ДИНИНГИЗДА ХАДДАН ОШМАНГ

Албатта, ислом дини бағрикенглик ва енгиллик динидир. Одамлардан машаққатларни  кўтариш учун келган бу дин Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал қилиб юборилган.
Шунинг учун ҳам унинг буюк принсиплари орасида динда ҳаддан ошишни инкор қилиш ҳамда ундан огоҳлантиришлар ҳам бор. Нега? Чунки, бу ишнинг хатари оғир, оқибати ёмон.
Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу чиқиб кетиш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир.
Шайтони лаин мусулмон бандани йўлдан уриш ва уни залолатга бошлаш учун икки йўлдан фойдаланади ва мусулмон банда ана шу икки йўлдан қайси бирига юрса ҳам шайтон учун фойдалидир:
Агар мусулмон банда ғайратсиз ва камчиликка йўл қўйиб юрадиган кишилардан бўлса, шайтон уни хорлашни кучайтиради, зиммасидаги мажбуриятларни бажармасликни унга енгил бир иш қилиб, ҳаром амалларга қўл уришни чиройли қилиб кўрсатади. Натижада мусулмон ана шу ишлари билан Аллоҳ ва Расулининг итоатидан йироқлашиб кетаверади.
Бугунги кундаги такфирчиларнинг хатти харакатлари, хунрезликлари билан хаворижлардан хам ошиб тушмоқда. Такфир масаласи ниҳоятда оғир кулфатларга олиб келгани боис ҳанафий уламоларимиз кейинги уммат хаворижлар қилган хатони такрорламасликлари учун ақида китобларида бу нарсани баён қилиб кетишган. Жумладан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг «Фиқҳул акбар» номли асарида: «Мусулмон кишини гуноҳлардан бир гуноҳни қилгани билан уни кофирга чиқармаймиз, модомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса», – дейилган.
Мисрлик ҳанафий уламоларидан бутун ислом оламида тан олинган имом Таховийнинг “Ақидатут-Таховий ” асарида шундай дейилган: «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир санамаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса» (“Ақидатут-таҳовий” матни).
Ушбу такфирий жамоларнинг хаворижларга яна бир ўхшаш томони шуки, уларга сулҳ таклиф қилинса, ҳеч қачон сулҳга рози бўлишмай, қон тўкишда давом этишади. Расулуллоҳ Мадинага хижрат қилиб келганларида, Мадинада яшаб келаётган тўртта яхудий қабиласи бор эди. У киши улар билан дўстона муносабатларини ўрнатиш учун битим тузганлар. Машҳур Худайбия сулҳида эса Макка мушриклари билан сулҳ тузганлар.
Мурувват, диний бағрикенглик исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги яхши бир омилдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга хақиқий ибрат, намуна эдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани бўлмаган. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўла туриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шахарларидан қувиб чиқарган Маккалик мушрикларни ҳам, тошбурон қилиб у зотни яралаган ва ўз шаҳридан қувган Тоифликларни ҳам, ўзининг амакилари ва мусулмонларнинг энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам  хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар. Аллоҳ таъоло қуръони каримда хаддан ошишлик тўғрисида яна шундай деб марҳамат қиладики:
“Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки, У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир”.
Динда ҳаддан ошиш ҳам туғёнга кетиш ва Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилишга киради.
– шунингдек, динда ҳаддан ошиш ва унда ўзига оғир қилиб олишдан ҳам қайтарган:
Пайғамбар (с.а.в) эса: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”,
Яна: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзининг лутфу карами билан бизларни нажот топадиганларнинг йўлига бошлашини, ошкора ҳолатда ҳам, махфий ҳолатда ҳам бирдек суннатга эргашишни насиб этишини, бидъат ва хурофот ишлардан бизларни сақлашини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

М.Қозоқов
Янгиариқ тумани “Хожи бобо” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *