ҲАНАФИЙЛИК – ИСЛОМДАГИ ЭНГ МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ

Жаҳон динлари тарихий тараққиёти тажрибасидан маълумки, улар ривожининг муайян бир босқичида турли йўналиш ва оқимларга бўлинган. Шунингдек, Ислом динида ҳам иккита йўналиш: суннийлик (аҳли сунна вал-жамоа-суннат ва жамоат аҳли) ва шиалик шаклланган. Бу йўналишларнинг ҳар бирида турли масалалар бўйича, турли қарашларга эга бўлган мазҳаблар келиб чиққан. Мазҳаб сўзи арабча «оқим, йўл, таълимот, йўналиш» ёки бирор диний масала бўйича маълум бир олим-уламолар йўналишидан бориш мазмунини англатади. Илк исломда мазҳаб тушунчаси асосан фикхий (ҳуқуқий) мактабларга нисбатан қўлланилган ва ҳозир ҳам шундай тушунмоқ лозим.

Исломнинг суннийлик йўналиши «Аҳли сунна вал-жамоа» деб аталиб, ундан 4 та фиқхий, яъни ислом қонунчилигини ўзида акс эттирган мазҳаблар мавжуддир. Улар ҳанафийлик, моликийлик, шофийлик ва ҳанбалийлик мазҳабларидир.  Суннийликнинг Ханафийлик мазҳаби исломга эътиқод қилувчи мамлакатларда, ислом қонунчилиги сифатида жуда кенг тарқалган. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Ўзбекистон мусулмонлари ҳам шу мазҳаб асосида шариат қонунларига суянади. Ханафийлик мазҳабини асосчиси Имом Аъзам Абу Ханифа (699-767) дир. Суннийлик ҳуқуқшунослигида Имом Аъзам мактаби ҳадисларга таянганлиги учун «Аҳл ал-Хадис» номини олади. Умумий тарзда Абу Ханифанинг ҳуқуқий назарияси «Раъй» тушунчаси орқали шахс эркинлигини ҳурматлаган, шариат масалаларида мустақил фикр юритишга рухсат беради ва шу хусусияти билан бошқа ислом ҳуқуқшуносларидан фарқ қилади. Шу мазҳаб, биринчи бўлиб, савдо ва иқтисодий соҳалардаги битимларга оид қоидаларни ишлаб чиққан. Шахсий ҳуқуқ доирасида балоғат ёшига етган инсон мустақил бўлиб, ўз мулки билан ўзи ҳоҳлаган нарсани қилиши мумкин. Имом Аъзам Абу Ханифанинг шогирдлари бу мазҳабни жамиятнинг турли соҳаларига тадбиқ қилганлар. Масалан, Шайх Абу Юсуф қатор асарларида солиқлар тўлаш, меросхўрлик, номоз, таҳорат, жаноза, закот, рўза, ҳаж, савдо, мерос, никоҳ, ҳуқуқбузарлик каби кўплаб ҳаётий масалаларда фуқаро кодексининг асосини ташкил этиб, ҳуқуқий ислоҳотларнинг узвий қисмини ташкил этган.

Ханафийлик ислом давлатларида энг кенг тарқалган мазҳаб бўлиб, Аббосийлар даврида Абу Юсуф эгаллаган мақом «Қозилар қозиси» мартабаси туфайли бу мазҳаб бошқалар олдида устувор, энг мўътадилликка эришади. Болқон ярим оролида Кавказ, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Марказий Осиё Республикалари, жумладан, Ўзбекистонда, Хитойда ҳам устувор мазҳаб ҳисобланади. Демак, ханафий мазҳаби мусулмонлар дунёсининг деярли ярмига ёйилган.

 Ислом тарихида мусулмонлар орасида баҳсли масалалар шариатга биноан маҳкама қозиси томонидан ҳал этилган.  Умумлаштириб айтганда, илмда мазҳабимиз Қуръони карим, амалда мазҳабимиз Имоми Аъзам, эътиқодда мазҳабимиз аҳли суннат ва жамоатдалигини билдиради.

Ўзбек халқи суннийликнинг мўътадил мазҳаби ҳанафийликнинг бағрикенглиги билан сиёсий-иқтисодий ва илмий – маданий ҳамда маънавий юксалишга қулай шароитлар яратиб келган. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Ханафийликнинг бошқа мазҳаблардан фарқ қилиб турувчи асосий фазилати, унинг мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир.

Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англаётган, анъанавий қадриятларимизни қайта тиклаётган ҳозирги вақтда ғурур билан бемалол айтишимиз мумкинки, ота-боболаримиз дини, имони, эътиқоди, виждони бўлиб келган ислом динимиз ўзига хос ўзбекона урф-одатлар билан ўйғунлашиб кетгандир.

 

Э.Қутлиев

Хонқа  тумани “Жирмиз ота”масжиди  имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *