ШУКРОНАЛИК НЕЪМАТИ

Мустақил диёрда, фаровон, тинч-тотув яшаб юрганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таоло бизга берган буюк неъмат, она Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик тантаналари арафасида турибмиз. Ўтган йиллар мобайнида, барча соҳаларда бўлгани каби, дин ва ибодат масалаларида ҳам эркинлик, яхши шароитлар ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди.
Аллоҳ таолонинг неъматларини катта-кичик демай, ҳаммасини бирдек кўриб, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиб: “Агар шукр қилсангиз, У сизлардан рози бўлур”- деган Зумар сурасининг 7 оятида. Саъид ибн Жубайр р.а.дан ривоят қилинади: Расули Акрам с.а.в. дедилар: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтиб юрувчи кишидир”.
Ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлдик. Мустақилликдан олдин масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага кичикми, каттами бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” –Алҳамдулиллаҳ деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, -деганлар.
Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду шукроналар айтмоғимиз лозимдир. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлиги ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Расулуллоҳ с.а.в. таъкидлаганларидек: “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офатлар сабабидан, яна баъзи жойларда эса кирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда.
Агар биз мустақиллик шарофати билан юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қадриятларимизнинг тикланиши ва эътиқод эркинлиги бўйича эришган ютуқларимизга шукр қилиб, доимо хайрда бўлиб юрсак, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати, мағфирати ва барокотларини юртимиз узра нозил қилаверади.

Э.Қутлиев
Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *