УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ

Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
.. Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”(Мужодаласураси, 11-оят).
Пайғамбаримиз алайҳи солмту васаллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар.
“Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизийривояти).
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳу ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли».
Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш,  яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир.
Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки динимиз исломда илмлар диний¬ дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Устозларнинг меҳнатини, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибнУмарал¬-Ҳазрамий ўзининг “Уқудул ла алфи асани диррижал” номли китобида шундай дейдилар: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади.
Биз устозларни ҳурмат қилишни ўтган буюк аждодларимиздан ўргансак бўлади. Улар устозларини ҳурмат қилиб, улуғ мақомларга эришганлар.
Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар.
Хулоса қиладиган бўлсак устоз ва мураббийларни эҳтиром қилиш орқали илм толиби ва шогирдлар илмда ва касбу ҳунарда юқори мартабаларга эришадилар ва илмни ва касбнинг баракасига сазовор бўладилар.

К.Илясов
Боғот тумани “Исмоил шайх бобо”Масжиди
имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *