СОХТА САЛАФИЙЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ

                            Барчамизга маълумки диёримизда мустақилликнинг илк кунларидан динимизга катта эътибор берилди. Минглаб масжидлар қайта очилиб, диний таълим берувчи махсус ўнлаб билим  юртлар фаолият кўрсата бошлади. Асосий Қомусимизда ҳам эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти мустаҳкамлаб асослаб қўйилди.

       Афсуски, шундай кенг имкониятларни суистеъмол қилиб, динимиз обрўсини туширадиган ва инсонларни фитнага солиб, ота-боболари минг йиллардан бери эътиқод қилиб келаётган мўътабар мазҳабларимизни рад этиб, ўзларидан бошқаларни ширкда ва куфрда айблайдиган фирқалар чиқмоқда. Бу бемазхабликни даъво қилаётганлар ўзларини “Салафийлармиз” деб атаб гўёки ислом умматининг дастлабки уч асрида яшаб ўтган солиҳ аждодларга эргашаётганликларини айтишади. Аслида салафи солиҳлар кимлар ва бу муборак даврда яшаб ўтган солиҳ зотларга ўзларини гўёки мансубмиз дея жар солаётганлар кимлар?

      “Салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни англатади. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” дейилади. Шунга кўра, улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, айрим ислом уламоларининг асарларида учрайдиган “салаф, салафий, салафия” каби сўзлардан мурод, алоҳида ажралиб чиққан “салафийлик” ҳаракати эмас, балки Ислом тарихининг дастлабки уч асрида, яъни VII-IX асрларда яшаган мусулмонлардир.

       Шайх муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларини “Салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида «Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир» номли асар ҳам ёзганлар.

      Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китобида ушбу оқимга бундай таъриф берилади: “Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва мусулмон мамлакатларида тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда”.

      Сохта “салафийлар”нинг ақидавий қарашлари Ибн Таймиянинг(1263-1328)   мутаассибона ғояларига асослангандир. Ибни Таймиянинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган. Ибни Таймия ҳаётининг охирида адашганлигини тан олиб тавба қилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Лекин унинг хато чиқарган фатволарини бугунги сохта “Салафийлар” ўзларига асос қилиб олмоқдалар.

      Бу оқим аъзолари диний масаланинг ечимини топишда фақат оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга зоҳиран ёндашиб, гўё муаммога жавоб топган бўлади. Уларнинг бу услуби авом халққа осон тушунилгандек, гўё тўғридек туюлади. Шу йўл билан ҳам улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринади.

            Улар нафақат бошқа дин вакиллари, балки шариат аҳкомларини улар наздида тўлиқ бажармаётган мусулмонларга қарши зўравонлик, қўпорувчилик ҳамда босқинчилик ҳатти-ҳаракатларини асослаш ва оқлаш учун «жиҳод» тушунчасидан фойдаланмоқда. Сохта салафийларнинг фикрича, ҳукуматга хизмат қилаётган давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийлар ҳам «динсизлар» тоифасидан ҳисобланади. Бу йўлда улар давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлантириш ҳамда расмий диний уламоларнинг мавқеларини заифлаштириш мақсадида уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача боришмоқда.

       Сохта салафийларнинг аҳли сунна вал жамоадан ажралиб турувчи энг асосий фарқи – Аллоҳнинг зоти ва сифатлари масаласида бўлиб, улар тажсим (Аллоҳга жисм сифатини бериш) ва ташбиҳ (Аллоҳнинг сифатларини маҳлуқотларнинг сифатига ўхшатиш) каби ботил эътиқоддадир. Бy борада улар билан ҳамфикр бўлмаган мусулмонларни куфр ва адашишда айблайди. Ваҳоланки, аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ, Аллоҳ таолога макон, тараф, ҳаракат, жисм сифатини бериш мумкин эмас;

-сохта салафийлар аҳли сунна вал жамоанинг икки ақидавий мазҳаби бўлган мотуридия ва ашъарияга ҳужум қилиб, мазҳаб асосчиларини адашганликда айблайди. Айрим жоҳиллари уларни кофир деб эълон қилишгача боради.

-Тўрт мазҳаб уламолари тасаввуфнинг шариат фанларидан бири бўлган – руҳий тарбия, зуҳд ва тақво фани эканини эътироф этганлар. Аҳли сунна вал жамоа имомларининг кўпчилиги сўфий бўлганини инобатга олсак, сохта салафийларнинг бу даъвоси ҳам асоссиз экани маълум бўлади;

Улар аҳли сунна вал жамоанинг мўътабар тўртта мазҳабини ҳамда эътиқодий мазҳабларимиз бўлган Мотурудий ва Ашъарийни ҳам тан олишмайди ва эргашишмайди. Кейинги пайтларда улар ўзлари яшаётган минтақада кўп тарқалган мазҳабга ўзларини мансубмиз деб айтсаларда зимдан ўз бузуқ эътиқодларини тарғиб қилишга урунмоқдалар. Энг ачинарлиси сохта салафийлар ўзларини машҳур аждодларимизга нисбат бериб Самарқандий, Бухорий дея аташаётганидир.

         Айрим ёшлар ўзлари билиб билмай ўзларини машҳур боболаримизга нисбат бериб атаётган бундай шахсларга эргашиб кетаётганлигидир. Айниқса бундай ҳоллар ижтимоий тармоқларда кўп учраб турганлиги ҳар қандай диёнатли кишини ташвишга солади.

        Бизнинг энг асосий вазифамиз ёшларни бундай сохта салафийлар домига тушиб қолишдан асрашимиз ва бунинг учун эса доим огоҳлик билан бирга буларга қарши тура олишда илмимизни ошириб боришимиз керак бўлади.

Х.Уллиев

Хонқа тумани “Хазрати Хўжа Нуриддин бобо”масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *