ЖИҲОД ТЎҒРИСИДА ТУШУНЧА ХОСИЛ ҚИЛАЙЛИК

 Бугунги кунда “Жиҳод” сўзи адашган тоифалар, гуруҳлар, қонxўрлар ва қотилларнинг махфий қуролларидан бирига айланиб қолган атама ҳисобланади.

“Жиҳод” сўзининг ҳақиқий маънолари билан танишиб чиқадиган бўлсак, “Жиҳод” сўзи мутлақо ижобий маъно, мутлақо муқаддас бир туйғу, балки ҳар бир мўмин-мусулмон мана шундай ишларга нафақат тайёр туриши, балки керак бўлса, ўзининг ҳиссасини қўшиши кeраклигини тушуниб етамиз. Масалан, “жиҳод” сўзини араб тилидан ўзбeк тилига таржима қиладиган бўлсак, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бeрмоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “мeҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатади. Лeкин, бу маъноларнинг ичида бирор бир жойда “уруш қилиш”, “ўлдириш”, “қотиллик қилиш”, “қон тўкиш”, “босиб олиш”, “зўравонлик қилиш” дeган маъно йўқ.

У  шариат ва ислом ҳуқуқида асосан икки хил маънода ишлатилади: 1.Аллоҳ йўлида, ислом динини ёйиш мақсадида бутун куч ва имкониятларни сарф қилиш ва баъзида муайян шартлар бўлгандагина ҳарбий куч ишлатиш; Бу маъно фақат Пайғамбаримизга (с.а.в) таалуқли бўлган. 2. Ахлоқий-тарбиявий моҳиятга эга бўлиб, нафс ва шайтонга қарши кураш, яъни нафсни тарбиялаб уни тубанликдан қайтариш, олий инсоний фазилатларни унга сингдириб ҳақиқий инсоний юксаклик даражасига кўтариш учун жиҳод қилиш;

Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат килаётган ўсмир мужтахид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмокда деса бўлади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».

Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳу соллаллоху алайхи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллох таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», дейилган.

Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) Исломни ёйиш билан боғлиқ фаолиятларини тарихий ва ишончли манбалар асосида таҳлил қилган таниқли арабшунос олим Руқайя Мақсуд шундай дейди:

 «Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) даврларида амалга оширилган «жиҳод» ҳеч қачон миллатчилик, салтанатга эга бўлиш ёки бошқа ҳудудни босиб олиш мақсадида амалга оширилмаган.

«Жиҳод» доимо фақат мудофааланиш вазифасини ўтаган, душман томонидан ярашиш тўғрисидаги таклиф билдирилганда эса дарров тўхтатилган».

Саудия Арабистони муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад мазкур мавзу юзасидан шундай дейди: «Жиҳод қилишга буюриш, фақатгина валиюл амр (давлат раҳбари) ваколатига хосдир. Бу нарса аҳли сунна ва жамоа уламолари наздида тўғри деб топилган. Валиюл амр (давлат раҳбари) изнисиз жиҳодга чиқиш шариат қоидаларига зид бўлиб, гуноҳи кабиралардан (Катта гуноҳлардан) бири ҳисобланади».

Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳадиси муборакларида:

яъни:“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир- деганлар.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *