ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК ОЛИЙ НЕЪМАТ

 Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъмат­лар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги ҳақида Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир» (Иброҳим, 34).

Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.

Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан«, деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маъ­навий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.

Неъмат­нинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Тинчликнинг қадрини турли ўлкаларда бўлиб турган қўпорувчилик ҳаракатларини, одамларнинг нотинч ҳолатларини кўз ўнгига келтирган одамгина чуқур ҳис кила олади. У ердаги одамлар­нинг кўнглига ибодат қилиш у ёқда турсин ҳатто еб-ичиш ҳам сиғмайди. Бас, шундай экан, ушбу буюк маънавий неъмат­нинг шукрини доим адо этиб турмоғимиз лозим. Инсон берилган бу неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени тотли сув билан қондирмаганмидим…?», деб сўрайди«, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: «Одам боласи қиёмат кунида то беш нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрида нима ишлар қилгани, ёшлик даврини қандай ўтказгани, мо­лини қайси йўл билан топиб, қаерга сарф қилгани ва ниҳоят билганларига қай даражада амал қилгани», деб марҳамат қилганлар. Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.

Ватанни севиш, унинг равнақи тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.

Динимиз кишиларини тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида хамжихатлик ва бирдамлик билан харакат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга бархам беришга, шунингдек, Ватанни севишга, эл-юртга холис хизмат қилишга ҳамда юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида ҳамжиҳат бўлишга даъват этади.

Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир.

И.Отажонов

Ҳазорасп  тумани “Султон Хубби” масжиди имом хатиби 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.