ДИН НОМИНИ БУЛҒОВЧИЛАР

Маълумки, терроризм ва экстремизм балолари нафақат бугунги кунда, балки у мавжуд бўлган барча замон ва маконларда инсоният ва жамият учун том маънодаги фожиа бўлиб келган.  Бугунги нотинчликлар ҳукм сураётган минтақаларнинг деярли барчасидаги барқарор вазиятни издан чиқарувчи омиллари ҳам мазкур икки нарсадир.
Сўнгги йилларда Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бир гуруҳ “фидойи” бузғунчилар томонидан содир этилган “Араб бахори” номи билан машҳур бўлган амалиётлар натижасида Миср, Ливия, Тунис, Сурия каби давлатларда 100 минглаган инсонлар ҳаётдан кўз юмишди, миллионлаган инсонлар бошпанасидан айрилишди, мазкур мамлакатларда сиёсий, иқтисодий ва ижтимиой жиҳатдан ҳар томонлама кўп йўқотишлар бўлди. Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули (с.а.в.) кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.
Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Бугун муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилишга харакат қилаётган тўдаларнинг мисоли худди қуйида келтириладиган оятдаги кишиларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
“(Эй Муҳаммад) Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «имони»га Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди. Унга «Аллоҳдан қўрққин!» дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга фақат жаҳаннам бас келур. Нақадар мудҳиш жой у!”
Ислом билан террорни бир-биридан ажратиш фурсати етди. Бугунги кунга келиб, юртдошларимиз ҳам уларнинг асл мақсадларини билиб олдилар. Дин нима-ю, дин номидан иш олиб бориш нима эканлигини жуда фарқига бориб етишди. Ҳукумат экстремизм, террорчилик ва ақидапарастликка қарши мавжуд қонунларга амал қилган ҳолда кураш олиб бораётганини кенг афкор омма тушуниб етди.
Дунёвийлик айрим ақидапараст кимсаларнинг даъволаридан фарқли ўлароқ, асло даҳрийлик эмас.

Ф.Бобожонов
Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Иморат бобо”масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *