АҚЛНИНГ ОФАТИ ЁҲУД ҲАЛОКАТНИНГ ИККИ САБАБИ

       Инсонларда учрайдиган ёмон сифатлар саналганда ужб ва кибр ёнма-ён зикр қилинади. Чунки уларнинг маънолари бир-бирига жуда яқиндир. “Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “шуҳ­рат­парастлик”, “манманлик”, “мағрур­лик” ва “мақтанчоқлик” маъноларини англатади. “Ужб” сўзи ана шундай маъноларга далолат қилганидан уламолар уни турлича таърифлашган. Роғиб Исфаҳоний (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ужб – инсон ҳақли бўлмаган даражага ўзини ҳақлиман деб ўйлашидир”, дейди. Ибн Абдуссалом (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унутиши ва уларга ўзим эришганман деб хурсанд бўлиши ужбдир”, деб айтган.    Кибр ҳам ужбдан юзага келади. Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида ужб ёмонлаб зикр қилинган. Ҳунайн кунида мусулмонларнинг мағлубиятига ужб сабаб бўлган. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади: «Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба, 25). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса ҳалок қилувчидир: бахиллик, ҳавои нафс ва кишининг ўзи билан фахрланиши”, деганлар (Баззор ривояти).

    Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ҳалокат икки нарсада: ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деган. Чунки умидини узган одам ҳаракат қилмайди. Ўзидан фахр­ланган одам мақсадга эришиб бўлдим, деб ўйлайди ва ҳаракат қилмайди. Шунинг учун ҳам Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бу икки сифатни ҳалокат сабабчилари деб ҳисобламоқда.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Ўзидан фахрланиш хатодир ва ақлнинг офатидир”, деган. Уламолар ужбнинг белгилари ва унинг олдини олиш йўлларини баён этишган:

– инсон ўз хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Бу Аллоҳ берган неъмат эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолиши мумкинлигини унутади. Бунинг олдини олиш учун, инсон аввалда нимадан яратилгану, оқибатда яна нимага қайтишини мулоҳаза қилиши лозим;

– киши ўзига берилган куч-қувват, унга шукр қилишни унутиб, уни ато этган улуғ Зотга таваккул қилмай қўяди. Аллоҳ ҳақиқий куч-қувват эгаси эканини билиб, шукр қилиш, куч-қуввати йўқолиб, энг заиф бандага айланиб қолиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак;

– кўпчилик ақл фақат менда бор, деб ўйлаб қолади. Бу неъмат ундан олиб қўйилиши ҳам мумкинлигини унутмаслиги даркор;

– баъзилар насаби билан фахрланади. Насаб бирор савоб келтирмайди ёки бирор азобни даф қилмайди. Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли инсон тақводор мўминдир;

– айримлар фарзандлари, қариндошлари ва ўзига тобе кишиларнинг кўплигига ишониб, Аллоҳга суянишни ва Унга таваккул қилишни унутиб қўйишади. Банда ҳақиқий кўмак Аллоҳ таолодан эканини унутмаслиги керак;

– кимлардир мол-дунёсига суяниб қолади. Аслида ҳар ким мол-дунё бир фитна эканини билиши лозим. Кўпинча инсонда ужб­нинг пайдо бўлишига атроф­даги маддоҳларнинг мақтов­лари ва олқишлари ҳам сабаб бўлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади. Пай­ғам­баримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳузур­­ларида бир киши бош­қа бир кишини мақтади. Шунда Пайғамбаримиз: “Ҳолинг­га вой бўлсин, биродарингнинг бўйнини синдирдинг”, деб бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг:“Сизлардан бирингиз бошқани (чорасиз) мақташга тўғри келиб қолса, “Мен уни шундай деб ўйлайман. Аллоҳнинг Ўзи кифоя”, десин”, дедилар.  Имом Ғаззолий (раҳ­матул­лоҳи алайҳ) ужбнинг зарарли оқибат­ларидан огоҳ­­лантириб: “Ужб гуноҳ­­ларни унутиб, уларга бе­парво бўлиб қолишга сабаб бўлади. Унинг соҳиби қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб, фахрланиб қолади. Ҳатто бу ибодатларни қилаётганидан Аллоҳга миннат қилишгача боради…”, дейди. Ужб ҳалокатга олиб борувчи иллат.Қалбимизни, наф­симизни зикр, Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ила сайқаллаб, ҳалокатга олиб борувчи барча иллатлардан сақланайлик.

 

Х.Матяқубов

Хонка туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *