларни ҳам диними таълимотларидан, ҳам тарихдан жуда кўплаб келтириш мумкин. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Унинг расули Муҳаммад (а.с.)нинг умматларга берган кўрсатма эди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганинг-да, атрофингдан тарқаб кетар эдилар”, (Оли Имрон. 159), “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга тортмасин” (Моида, 2); “…Ораларингизда аҳду паймон бўлган қавмга келиб қўшилган ёки сизлар билан урушиш ҳам, ўзларининг қавми билан урушиш ҳам жонига тегиб, олдингизга келган кимсаларга (тегмангиз!)” (Нисо, 90) дея марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир”, дейилган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” дея марҳамат қилинган.

Ислом дини биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: “барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим” ва ҳоказолар.Албатта маърифатли халқимиз дин нимаю, дин номидан ўз мақсади йўлида фойдаланаётганлар кимлар эканлигини жуда яхши билади ва ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган диний қадриятларимиз ва миллий урф-одатларимизни ёш авлодларга бекаму кўст етказиб боради.

Хонқа тумани “Мусо ал-Хоразмий”

масжиди имомхатиби

Ж.Нурметов

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *