МУСИБАТ ХАМ НЕЪМАТДИР

Ҳақиқатан ҳам бу дунё синов ҳаётида бошимиз турли хил имтиҳонларга дуч келади. Баъзида бизнинг кўзимизга чиройли, фойдали, неъматдек бўлиб кўринган иш, оқибатда бизлар учун бало, офат, ёмонлик бўлиб чиқади. Баъзида эса биз ёқтирмаган, ёмон деб билган мусибат, оқибатда биз учун манфаатли, хайрли ҳақиқий маънодаги неъмат бўлиб чиқади.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 216-оятида шундай марҳамат қилади:

“…Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир сиз билмассиз.”

Инсоннинг табиати шундоқ, машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин ислом, одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда бўладиган, икки дунёда бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади.

Энг яхши одам мазкур дунё матоҳларига берилиб кетишдан ўзини тийиб, сабр қилган кишидир. Чунки у, дунё матоҳидан ўта ҳурсанд бўлиб кетмайди, уларга ружуъ қўймайди, маишатпарастликка берилмайди, ўйин кулги, кўнгилҳушлик кетидан қувмайди, ҳавои нафси иштаҳа қилган нарсаларда сабр қилади.

Ўзига берилган барча неъматларда Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилади. Молидан инфоқ қилади. Танаси билан ҳалойиққа ёрдам беради. Тили билан яхшиликларни сўзлайди ва Аллоҳга шукр қилади.

Ривоят қилинишича, икки фаришта ердаги зиммасига юклатилган вазифаларини бажариб, юқорига кўтарилаётиб, тўртинчи осмонда бир бирига йўлиқиб бири иккинчисидан: “Қандай ишга буюрилдинг”? У: “Мен шундай бир ишга буюрилдимки, шу вақтгача бундай ажабланарли ишни кўрмаганман. Ҳозир солиҳ, яхши бир одам вафот топди. Ўлими олдидан чанқоқ босди ва унинг фарзанди унга бир идишда сув тутди. Аллоҳ менга буюрдики бориб сув тутқазган кишини қўлини туртворгин, сув тўкилсин деди. Мен бориб унинг қўлидаги сувни тўкдириб юбордим. Натижада ўлаётган солиҳ банда сувни ичаолмай дунёдан кўз юмди. Чунки бу банданинг кечирилмай қолган биргина гуноҳи қолган эди. Ўлими олдидан чанқоқ азоби унинг гуноҳига каффорат бўлиб кечирилди ва Роббиси ҳузурига бегуноҳ бўлиб кетди.

Иккинчи фаришта ҳам: “Мен ҳам ажабланарли бир ишга буюрилдимки шу кунга қадар бунчалик ишни гувоҳи бўлмаганман. Ҳозир Аллоҳ таъоло бир ноқобил бир яҳудийни жонини олиш арафасида, унинг эса ўлимидан хабари йўқ, лекин унинг кўнгли бир балиқ ейишни тусаяпти. У балиқни олиб келиш учун ҳозир одамларини дарёга жўнатди. Менга Аллоҳ таоло томонидан буюрилган вазифам, улар ташлаган тўрига айнан у хоҳлаётган балиқни ҳайдаб келиб, илинтириш бўлди. У банда кўнгли тусаб турган балиқни ейиши билан оламдан кўз юмди ва унинг бу дунёда қилган биргина яхши амали бор эди, бу яхши амали эвазига мана шу дунёда кўнгли тусаган балиғини роҳат билан ейишлиги сабабидан охиратдаги бериладиган мукофотдан насибаси буткул қирқилиб Роббисига йўлиқди” деди.

Ҳазрат Умар р.а.нинг ҳузурларига бир идишда асал солинган ширин сув келтирилди. Ҳазрат Умар р.а. сувни қўлларига олиб: Бу берилган сув Роббим томонидан ҳаётда қилган яхшилигимни эвазига берилмаяптимикан? Бу билан Аллоҳ таъоло охиратдаги берадиган мукофотини шу дунёдаёқ бериб охиратдаги насибамдан маҳрум қилмаётганмикин? деб, ўша сувни ичишдан бош тортган эканлар.

Шундай экан биз мўмин мусулмонлар икки дунё саодатини умид қилган бандалармиз. Бу ҳаётимизда бирор бир қийинчилик етса сабр қилиб, яхшилик неъмати келса шукр қилишимиз Аллоҳ таолонинг биз учун тақдир қилган қисматига рози бўлганлигимизни аломатидир.

Абу Саъид ва Абу Ҳурайра р.анҳумолардан ривоят қилинади. Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: Бирор мусулмон кишига заҳмат, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам етиб ҳатто бир тикан санчилса ҳам, Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўша сабабли ўчиради”, деб марҳамат қилдилар.

Демак бизларга етган ҳар қандай қийинчилик, мусибат биз ўйлаганчалик бало ёки офат, ёмонлик эмас, балки бизга берилган неъмат экан. Чунки Аллоҳ таъоло бу каби синовларни бериш билан гуноҳимизни кечириб ўзига яқин бўлишимизни ирода қилар экан.

Саъид ибн Абу Ваққос р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтдилар: “Эй Росулулллоҳ с.а.в. қайси одамлар энг қаттиқ мусибатга мубтало бўлишган?” деб сўрадилар. Шунда Росулуллоҳ с.а.в: “Пайғамбарлар, сўнгра солиҳлар ва шуларга ўхшаган одамлар. Киши дини миқдорича балога мубтало этилади. Бас агар у динида мустаҳкам бўлса, бало ҳам унга зиёда этилади ва агар у динида камқувват бўлса, бало ундан енгиллаштирилади. Банда ер юзида хатодан холи бўлиб юрганига қадар, унинг бошига бало офатлар келиши давом этаверади” дедилар.

Аллоҳ таоло “Фажр” сурасининг 15-16-оятларида шу ҳақида марҳамат қилади:

Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори имтиҳон учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер.

Аммо, қачонки, (Парвардигори) уни имтиҳон учун ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, -дер.

Аллоҳ таоло барчамизни мусибатларга сабр қилувчилардан қилсин!

                                                                                              Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *