ТИНЧЛИК УЧУН КУРАШМОҚ КЕРАК

Инсон зотига ато қилинган сон саноқсиз неъматлар ичида бир неъмат борки, бошқа неъматлар унингсиз ўз қадрини йўқотади. Бу бебаҳо неъмат тинчликдир. Албатта, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт  юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаш, тинчлик-тотувликни асраш, бағрикенг бўлиш, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида аҳолига, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга англатишимиз лозим. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини тўлиқ тушуниб етсинлар.
Тинчлик ва осойишталикка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фирқаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам Исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид, тажовузкорлик ва зўровонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинган. Ҳадиси шарифда Анас ибн Молик р.а.дан бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан».
Албатта, тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. Бундай шароит киши Аллоҳ таолонинг буйруқларини  мукаммал ва хотиржам адо этишига имкон беради. Шу боис Аллоҳ таоло бандаларини турли келишмовчиликни бартараф этишга, тинчликни сақлашга чақиради: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..» (Ҳужурот, 9).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари суриб, охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар  (Имом Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир неъматнинг тотли бўлиши тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бугун дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган нотинчликлар бизларни юртимизда хукм сураётган тинчликнинг қадрига етишга ундайди. Унинг бардавом бўлишлиги учун жидду жахд билан ҳаракат қилиш юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун ватан олдидаги бурчи ҳисобланади.

Б.Ходжаев
Хива шахар бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *