ДИН НИҚОБИ ОСТИДА

Тинчлик ва хотиржамлик  қанчалар буюк неъмат эканини  ҳис қилиш учун ушбу неъматларни бой бериб қўйган халқларнинг аҳволига ибрат кўзи билан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя.

Муқаддас динимиз ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят)

Ҳозирда динни ниқоб қилиб, ўзларининг манфур ниятларини амалга оширмоқчи бўлаётган оқим аъзолари жамият орасида можароларни, зиддиятларни келтириб чиқариши, барқарорлик ва хавфсизликка тахдид солишга уринаетганлиги жиддий ташвиш туғдирмоқда. Динни қурол қилиб олган баъзи экстремистик ҳаракатлар бугун умуман кишилик жамияти ҳаётига таҳдид солаётгани энг ачинарли ҳолдир.

Террористик ташкилотлар дин ниқоби остида турли ғоялар орқали ёшлар онгига таъсир ўтказишни мақсад этгани ҳаммага маълум. Аксарият ҳолларда уларга эргашаётганлар юзаки ҳайқириқларга маҳлиё бўлиб қолишмоқда. Бундайларнинг ҳаёти билан қизиқсангиз, руҳиятида поракандалик ва паришонлик оқибатида ўзи англамаган ҳолда кимларгадир мутеликка юз тутганлигининг гувоҳи бўласиз.

Энг ёмони, ақидапарастлик ҳақиқий диндорлар ва сохта диндорлар ўртасидаги қарама-қаршиликларни кучайтиради. Натижада бир мамлакат аҳолиси ўртасида бир-бири билан келишолмаслик кайфияти пайдо бўлади. Бу иллат озгина ҳис-ҳаяжонга берилиш оқибатида қонли тўқнашувларга айланади. Бундай салбий ҳодисалар ён-атрофимиздаги мамлакатларда юз берганлигини телевидение, матбуот нашрлари орқали билиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Шунинг ўзиёқ бизни ҳушёрликка чорлаши, огоҳликка даъват этиши керак. Буларнинг барчаси ҳаётимизга, тақдиримиз ва келажагимизга жиддийроқ қарашимизни тақоза этади. Биз ҳар қандай сохта шиорлар, баландпарвоз даъватлардан кўра кўпроқ ақл-идрокка, том маънодаги ислом тафаккурига таяниб иш тутишимиз лозим.

Тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Мусулмон киши шуки унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!» деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси — саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан — инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда айрим фирқа ва тоифаларнинг мусулмонман, деб турган ҳалқнинг ичида парокандалик,оилаларида зиддиятларни келтириб чиқаришга уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.

Минг афсуски, бундай манфур кучлар асосан илм ва маърифатдан йироқ, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаган кишиларни, асосан ёшларни жалб этишга интилиб, ўз Ватанини тарк этишга даъват этмоқда.

Демак, экстремистик оқим азолари тамонида бугунги кунда дин ниқоби остида ёшлар тарбиясига кўрсатаётган салбий таъсири ҳар бир мамлакат, давлат, халқ олдида турган долзарб муаммолардан бири саналади. Бундай шароитда ўсиб келаётган баркамол авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгини турли хил ёт ғоя ва ахборот хуружлардан сақлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Х.Кенжаев          

 Урганч шахар бош имом-хатиби     

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *