КАСБ ҲУНАР ВА МЕҲНАТ ҲАЛОЛ РИЗҚ МАНБАИ

Ислом дини тўлиғича поклик асосида қурилгандир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб ва ҳалол йўл билан ризқ топишга ва пок нарсаларни истеъмол қилишга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади:
“Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукур қилинглар, агар У Зотга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.” (Бақара 172).
Инсон ҳаёти фаровон бўлишининг шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Ҳалол касб қилишга тарғиб этиб, кишининг шахсига, оиласига ва жамиятга фойда келтирувчи касб-ҳунар, деҳқончилик билан шуғулланишга, ижодкорлик қилиб, фан-техника соҳасида пешқадам бўлиб, башариятнинг ривожига ҳисса қўшишга чорлайди.
Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдир. Ризқ топишга ҳаракатқилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди.  Ризк тўғрисида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда)нажот топсангиз» (Жумъа,10).
Ризқ талаб қилиш йўлида турли ҳолатларга дучор келинади. Баъзан кўпроқ даромад илинжида ҳаром йўлларни танлашга, бировларнинг ҳақига тажовуз қилишга тўғри келиб қолиши мумкин. Ҳолбуки муқаддас динимиз таълимотларида шаръан ҳаром бўлган эгри йўллар билан дунё орттириш ман этилади.
Ҳаром пул топиш йўлига кирганлар бир муддат мақсадига етиши мумкин, бироқ ундай инсонларга ҳаловат бегона бўлиб қолади. Охиратда қаттиқ азобларга дучор бўлади. Ҳалол меҳнат соҳиблари эса, топганидан барака кўради. Хотиржамликда ҳаёт кечиради.
Ҳомид Лифофий айтади: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда хато қилдик ва уларни бошқа тўрт жойдан топдик:
— бойликни мол-дунёдан изладик, қаноатдан топдик;
— роҳатни мўл-кўлчиликдан изладик, озгина молдан топдик;
— лаззатни неъматдан изладик, саломатликдан топдик;
— ризқни ердан изладик, осмондан топдик”.
Бу илоҳий амр банданинг фойдаси  учундир. Пок нарсаларни еган ва ундан фойдаланган инсон ҳам моддий ва ҳам маънавий соғлом бўлади. Демак, пок нарсаларни яратган ва пок нарсаларни истеъмол қилишга амр қилган Аллоҳга шукр қилиш мўмин банданинг бурчидир.
Шу ўринда улуғ саҳобий ҳазрати Али (р.а) билан бўлиб ўтган ва сўзимизга бевосита дахлдор бўлган бир воқеани эсга олиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ҳазрати Али (р.а) бир куни масжидга кириб кетаётсалар масжид эшиги  олдида бир бола турар эди. Ҳазрати Али болага отларининг юганини бериб, намоз ўқиб чиққунларигача ушлаб туришини сўрадилар. Бола  ҳўп бўлади, дедию, саҳобий масжидга кириб кетишлари билан, бозорга йўл олди ва ўша ерда бир дирҳамга ҳам етмайдиган арзимаган баҳога юганни сотиб юборди. Али (р.а) намоз ўқиб чиқсалар бола йўқ. Тушундиларки,  бола омонатга хиёнат қилган. У киши дарҳол бозорга бордилар. Айланиб юрсалар, ҳудди ўзларига тегишли ўша юган бир дирҳамга сотилаётган эди. Индамасдан уни сотиб олдилар. Кейин шу воқеани дўстларига айтиб бериб: “Мен намоздан чиққандан кейин ҳалиги болага омонатимни ушлаб тургани учун бир дирҳам бермоқчи эдим. Аммо у бу пулни ҳалолдан эмас, ҳаромдан топишни  ихтиёр қилди”, дедилар. Бу сўзларда чуқур маъно ва ҳикматлар яширинган. Инсон ҳалол бўлса, ўйламаган тамонидан барака киради. Аммо ҳаром йўл билан пул топишга уринса, ҳам ризқига ҳаром аралашади, ҳам  гуноҳ орттиради.
Бу ҳаётда ҳар кимнинг ижтимоий ўрни, мавқеи, илмий иқтидори ва ҳаказоларга кўра, ўз ўрни ва майдони бўлади. Ҳар бир шахс ўзининг майдони доирасида масъул ҳисобланади. Оила бошлиғи оиласидан масъул, она фарзандлар тарбияси –парваришидан масъул, табиб назоратидаги бемор ҳолатидан масъул, ўқитувчи талабанинг сабоғидан масьул ва ҳоказо. Лекин ҳамманинг мақсади ўша кичкина масъулият майдони доирасида ўз элига, юртига хизмат, ватанининг сиёсий ва иқтисодий барқарорлиги йўлида саъй-ҳаракат қилишдан  иборат бўлиши керак. Шундай экан, биз, жумладан илм аҳли ҳам Ватанимиз олдидаги ўз мажбуриятларимизни адо қилиш йўлида халқимизнинг маърифатини ошириш, тинчлик ва осойишталик ҳимояси учун куч–ғайратимизни турли муаммолар ечимига йўналтиришимиз, юртимиз озод ва обод ҳолда равнақ топиши учун муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз керак.

О.Рўзметов
Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *