ТОТУВЛИК ЎЗАРО ҲУРМАТДАН БОШЛАНАДИ

Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” (Бақара, 208).  Ислом дини инсоннинг кимлиги, нима учун яратилганлиги, инсоннинг зиммасига қандай вазифалар юклатилганлиги, ҳаётда қандай инсон бўлиб яшаши кераклиги ҳақида тавсиялар ва кўрсатмалар беради. Бизларга ато этилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда Пайғамбарларнинг отаси бўлган Иброҳим (а.с.) башариятга ўрнак бўлганлар. Қуръони каримда Иброҳим (а.с.)нинг ватанлари Макка шаҳрига тинчлик ва тотувлик, унинг аҳлига ризқ сўраганликлари сўзимизнинг ёрқин мисолидир“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара, 126).  Ўша вақтдаги тарихга назар ташласангиз Макка тинч  шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, бу тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканлигига далолатдир. Инсон ким бўлишидан, қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нозу неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши, Яратганнинг, Ватанининг, жамияти ва оиласи олдидаги шарафли бурчидир.

Шунингдек, ёш авлодларимизга ислом маданиятининг тинчлик-хотиржамлик, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш каби эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билиб, ушбулар асосида фаолият олиб боришимиз лозим бўлади. Бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва ҳурматсизлик каби ёмон хулқлардан динимиз қатъий қайтариб, у каби иллатларга тушмасликка тарғиб этган.

Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз бизларга ато этилган улуғ неъматлар қатори тинчлик ва тотувликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қиладилар, ёшлар эса, кексаларга ва бир-бирларига ўзаро ҳурмат бажо келтириб, ўзларининг ҳалол ва фидокорона меҳнатлари билан юртимиз тараққиётини ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлайдилар. Шу билан бу улуғ неъматларнинг шукрини адо этган бўламиз, давримиз талабини ва муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларини амалга оширган бўламиз.

К.Илясов

Боғот тумани “Исмоил Шайх бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *