КИТОБ – БИЛИМ ЧАШМАСИ!

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиѐқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Айниқса, буни доноларнинг ўгитлари, ѐзма манбалар, халқ оғзаки ижоди дурдоналари, халқнинг анъанавий тарбия усулларида акс этган китоб билан боғлиқ хилма-хил ҳаѐтий удумлар ва урф-одатлардан ҳам билиш мумкин. Халқ китоб ҳақида нақл-ривоятларгина эмас, балки кўплаб мақоллар, топишмоқлар, ҳикматлар ҳам яратган. Жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг китоб ҳақидаги ушбу мисраларини келтиришимиз мумкин.
  Билимдонлар сўзи бордур бу бобда:
“Билимдон гўрда-ю, илми китобда!”
Агар ѐлғиз эсанг, ҳамдам китобдур,
Билим субҳидаги нур ҳам китобдур.

Китоб ва китобхонлик ҳақидаги халқ анъанавий пандномаси билан улуғларнинг дунѐқараши, мулоҳазалари бир-бирига жуда яқин, бири иккинчисини тўлдиради. Бу ҳол китобнинг катта маънавий кучга эгалиги, китобхонлик инсон учун юксак мезон
экани билан изоҳланади.

Китобхонлик тор маънода китоб ўқишни билдирса, кенг
маънода танлаб ўқиш, ҳис этиш, англаш ва фикр билдириш тушунчаларини ўз ичига қамраб олади. У бадиий адабиѐт, адабий танқид ва педагогика кўмагида юксала боради.

Китобхонлик кеча ѐки бугун туғилган эмас. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Абу Абдулло алХоразмийнинг “Мафатих ал-улум”, Юсуф Хос Ҳожибнинг
“Қутадғу билиг”, Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий”, Хондамирнинг  “Макорим ул-ахлоқ” ва Алишер Навоий, Заҳириддин Бобурларнинг қатор асарларида китобхонликка оид қимматли фикрлар баѐн қилинган. Китобхонлик  адабиѐтшунослик ва таълим-тарбиянинг муштарак ва муҳим соҳаси сифатида, шубҳасиз, чуқур изланишларни тақозо этади.

Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ѐшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ѐки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўтган кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди.

Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаѐтда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси.Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади.

Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради. Бироқ инсониятнинг минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ѐш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра самаралироқ восита йўқ

 

 

 

Янгиариқ туман “Хазрати Ғоиб ота”                                                    масжиди ходими:                                                         Рахимов Рамзбек

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.