ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин.
Диний ва миллий байрамларимиздан бири бўлган Қурбон ҳайити байрами табора яқинлашиб келмоқда. Сиз азизларни ушбу улуғ байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осойишта, халқимизни фаровон айлаб, келаётган Қурбон ҳайити баракоти билан эл-юртимизни, хонадонларимизни, дехқончилик ва касбу корларимизни файзу баракотларга тўлдириб, ҳалқимизни меҳрли оқибатли қилсин.
Мана юртимизда катта байрам дея эътироф этиладиган Қурбон ҳайити байрамини нишонлаш тўғрисида ҳам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 11 август – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2019 йил 11 август Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлаши тўғрисидаги қарорларини имзоладилар.
Энди барчаларимиз Қурбон хайити байрамида қилинадиган қурбонликлар қай тарзда ва қай йўсинда қилинишлиги тўғрисида озгина маълумотга эга бўлсак.
Қурбон хайитида имкониятлари бўлган мусулмон уммати Худо йўлига ўзларининг тайёрлаб қўйган жонлиқларини қурбон қиладилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз. Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз”. Пайғамбаримиз с.а.в.дан Қурбонлик қилиш ҳақида сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, узҳия бу нима?” Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Отангиз Иброҳим а.с.нинг суннатидир”. Яна сўрадилар: “Ундан бизга нима фойда бор?” Расулуллоҳ с.а.в. “Ҳар бир туки учун савоб бор”, дедилар”.
Қурбонлик арабчадан “қурб” сўзидан олинган бўлиб, “яқин бўлиш” маъносини англатади. Яъни, бизлар Аллоҳ таоло йўлига жонлиқ сўйиб, Аллоҳга яқинлашамиз. Чунки бу ҳам бир ибодатдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида у ерлик халқлар йилнинг икки вақтида байрам нишонлаш одатлари бор эди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. улардан:- Бу қандай кун?, деб сўраганларида, улар:- Биз жоҳилият вақтидан буён ўйнайдиган кунларимиздир, деб жавоб бердилар. У Зот: — Аллоҳ таоло сизларга булардан кўра яхшироқ икки кунни: Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини байрам қилиб берди. “Албатта қурбонлик куни ейиладиган, ичиладиган ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилинадиган кундир”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳайит байрами муносабати билан ҳар биримиз қабристон ва зиёратгоҳларга зиёрат учун борамиз. Ўтганларимиз руҳларига дуолар қилиб, ҳайру эхсонлар тарқатамиз. Зиёратларимиз чиройли бўлиши учун, байрам олдидан қабристонларимизни ёввойи ўтлардан тозалаб, байрам куни зиёратга борганимизда бемалол зиёрат қилиш учун тайёргарлик ишларини хозирдан бошлашимиз лозим. Зеро халқимизда “Ўтганларнинг руҳини шод этай десанг масканини обод қил”- деган мақол бор.
Энди ҳайру эҳсон масаласига келсак, байрам кунлари қабристонга нон ва ҳар-хил озиқ-овқатлар олиб бориш, жонлик сўйиб қазон осиб овқат пишириб қабристонда таом ейиш жоиз эмас. Хайру эҳсонларимиз қабул бўлсин деган хар бир мўмин мусулмон эҳсонини ўз ўрнига, яъни бева бечораларга тарқатса тўғри ва савоб ишлардан бўлар эди.
Қурбон хайити байрами муносабати билан ҳайит намози адо қилингандан кейин ўзига тўқ, зарурий эҳтиёжларидан қиймати кумуш нисоби миқдорига етадиган ошиқча мулкга эга бўлган ҳар бир мусулмонга қурбонлик сўйиш вожиб ибодатлардан хисобланади. Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида “Одам боласи учун қурбон ҳайити куни Аллоҳ таоло йўлида қурбонлик қилишдан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқ. Шубҳасиз, у сўйилган жонлик қиёмат куни шохлари ва жунлари билан (гувоҳликка) келади. Ҳеч шубҳа йўқ, қурбонлик ҳайвоннинг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. (Бас шундай экан) қурбонлик қилиш билан кўнгилларингизни хушнуд этинглар”- дея марҳамат қилганлар.
Қурбонлик сўйишнинг вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилгандан бошлаб ўн иккинчи кунининг қуёши ботишидан олдинроғидир. Бу ибодат фақир, мискин ва мусофирларга вожиб эмас.
Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар қўй, эчки, қорамол, туялар ҳисобланади. Қўй ва эчки бир ёшга, қорамол икки ёшга, туя беш ёшга тўлган бўлиши шарт. Қурбонликка танланган ҳайвонлар қусурсиз бўлиши керак. Агар ҳайвоннинг икки ёки бир кўзи кўр бўлса ё ўта даражада ориқ бўлса ёки сўйиладиган жойгача юриб бора олмайдиган даражада оқсоқ бўлса ва қулоғи, қуйруғи ёки тана аъзоларининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесилган бўлса қурбонликка ярамайди.
Қўй билан эчки бир киши учун, қорамол ва туя бир кишидан етти кишигача қурбонликка сўйилади. Етти киши шерик бўлиб сўйилган қурбонликда барча шериклар айнан қурбонлик ибодатини ният қилиши ва гўшти еттига тенг бўлиниши лозим. Акс холда қурбонлиги ҳисобга ўтмайди. Ҳар бир одам ўзи сўйган қурбонлигининг гўштини учга тақсимлаб бир қисмини хонадонига қолдириб, бир қисмини пишириб зиёфат қилиб қўни қўшни, дўсти ёрларини чақирса, бир қисмини хомлигича бева бечораларга тарқатса энг савобли амаллардан ҳисобланади.
Муҳтарам азизлар! Қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаш учун миллий, диний қадриятларимизга амал қилсак, кўча куйларимизни, хонадон ташқариси ва ичкариларини покизалаб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборсак нур устига аъло нур бўлади.
Қурбон хайитига тайёргарлик кўриш бўйича бизнинг Хоразм воҳамизда фаолият юритаётган 97 та масжидларимизда ҳамда Зиёратгоҳ ва қабристонларимизда хам ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва масжидларимизда намозхонларимиз учун кенг кўламли шарт-шароитлар яратиб берилди.
Азизлар, яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити байрамини муносиб қаршилаб, байрам кунларида ҳайру эхсонлар билан бир-бирларимизни кўнгилларимизни шод этайлик. Ота оналаримиз, қариндошларимиз ва дўсти ёрларимиз холларидан хабар олиб, байрам совғалари улашайлик.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз элдошлар!

Х.Абдуллаев
ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *