КИБРЛИ КИШИ ЖАННАТГА КИРМАЙДИ

            Ҳар бир мўьмин-мусулмон инсон қаттиқ ҳазар қилиб , сақланиши лозим бўлган, катта гуноҳлар рўйхатида ширкдан кейинги ўринда саналадиган  гуноҳ ишлардан бири кибр ва манманликдир.

   Кибр сўзи луғатда “катталик” маъносини билдириб, ўзини бошқалардан устун қўйиш, бошқаларни паст санаш деган маьноларни билдиради. Кибр Аллоҳга нисбатан содир этилган гуноҳларнинг биринчиси кибр бўлиб       уни Иблис содир этган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад) эсланг, биз фаришталарга одамга таьзим қилинг, дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди” (Бақара, 34).

   Бошқа бир оятда: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монеьлик қилди?” У (Иблис) деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан, уни (Одамни) эса лойдан яратдинг” (Аьроф, 12).

   Иблис Аллоҳни ҳеч қачон инкор қилмаган. Унинг гуноҳи Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунмасдан такаббурлик қилганидир.

Кибрли, димоғдор кимса: “Мен атрофдагилардан устунман, бошқалардан кўра ҳурмат-эътиборга кўпроқ лойиқман”, деб ҳисоблайди. У буни очиқ-ойдин айтмаса-да, қилаётган ишлари, айниқса, ўзини тутишидан билиниб туради. Шуни эслатиб ўтиш жоиз, иззатталаблик, манмансираш, кеккайиш, бировларнинг ишини ерга уриш, кишиларни менсимаслик, одамларни таҳқирлаш, уларни оёқ учида кўрсатиш каби иллатлар мутакаббир кимсаларга хос бўлган асосий белгилардандир.
Жалолиддин Суютий ҳадисни “Кибрли одам муттақийлар билан биринчилар қаторида жаннатга кирмайди”, деб шарҳлаган. Шунга кўра, мутакаббир одам Ислом умматига мансуб бўлса, қиёмат куни гуноҳига яраша жазоланиб, покланганидан сўнг Аллоҳга имон келтиргани шарофатидан бошқалардан кейин жаннатга киради.

   Имоми Ғаззолий кибрнинг бадбахтлик эканини қуйидагича баён қилади: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбааси кибр ва ғафлатдадир”.

Абу Салама ибн Абдураҳмондан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос Марвада учрашиб, суҳбатлашишди. Кейин Абдуллоҳ ибн Амр кетди. Абдуллоҳ ибн Умар қолди. Ибн Умар йиғлади. Шунда бир киши: “Эй Абу Абдураҳмон, нега йиғлаяпсан?” деди. Анави (яъни, Абдуллоҳ ибн Амр) таъкидлашича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зиғирча кибр бўлса, Аллоҳ уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга улоқтиради”, деб айтганларини эшитган экан”, деди” (Аҳмад ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мутакаббирлар қиёмат куни кичик қизил чумоличаларга ўхшаган кишилар суратида ҳашр қилинадилар. Уларни ҳар бир маконда хорлик ўраб олади. Улар жаҳаннамдаги “Булас” номли қамоққа ҳайдаб борилади. Уларнинг устида оловларнинг олови бўлади. Улар тийнатул хабол – дўзах аҳлининг йиринги билан суғориладилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилган) дейилган.

Қўрслик, қўполлик, манманлик ҳам қалб касалликларидан саналади. Мана шу иллатдан покланиш учун нафсни тийиш, кибрни ўлдириш керак. Ким жаннатга киришни истаса, нафсига эрк бермайди. Жаннатга кириш умидидаги инсон катта кетмайди, қўпол муомала қилмайди, мулойим, хокисор ва мутавозе бўлади. Бундай инсонларни Аллоҳ ҳам яхши кўради, одамлар ҳам ҳурмат-эҳтиром қилади. Қўполлик билан, кибр-манманлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бу икки иллат ила эришиладиган нарса – жаннатдан мосуво бўлиш, Аллоҳнинг ғазаби, одамлар нафрати. Кибрнинг, қўполликнинг бундан бошқа “мукофоти” йўқ.   Аллоҳ таоло биз бандаларни кибрланишдан қаттиқ қайтаради: “Ер юзида кибру ҳаво билан юрма. Албатта,  сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан”(Исро, 37). Бошқа оятда эса: “Одамлардан такаббурларчаюз ўгирма ва ер юзида кибр ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас!” деган (Луқмон, 18).

  Ҳазрати Расулуллоҳ с.а.в барча амаллари, сўзлари ва туриш-турмишлари билан камтарликнинг буюк намунаси эдилар. Бизлар шу зотнинг ҳаётларидан ибрат олишимиз лозим.

 

                                                                                  Ш.Болтаев

Ҳазорасп тумани “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *