ЭРКАКЛАРГА ХОС КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ

«Аврат» сўзи луғатда «нуқсон», «айб» деган маъноларни билдиради. Шариатда, беркитилиши вожиб ва унга назар солиш ҳаром бўлган жойлар авратдир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:
«Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг» (31-оят).
Яъни «Кийимингизни кийинг, авратингизни тўсинг».
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир. Эркак киши баданидаги ўша аврат жойини тўсадиган кийим кийиши фарздир.
Мусулмон эркакка ипак кийим кийиш ва тилла тақиш ҳаромдир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг Набийси ипакни олиб, ўнг қўллари ила тутдилар, тиллани олиб, чап қўллари ила тутдилар, сўнгра:
«Албатта, мана бу иккиси умматимнинг эркаклари учун ҳаромдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Исломда эркак кишига ипак кийимларни кийиш ман этилгани улкан ҳикмат боисидандир. Ипак юмшоқ ва нозик нарса бўлиб, у билан муомалада бўлган шахсдан юмшоқлик ва нозикликни талаб қилади. Бинобарин, ипак кийим кийишга ўрганган шахс юмшоқ ва нозик бўлиб қолади. Бу эса ҳақиқий эркак кишига мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон эркак доимо турли оғирликларни кўтаришга шай турадиган, нозиклик ва зеб-зийнатни ўзига эп кўрмайдиган забардаст, ҳайбатли кишидир. Шу боисдан ҳам шариат аёлларга хос қилган ва нозиклик ҳамда зеб-зийнат рамзи бўлган ипак мусулмон эркак учун ҳаром қилинган.
Мусулмон эркакларга тилла ва кумушнинг ҳаром қилиниши ҳикмати «овқатланиш одоблари»да айтиб ўтилди.
Мусулмон эркак кумуш узук тақиши жоиз.
Эркак киши битта кумуш узук тақиши мумкинлигига қуйидаги ҳадиси шариф далилдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кумушдан узук тутдилар ва унга «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб нақш қилдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Бу иллатларни юртимизда кенг миқёсда оммалашиб бораётганлигига техника тараққиёти ва оммавий алоқа воситаларини  асосий сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Тўғри бундай тараққиётдан воз кеча олмаймиз, аммо жимгина бу ҳолатни томошабини бўлиб ҳам тура олмаймиз. Бунга қарши курашишда асосан ёши улуғлар, ота-оналар ва устоз ва мураббийлар тирик намуна бўлишлари керак. Лекин жамиятдаги мазкур шахсларнинг ўзларида “оммавий маданият” тушунчасига бепарволик, балки бу ҳам ривожланишнинг ижобий бир кўриниши-да деган фикр билан қарашлари бу дардни янада ривожланишлигига ёрдам беради.
Кўпинча мазкур тарбияга жавобгар бўлган шахслар тарафидан “ҳа энди ёшларда, замонига қараб кийинади-да, ҳозирги ёшлар панду насиҳатга қулоқ солармиди” деган сўзлар билан бу иллатнинг янада газак олдираётганликларини билишармикан. Мазкур ҳолатлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни оёқ ости қилиш ва уларни қолоқликда, эскиликда айблаш эмасми, аслида ўзимизнинг миллий кийимларимиз ҳар тарафлама гўзал ва қулай ҳамда динимиз аҳкомларига мос келади-ку, бу кийимларда эркакларга хос бўлган барча жиҳатлар эътиборга олинган, аёлларда эса уларнинг иффати, ҳаёси, назокат ва латофатини ғаразли назарлардан ҳимоялаган. Қисқаси эркакларга ўзларига хос, аёлларга ҳам ўзларига ҳар тарафлама мос бўлган либослар бизнинг миллий либосларимиздир. Зотан ҳар бир жинс ўзларининг жинсига ҳар тарафлама мувофиқ келадиган кийим киймоқликлари уларнинг маданиятининг кўзгусидир.
Барча соҳалардаги каби кийиниш борасида ҳам ўртачалик ва мўътадиллик мақбулдир. Бу борада ҳаддан ошиб кетмаслик ёки тақво ва парҳезкорликни даъво қилиб ўта хароба ҳолатда кийиниш ҳам тўғри эмас.
Ривоят қилинишича, бир куни саҳобийлар жангдан сўнг дам олиш учун бир дарахт остига тўпланиб, тамадди қилишга киришишди. Уларнинг орасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бор эдилар. Шу пайт туясини боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келиб қолди. У эскириб, тўзиб кетган либосда эди. Пайғамбармиз алайҳиссалом унинг аҳволини кўриб, Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Унинг бошқа кийими йўқми?» деб сўрадилар. У киши: «Тўрвасида яна иккита кийими бор», дедилар. Фахри коинот: «Уларни кийса бўлмайдими?» дедилар. Жобир бояги кишини чақириб, у зотнинг гапларини етказдилар. У дарров кийимларини алмаштириб олди ва нари кетди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мана шуниси яхши эмасми?» дедилар. Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий».
Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган.
Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб» асарида бундай ёзган: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир».
Пайғамбар алайҳиссаломнинг номсиз бармоққа узук таққанлари маълум ва машҳур. Шунинг учун узук тақишни истаган эркак кишилар ушбу суннатга амал қилсалар, яхши бўлади.
Эркаклар аёллар кийимини кийишлари ва уларга ўхшашга уринишлари мумкин эмас.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар». Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.
Эркаклар учун қип-қизил ва сап-сариқ либос кийиш макрухдир. Балки оқ, оч либослар кийиш суннатдир. Аёллар учун эса эътиборни тортадиган либослар кийиш тавсия этилмайди.
Барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эришиш учун шариат аҳкомларига амал қилиш талаб этилганидек, кийиниш борасида ҳам ҳар хил ғоялар, маданиятлар ёки кўр-кўрона тақлидлар, ўзим ҳал қиламан деган тушунчаларни бир четга қўйиб, бизни яратган ва бизга нима яхшию нима ёмон эканлигини, нима фойдаю нима зарар эканлигини яхшироқ билувчи Аллоҳ таолонинг шариатига итоат этиш улкан ютуғимиздир.

Ф.Сейтмматов
Гурлан тумани “Ҳидоят” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *