ИБОДАТНИНГ ФАЗЛИ

Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни Ислом, модомики яхшилик қилгувчи киши одамларнинг мақтови, уларнинг орасида обрў- эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисоблайди. Қайғуда қолган  одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганнинг қарзини узишга кўмаклашиш, фарзандлари бор камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор –бир ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат еткариш- мана шуларнинг барчаси агар ният тўғри бўлса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлардир.

 Ана шундай турдаги кўплаб амаллар борки Ислом уларни Раҳмонга ибодат қилиш деб, иймоннинг шўъбаларидан деб, Аллоҳнинг наздида савобга молик қиладиган ишлардан деб белгилаган.

Ибодат икки турли бўлади:

Биринчиси–беминнат хизматкор бўлиш ибодати.

Бунда инсоният, ҳайвонот ва наботот оламлари тенгдир.

Иккинчиси–ихтиёрий ибодат.

Бунда фақат инсон қиладиган ибодат кўзда тутилади.

Ибодатнинг ҳақийқати:

Ибодат, аслида, ўзини ғоятда хокисор тутиш ва ғоятда олий даражада бўйсунишдир. Шунинг учун ҳам, шариат мукаллаф бандалардан таклиф қилган амаллар «ибодат» деб номланган.

Қуръони Каримда «ибодат» сўзи «тавҳид» ва «тоат» маъноларида келган.

Аллоҳ таоло «Заарийаат» сурасида: «Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур. Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир», деган (55–58-оятлар).

Ушбу қисқагина оятларда улкан ҳақийқат ўз ифодасини топган. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилиш экан.

Кўпгина исломий тушунчалар қатори ибодат тушунчасида ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда, ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ушбу тушунча билан ҳозир тафсир қилаётган оятимизга мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказмоқлари лозим бўлиб қолади. Чунки, инсу жинни Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилиши учун яратган.

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим.»

Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс, ҳалигидай тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.

Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бош-қа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халийфаси (ўринбосари) деб эълон қилган.

Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.

Келинг, «ибодат» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз.

«Ибодат» сўзи араб тилида, «бўйсуниш», «ўзини паст тутиш», «итоат этиш» ва «амрни бажариш» маъноларини англатади.

Демак, ҳар бир ишда Аллоҳ таолога бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳ таолонинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишни англатар экан.

Уламолар истилоҳида эса, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир.

Алоҳида таъкидлаб айтмоқ лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этади. Улар улкан ибодатлар, буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ердаги хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир.

Шунинг учун, одам намоз ўқиётганда ўзини Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганда Аллоҳ таолога номаъқул иш қилаётгандек туюлиши мумкин. «Ибодат» маъносини тўғри тушунадиган бўлсак, унинг жуда кенг ва комил тушунча экани маълум бўлади. Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади.

Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:

–Ҳар бир иш Қуръон ёки суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим.

–Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ керак.

Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим.

                                                                                             М.Қозоқов

Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор вали” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *