ОИЛА МУСТАХКАМЛИГИНИНГ АСОСИ БУ ТОТУВЛИКДИР

Оила — жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчас боғлиқ. Демак, оилалар мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли ҳолат. Ушбу масала юзасидан кўплаб юртдошларимиз билан мулоқот қилар эканмиз, улар келтираётган сабаблар ҳам турлича.
Баъзилар ажримларни глобаллашув билан боғлайди. Инсонларнинг ҳаддан ташқари эркинлашиб кетаётгани оқибатида кўпчилик фақат ўзини ўйлайдиган, масъулиятсиз бўлиб қолган, деган фикрлар ҳам кўп билдирилди. Назаримда, бу муаммо маънавиятимиздаги айрим нуқсонлар билан боғлиқдай.
Ажримларга фақат келинлар айбдор, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Қизлар турмушга чиққанидан кейин янги оилада ўз ўрнини топиши осон эмас. Ота уйида эркаланиб юрган қиз бу ерда эътибор марказида бўлади. Уй юмушларининг барчаси унинг зиммасига юкланади. Ундан бошқа ҳамма телевизор тагида оёғини чўзиб ўтиради. Хонадонда алпомишдай йигит ё барчинойдай қиз бўлса-да, уларнинг уй юмушларини бажариши «қоида»ларга тўғри келмайди. Ҳаммасини келин қилиши керак! Йўқса, келиннинг «тарбияси бузилиб» кетиши мумкин. Афсуски, бундай фикрловчилар кўпчилик. Ҳам ишлаш ёки ўқиш, ҳам оила юмушларини бажариш баъзан ёш келинга оғирлиқ қилади. Ана шундай вазиятда оилаларда турли можаролар, муаммолар келиб чиқади.
Мусулмон киши ёшлигидан оилавий муносабатларга тайёргарлик кўришни бошлаб, келажакда елкасига тушадиган масъулиятни кўтаришга маънан ҳозирланиб боради. Балоғат ёшига етгач эса, ислом дини кўрсатмаларига мувофиқ оила қуради. Маънан ва жисмонан соғлом бола тарбиясининг асоси ҳам айнан муносиб никоҳ қуришда қўйилади.
Айни пайтда, ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик чақирилган бўлса, уни бузилишидан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий етишмовчилик, ғийбат, туҳмат, турли гап-сўзлар сабаб юзага келувчи оилавий келишмовчилик, сабрсизлик, енгил ҳаёт иштиёқида никоҳни бузиш ёки бировнинг оиласи тинчлигига раҳна солиш исломда қаттиқ қораланган. Бу борада ҳадиси шарифларда: «Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ва низо чиқишига сабабчи бўлса, у ислом аҳлидан эмас», дейилган.
Аёл оиланинг бир бўғини ҳисобланади. Жоҳилият даврларида аёлларга паст назар билан қараганлар. Ислом дини эса, аёлларга катта хуқуқлар бериши билан бирга шарафли ва масъулиятли вазифаларни ҳам юклайди. Албатта, бу аёлнинг оилада ўзига хос ўрни борлигининг ишорасидир. Расулуллоҳ (с.а.в) дан саҳобалар: “Ҳар биримизнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат?”- деб сўрашганида, У Зот: “Ўзингиз еганингиздан едирмоғингиз, кийганинггиздан кийдирмоғингиз, юзига урмаслигингиз, ёмон сўзлар билан хақорат қилмаслигинггиз, уришиб қолган тақдиринггизда ҳам фақат уйнинг ташқарисига чиқмасдан ётоқ ичида тўшагингизни бўлак қилиб юришинггиз мумкин”деб жавоб берганлар.     Яратганга шукрлар бўлсинким, истиқлолдан кейин ҳам аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёлларимиз жамиятда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлди. Уларнинг оилада ҳам муносиб ўрни борки, оила қўрғонини аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломда оила ва никоҳ масалаларига алоҳида эътибор берилиб, эр-хотин муносабатлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Шунингдек, никоҳга бўлган тарғиб, у пайғамбарларнинг суннатларидан экани, унга эргашиш кераклиги таъкидланган.
Шу билан бир қаторда, муқаддас манбаларимизда оиланинг бузилиши қаттиқ қораланиб, жумладан: «Уйланинглар, талоқ берманглар. Чунки талоқ деганда Арш ларзага келади», дейилган. Шундай экан, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилаларни асраш, бузилишига йўл қўймаслик, фарзанд тарбияси учун муносиб муҳит ва шарт-шароит яратиш юрт истиқболини белгиловчи муҳим омиллар эканини ёдда тутиш зарур бўлади.
Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёр¬лаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маънавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам ¬эътибор қаратамиз. Муомала маданиятига эга бўлмаган, қўлида бирон ҳунари йўқ, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини сабр-бардош билан енгиб ўтишга маънавий салоҳияти етмайдиган қиз яхши келин бўлиши даргумон.
Оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар моддий қўллаб-қувватланмоқда, нотинч оилалар ўрганилиб, яраштирилмоқда, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилмоқда.

Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *